Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:46

Автоҳалокатга учраган хонанда Кумуш Раззоқованинг саломатлиги кўнгилдагидек эмас


Солиқ мансабдори Тошкент халқаро аэропорти қўриқчисини калтаклади. Наманганда икки фуқаро газдан заҳарланиб нобуд бўлди. “Афросиёб” тезюрар поездини тошбўрон қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Тезюрар поездни тошбўрон қилиш ҳолатлари кўпаймоқда”

Тошкент-Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган “Афросиёб” тезюрар поездига тош ва бошқа жисмлар отиш ҳолатлари кўпаймоқда, бу эса поездлар қатновига хавф туғдирмоқда (“Адолат кўзгуси”, 21 ноябр).

Транспортдаги ички ишлар бошқармаси бошлиғи Рамзиддин Ғаффоровга кўра, темир йўл атрофидаги панжаралар синдирилиб, ҳудудга чорва моллари олиб кирилмоқда, айрим фуқаролар йўл бўйига чорва учун бино қуриб олмоқда. Транспорт хавфсизлиги расмийси 333 километрлик Тошкент-Самарқанд йўл участкасида тартибни сақлаш зарурлиги, қонунбузарларга кескин чоралар кўрилаётганини таъкидлаган.

“Хонанда Кумуш Раззоқованинг авариядан кейин ўзига келиши қийин кечяпти”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда Кумуш Раззоқова автоҳалокатдан кейин саломатлигини тиклаши оғир кечаётганини айтди (“Даракчи”, 21 ноябр). “Мен учун энг сўнгги унутлмас воқеа бу автоҳалокатга учраганим бўлди. Ўша мудҳиш воқеанинг маълум сониялари тез-тез кўз олдимдан ўтади. Оёқда туриш жараёни ҳам қийин кечди. Чунки икки ой юролмай қолдим. Бу ҳам жисмоний, ҳам руҳий азоб берарди. Аёл кишиман ахир! ...Шунинг учун кўчага кам чиқяпман. Айни кунларда энг катта орзум тезроқ оёққа туриш” деган Кумуш Раззоқова.

Ижодидаги танаффусни изоҳларкан, хонанда қўшиқ учун мавзу танлашда қийналаётгани, янги қўшиқлари аввалгидек чиқмаслигидан хавотирда эканини билдирган.

“Солиқ мансабдори аэропорт қўриқчисини калтаклади”

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани солиқ инспекцияси мансабдори Тошкент халқаро аэропорти қўриқчисини калтаклади (“Ҳуқуқ”, 21 ноябр). Жабрланувчи қўриқчи ва муштумзўр солиқчининг исм-шарифи ҳамда воқеа юз берган сана маълум қилинмаган.

Қайд этилишича, солиқ расмийси маст ҳолда аэропортнинг кириш-чиқиш назорат пунктидан ўтаётганда, қўриқчи ундан ҳужжат талаб қилган. Кайфи тароқ солиқ мансабдори эса кутилмаганда унга мушт туширган. Маълум қилинишича, айбдор қилмишига яраша жазоланган.

“Осиёнинг бошқа давлатларида рад этилган тамаки бизнеси Ўзбекистонда гуллаб яшнамоқда”

Ўзбекистондаги жамоат жойлари, қаҳвахона ва ресторанларда чекиш тақиқланганига қарамай, мазкур қонунчилик талаби ижро этилмаяпти (“Новый век”, 21 ноябр).

Газетага кўра, 2005 йилнинг 7 февралида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг тамакига қарши кураш бўйича конвенцияси кучга кирган, уни тасдиқлаган давлатлар 170 га яқинлашиб қолган.

“Аммо ЖССТ конвенциясининг бизга алоқаси йўқ шекилли. Афсуски, биз ўз тамаки саноатимизни йўлга қўйганмиз, Бритиш-Американ-Табако каби иттифоқчимиз бор. Осиё ва Африканинг ривожланаётган давлатлари ўз ҳудудида мазкур ширкат фаолият юритишини рад этганди. Бизнинг ўлкада эса мана ўн йилки, ширкат гуллаб яшнамоқда. Ўзининг номдор маҳсулотини қўли қўлига тегмай пулламоқда” деб ёзади муаллиф Х.Шокирова.

“Наманганда икки фуқаро газдан заҳарланиб ўлди”

Сўнгги икки ойда Наманганда газдан заҳарланиб икки нафар фуқаро вафот этди, яна бир қанчаси тан жароҳати олди (“Диёнат”, 21 ноябр).

22 октябр куни Тўрақўрғон тумани Бураматут қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган Ирода Абдуллаева уйидаги ҳаммомга ўрнатилган пропан газ баллонидан сизиб чиққан газдан заҳарланиб вафот этган.

15 сентябр куни эса Уйчи тумани Ўнҳаят қишлоғида яшовчи 1982 йилда туғилган Қундусхон Мамадалиева газ баллонидан чиққан ёнғиндан жароҳатланган, 3 ёшли ўғли нобуд бўлган.

17 октябр куни Наманган шаҳри Кўзгу кўчасида Рустам Раҳмонов уйида газ баллонидан чиққан ёнғин натижасида хонадон эгаси ва унинг уч нафар фарзанди оғир жароҳатланган.

“Жиззах ва Хоразмда почта хизматида кечикишлар рўй бермоқда”

Жиззах ва Хоразм вилоятида “Почта алоқаси тўғрисида”ги қонун ижроси ўрганилганда, ютуқлар билан биргаликда қатор камчиликлар аниқланди (“ХХI аср”, 21 ноябр).

Ҳар икки вилоятда хат-хабарлар, расмий ёзишмалар ва босма нашрларни етказишда кечикишлар рўй беряпти. Алоқа тармоқлари ва алмашув пунктлари, масалан, “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятининг Жиззах филиали Янгиқишлоқ, Ўсмат ва Зарбдор сингари алоқа тармоқлари почта жўнатмаларини белгиланган манзилга етказиш бўйича тартибга амал қилмаётир.

Ушбу масалани муҳокама қилган Ўзбекистон либерал-демократик партияси почта тизимига инновацион технологияларни жорий қилишни таклиф этган.

“Архив ходимаси пенсионердан 200 минг сўм пора олаётганда қўлга олинди”

Намангандаги архив идораси ходимаси Зарина Аҳмедова пенсионердан 200 минг сўм пора олаётганда қўлга олинган. “Даракчи” нашрининг ёзишича, архив ходимаси 18 йил иш стажига эга аёлнинг иш стажини 10 йил дея пасайтириб ёзган ва ишлаган даври ҳақидаги маълумотни тўғри ёзиб бериш эвазига ундан пора талаб қилган.

Пенсионер бу ҳақда ҳуқуқ идорасига маълум қилган. Архив ходимаси 200 минг сўм пора олаётганда қўлга тушган.

“Ўзбекистон 2015 йилги Осиё чемпионатига муддатдан олдин чиқди”

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йил Австралияда ўтадиган Осиё чемпионатига чиқиш имкониятини муддатдан олдан қўлга киритди (“Ўзбекистон овози”, 20 ноябр).

Саралаш босқичида Е гуруҳида қатнашаётган Ўзбекистон футболчилар сўнгги икки ўйинни меҳмонда ўтказиб, Вьетнам (0:3) ва Гонконг (0:2) терма жамоаларини мағлубиятга учратди. Айни пайтда Ўзбекистон 10 очко билан гуруҳда иккинчи ўринда турибди. Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси эса беш ўйинда 15 очко йиғиб гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси саралаш босқичидаги сўнгги учрашувни 2014 йил 5 март куни Тошкентда БААга қарши ўтказади. Мазкур ўйин натижасидан қатъи назар, Ўзбекистон футболчилари Осиё чемпионатига боради.
XS
SM
MD
LG