Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:43

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги касалхоналардаги койкалар сонини камайтирмоқда


Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида беморлар учун давлат бюджети ҳисобидан таъминланадиган койкалар сонининг камайиши билан боғлиқ вазиятни Озодликнинг Қурултой дастурида муҳокама қилдик.



Ўзбекистонлик врач Суҳроб Вафоевнинг Озодликка айтишича¸ 2012-2015 йиллар учун мўлжалланган ўрин-жой фондини оптималлаштириш графиги Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг “Тиббий муассасалалар моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш ва фаолияти ташкиллаштирилишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра амалга оширилмоқда:

- Бу тадбир давлат бюджетини енгиллаштириш учун амалга оширилмоқда. Умуман беморларни койкага ëтқизмасдан даволаш Европа тиббиëтида истиқболли ва самарали деб қаралади. Лекин Ўзбекистон шароитида бу ўзининг етарли самарасини бермаяпти, деб айта оламан. Касалларни койкасиз даволаëтган Европа клиникларинининг замонавий жиҳозлар ва малакали тиббий ходимлар билан таъминланганини кўрамиз. Ўзбекистонда эса тиббиëт масканлари аҳволи ва ундаги ходимлар малакаси энг юқори даражада эмаслигини кўрамиз. Бунинг устига ўзбек тиббиëти койкада ëтқизиб даволашга асосланган совет тиббиëтининг давомидир. Бу соҳада комплекс ислоҳот ўтказилмас экан, самара оз бўлиб қолаверади,- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат тиббиёт муассасаларида беморлар учун давлат бюджети ҳисобидан таъминланадиган 109 179та ўрин-жойдан 17 949 таси 2015 йилга қадар қисқаришини маълум қилди.

Uzbekistan Today нашрида эълон қилинган бу маълумотни Озодлик мухбири Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан тасдиқлади. Айни маълумотни тасдиқлаган вазирлик мулозими тафсилотларни гапирмади.

Суҳроб Вафоевнинг Озодликка айтишича¸ қисқартиришлар 2012 йилдаëқ бошланган:

- Койкаларнинг давлат ҳисобидан бўлган сарф-харажати қисқартирилмоқда. Беморнинг дори-дармони, беморга қилинадиган муолажалар, озиқ-овқати ва ҳоказолар билан боғлиқ харажатларни давлат бюджети зиммасидан олиб беморнинг зиммасига юклаш жараëни кетмоқда¸- деб таъкидлаган суҳбатдошимизнинг айтишича, қисқартирилаётган бюджет ўрин-жойлари ўрнига, хўжалик ҳисобига ўтказилган ўрин-жойларни кўпайтириш кўзда тутилган.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган режага кўра, қисқартириладиган ўрин-жойларнинг аксар қисми шаҳар ва туманлардаги муассасалар ҳиссасига тўғри келади.

Расмий маълумотларда қисқартириш режаси энг кам таъсир қиладиган муассасалар республика аҳамиятидаги стационарлар бўлиши айтилган.

Расмий хабарда бюджет ўрин-жойларни оптималлаштириш, яъни қисқартириш хусусий секторнинг ривожланишига ҳам ҳисса қўшиши айтилади.

Ўзбекистонда бугун кўплаб хусусий стационар клиникалар мавжуд. Бу муассасаларда даволанганларнинг айтишларича, кўрсатиладиган хизматлар сифати одатда яхши бўлади.

Бироқ ўртача ўзбекистонлик чўнтагига хусусий клиника нархлари оғирлик қилмайдими?

Бу ва тиббиëт ислоҳоти билан боғлиқ бошқа муаммоларни Озодликнинг “Қурултой” дастурида муҳокама қиламиз.

XS
SM
MD
LG