Линклар

Тошкент вилоятидаги сабзавот етиштиришга ихтисослашган иссиқхоналардан иккитасининг эгаси Озодлик билан бир-биридан мустақил равишда боғланиб, кейинги икки ҳафта ичида улар етиштирган маҳсулотнинг бозори касодга учраганидан, нархлар 15 кун олдингига қараганда қарийб 3 марта арзонлаб кетганидан шикоят қилди.

Фермерларга кўра, уларнинг зарар кўраётганига сабаб ҳукуматнинг мева-сабзавот экспортини тақиқлаб қўйганидир.


Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси расмийларига кўра, мева-сабзавот экспорти ички бозорни ўрганиш учун вақтинча тўхтатилган.

Баъзи нашрлар эса, бундан 10 кун муқаддам экспорт тақиғи тўғрисида хабар берар экан, бу чора мева-сабзавот экспортидан мўмай даромад кўраётган монополистлар манфаати учун қўлланилгани тўғрисида ёзган эди.

Баъзи фермерлар иссиқхонасидаги помидор кўчатларини юлиб ташламоқда

Иссиқхонасида помидор ва бодринг етиштирадиган, ўзи ва бизнеси хавфсизлигини ўйлаб, исмини айтмаслигимизни сўраган хасанбойлик (Тошкент вилояти) фермер мана бундай деди:

- Йўллар ёпилганига 15 кун бўлди. Помидор, бодрингни ташқарига чиқаришга рухсат йўқ. Сабабини ҳеч ким айтмаяпти. Теплицани ишлатиш учун ҳаражатларимиз кўп. Сотаётганимиз нархлар ярминиям қопламайди. Помидор, масалан, бозорда 1500 сўмга тушиб кетди, бир кило помидор етиштириш эса, камида 2000 сўмдан қимматга тушади. 15 кун олдин уйимдан килосини 5000 дан олиб кетишарди. Ҳозир ўзим бозорга олиб бориб 1500 мингдан сота олмаяпман. Тунов куни помидор тузловчилардан биттаси келиб, хом помидорнинг килосига 800 сўмдан бераман, деди. Аччиғимдан уни ҳайдаб юбордим, деди хасанбойлик фермер.

Худди шундай гап ва эшитганингиздай рақамларни янгийўллик фермер йигитдан ҳам эшитдик. Унинг айтишича, баъзи теплицачилар помидор кўчатлари ва бодринг палакларини шу кунда юлиб ташламоқда.

Янгийўл бозори 1500 сўмдан арзонгаям помидор олиш мумкин

Мутахассисларга кўра, қиш мавсумида Тошкент бозорларида сотиладиган помидор ва бодрингнинг каттагина қисми Янгийўл туманидаги иссиқхоналарда етиштирилади.

Туман марказидаги бозор вакили айтган нархлар Озодликка арз қилган фермерлар айтган нархлар билан бир хил бўлиб чиқди:

- Помидор ҳозир бизда арзонроқ – 1500 дан 2000 гача (килоси). Бодринг ҳам 1500 дан 2000 гача. Булар энг сифатлиси. Иккинчи, учинчи сортлари янаям арзон. Октябрь охиридаги совуқ очиқдаги помидорни уриб кетди. Бўлмаса, янаям арзон, 1000 – 1200 сўм эди, деди Янгийўлдаги бозор вакили.

Озодликка арз қилган фермерларнинг фикрича, иссиқхона маҳсулотлари нархлари экспорт тақиқланган бугунги шароитда янаям тушиб кетиши мумкин эди. Лекин шу кундаги нархлар ўзининг критик қуйи нуқтасига тушганки, бундан арзон нархга сотишнинг мутлақо маъно-мантиғи йўқ.

Қўшниларда нархлар икки бараварга кўтарилиб кетди

Нарх-навонинг пастлагани, харидор учун. албатта, яхши. Лекин фермер ўз маҳсулоти учун олган пул унинг ҳосил етиштиришга сарфлаган ҳаражатини қопламаса, бундай арзончиликнинг эртаси бўладими?

Мутахассислар фикрича, нархлар арзон эмас, барқарор ва прогноз қилиш мумкин бўладиган бўлиши лозим. Маҳсулотни ташқи бозорга чиқариш ўша барқарорликни таъминлаш чораларидан биридир.

Жанубий Қозоғистон вилояти Тошкент вилоятида етиштириладиган маҳсулотнинг энг яқин бозоридир. Экспорт тақиқланганидан бери бу бозордаги нархлар қимматлаб кетди.
О
- Бизда мева-сабзавот кейинги кунларда икки бараварга қимматлаб кетди, деди Жанубий Қозоғистон вилояти Божхона департаменти вакили. Чегарадан мева-сабзавот ўтмай қолганини қозоғистонлик божгир “бу бизга боғлиқ эмас”, деб шарҳлашдан бош тортди.

Ўзбек божгирлари нима деди?

Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси масъул ходими вазият юзасидан саволимизга жавоб берар экан, “у ёки бу маҳсулотни чиқариш-чиқармаслик масаласини биз ҳал қилмаймиз, бизга Вазирлар Маҳкамасидан протокол келади ва ўша ҳужжатда нимага рухсат берилгани, нимага рухсат берилмагани кўрсатилади, биз бажарувчимиз, холос”, деди.

Янгийўлдаги “Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимининг жавоби конкретроқ бўлди:

- Протоколда нарх-наво ўзгараяпти. Яъни ҳар ойда ички бозордаги нархлар ўрганилади. Ички истеъмол бозорида талаб катта бўлса, нарх кўтарилади. Ўз бозоримиздан ортганини ташқарига чиқарамиз. Бизга Вазирлар Маҳкамаси протоколи келганидан кейин маҳсулотни чиқарамиз, деди “Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходими.

Ҳукумат протоколи қачон келишини, яъни мева-сабзавот экспортига қачон рухсат берилишини ходим айта олмади.

10 кун олдинги гап

Таҳририяти Ўзбекистонда жойлашган "Узметроном" сайти ўзининг мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига таяниб, “11 ноябрдан бошлаб Тошкент вилояти Янгийўл шаҳридан яқин ҳориж давлатларига жўнатиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жўнатиш тақиқлаб қўйилгани” тўғрисида хабар қилган эди.

Нашр соҳанинг икир-чикирларидан хабардор манбаларига таяниб, мева-сабзавот экспортини юқори лавозимли давлат амалдорлари назорат қилиб келаётганини, бу иш билан шуғулланувчи кичикроқ ўйинчилар ўша амалдорлар чизган чизиқдагина юра олишлари тўғрисида ёзган эди.

11 ноябрь куни жорий этилган тақиқ тўғрисида хабар қилар экан, “Ўзметроном” бу чора мева-сабзавот экспортидан мўмай даромад кўраётган монополистлар манфаати учун қўлланилгани тўғрисида ёзди.

Янгийўллик парникчи фермерлар ўтган йили ҳам куйиб қолган эди

Газ ва электр таъминотидаги чекловлар боис мамлакатдаги аксар иссиқхоналар 2011 йилнингг октябр ойидан бошлаб 3 ой ишламагани, оқибатда мамлакат бозорларида мева-сабзавот нархлари кўтарилиб кетгани тўғрисида Озодлик 2012 йилнинг январида хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG