Линклар

logo-print

Қозоқ фаоллари Остонани Гулнора Каримовага сиёсий бошпана беришга ундамоқда


Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат Телибеков.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат Телибеков.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат Телибеков давлат котиби Марат Тажин ва ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовга зудлик билан Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримовага Қозоғистон фуқаролигини олиш бўйича расмий таклифнома юбориш чақириғи билан мактуб йўллади.


Жаноб Телибеков матбуотда берилаётган хабарлардан бугунги кунда Гулнора Каримова қатағонга учраган ва унга ёрдам бериш лозим, деган хулосага келганини айтади.

- Балки у (Гулнора Каримова демоқчи – таҳр.) бу эътиборга бошқалардан кўра камроқ лойиқдир. Биз Ўзбекистонда бундан ҳам оғирроқ синовларни бошдан кечирган кўплаб одам борлигини биламиз. Шунга қарамай, бу фигура (яъни Гулнора Каримова), унинг Ўзбекистон сиёсий тизимидаги мақомини ҳисобга олсак, тақдир тақазоси билан келажакда анча ижобий роль ўйнаши мумкин, деб ўйлайман. Бундай қадам Қозоғистон ҳукуматига ҳам сиёсий дивидендлар олиб келиши мумкин эди, зеро, бу ишни амалга ошириш билан Қозоғистон жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши ва демократия ёйилишига бефарқ бўлмаган давлат ўлароқ гавдаланган бўларди, - дейди Мурат Телибеков.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раҳбари фикрича, Гулнора Каримованинг Қозоғистонда туриб ўз фаолиятини давом эттиришини қатор афзалликлари бор.

- Гулноранинг сиёсий амбициялари, Ўзбекистон лидери ролига даъвогарлик қилаётгани ҳисобга олинса, шубҳасиз, у ўзбекистонликлар учун жозиб бўлган қандайдир муқобил концепцияни, моделни таклиф қилишга мажбур бўлади. Менимча, Қозоғистон бу йўлда унинг учун яхши майдон бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ўз ватанига жўғрофий жиҳатдан яқинлик ва Қозоғистон томонидан тақдим этилган хавфсизлик кафолати унга муайян маънода конструктив фаолият юритиш имконини беради, деб ўйлайман, - дейди Мурат Телибеков.

“Агар Қозоғистон Гулнора Каримовага бошпана берадиган бўлса, бу қадам Оқсарой томонидан оғриқли қабул қилиниши ва айни пайтда Тошкент билан Остона ўртасида муносабатлар совушига сабаб бўлиши мумкин. Бу нарса сизни хавотирга солмайдими?” деб сўраймиз Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раҳбаридан.

Бу саволга жавобан Мурат Телибеков “албатта, ҳар қанақа хавф-хатар олдиндан ҳисобга олиниши керак” деркан, сўзида давом этди:

- Аммо мен ҳозирги пайтда бу Ўзбекистон раҳбариятини ўйланиб қолишига сабаб бўлувчи анча қизиқ қадам бўлади, деб ҳисоблайман. Айни пайтда бу ерда ташаббус расмийлардан эмас, жамоатчилик ташкилотидан чиқаётгани ҳам вазиятни юмшатади ва икки давлат ўртасида каттароқ зиддият келиб чиқишининг олдини олади, деб ўйлайман, - дейди Мурат Телибеков.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқига раҳбарлик қилиш билан бир қаторда Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича мусулмонлар қўмитаси директори ҳам бўлган жаноб Телибеков ўз таклифини беришда Гулнора Каримованинг эътиқодий қарашлари мутлақо роль ўйнамаганини таъкидлади.

- Гап инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида, муҳтожларга ёрдам ҳақида кетаётган пайтда биз кишиларнинг динига қарамаймиз. Зеро, танасининг ранги, миллати ва диний мансубиятидан қатъий назар, барча муҳтожларга ёрдам бериш мусулмоннинг бурчидир, - дейди Мурат Телибеков.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова боши узра қора булутлар қуюқлаша бошлаган.

Ўтган бир ой ичида Гулнора Каримовага тегишли теле ва радиоканаллар, бир қанча дўконлар ҳамда “Фонд Форум” ёпилди. "Фонд Форум" ташкил қилган "Келажак овози" тадбири иштирокчилари қамалгани хабар қилинди. Каримова ҳам бунга нисбатан ўз ҳолича жавоб чоралари кўриб келмоқда.

Уч кун муқаддам Interfax агентлиги Каримовага тегишли “Terra Group” ширкатидаги аноним манба сўзларига таянган ҳолда, Ўзбекистон президентининг қизи мамлакатдан кетишга тараддуд кўраётгани ҳақида хабар қилганди. Аммо Гулнора Каримова 23 ноябрь куни бу хабарни Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали рад этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG