Линклар

logo-print

Женевада беш кун давом этган музокаралар ортидан жаҳоннинг олти қудратли давлати ҳамда Эрон вакиллари ядровий масалада келишувга эришдилар. Расмий Теҳрон халқаро санкцияларнинг енгиллатилиши эвазига қатор шартлар, жумладан, уранни 5 фоиздан ортиқ тўйинтирмасликка рози бўлди.


Европа Иттифоқи Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Женевада Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ музокараларда муҳим қадам қўйилганини таъкидлади.

Эштон хонимга кўра, Эрон ўз ядровий иншоотларида уранни тўйинтириш учун янги центрифугаларни ўрнатишдан воз кечиш, уранни 5 фоиздан ортиқ тўйинтирмаслик, оғир сувда ишлайдиган ядро реактори қурилишини тўхтатиб туриш ҳамда ўз ядровий объектларига халқаро инспекторларни қўйишга рози бўлган.

Бунинг эвазига қудратли давлатлар Эронга нисбатан санкциялар юмшатилишини ваъда қилганлар.

Бу ерда гап Эроннинг хорижий давлатлардаги 6-7 миллиард долларлик активларининг музлатилиши билан боғлиқ санкциялар ҳақида кетмоқда.

- Эрон қатор қўшимча чораларга рози бўлди. Эроннинг ядровий дастурини назорат қилиш учун имконлар кенгаймоқда ва аминмизки, Эрон Ядро энергияси бўйича халқаро агентлик билан бу борада ҳамкорлик қилади, - деди Кэтрин Эштон.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам мазкур келишув жаҳон ҳамжамиятини хавотирга солиб келаётган Эрон ядровий дастурининг барча жиҳатлари бўйича келгуси музокаралар учун дастлабки ва муҳим қадам бўлди, деб таъкидлади.

- Дипломатия хавфсизроқ дунё учун йўл очди. Агар Эрон келаси олти ой ичида олган мажбуриятларини бажармаса, санкциялар яна кучга киради, - деди АҚШ президенти Барак Обама.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Женевадаги келишувни олқишлади. Мамлакат телевидениеси орқали чиқишида жаноб Руҳоний эришилган битим шартларини бажариш бўйича ишга дарҳол киришилишини таъкидлади.

Ғарб давлатлари Эрон ядровий қурол яратаётгани борасида хавотир билдириб келади. Расмий Теҳрон эса ўз ядровий тинч мақсадларни кўзлашини иддао қилади.

Ўз чиқишида Ҳасан Руҳоний Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқариш нияти йўқлигига яна бир бор урғу берди.

Аввалроқ Эрон Олий Руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўз мамлакати ядровий ҳуқуқидан асло чекинмаяжаги ҳақида баёнот берган эди.

Европа Иттифоқининг бир қатор етакчилари Женевадаги келишувни олқишлади. Фақат Исроил бу юзадан ташвиш билдирди.

– Исроил ёлғонга асосланган келишувга қўшила олмайди, - дея баёнот берди Исроил разведкаси бошлиғи Ювала Стейниц.

АҚШ президенти Барак Обама ўз навбатида мазкур масалада Исроилни ташвишга солаётган жиҳатлар бўйича бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан якшанба куни телефонда суҳбатлашишини айтди.

XS
SM
MD
LG