Линклар

Ўш вилоятидан ўтадиган асосий трасса йўлини Қирғизистон парламентининг собиқ раиси тарафдорлари тўсиб қўйиши оқибатида ҳаракат тўхтаб қолди. Минглаб машина тиқилиб қолишига сабаб бўлган намойиш иштирокчилари Акматбек Келдибековнинг озод қилинишини талаб қилмоқда.

Парламентининг собиқ раиси Келдибеков бир неча йил аввал Давлат ижтимоий ёрдам жамғармасига бошчилик қилган пайтда ваколатини суиистеъмол қилганлик ва молиявий қонунбузарликларда айбланиб, ўтган ҳафта ҳибсга олинган эди.

Келдибеков тарафдорлари Қирғизситонни Хитой билан боғлайдиган Ўш-Эргаштом трасса йўлида учта юрта тикиб ўтириб олди. Турли хабарларда норозилар сони бир неча ўн билан бир неча юзгача деб берилмоқда.

Мухолифатдаги Ата-журт партияси вакили Келдибеков 2010-2011 йилларда Қирғизистон парламенти спикери лавозимида бўлган.

Ўтган ҳафта Бишкек ва Ўшда унинг озод қилиниши талаби билан юзлаб одам норозилик намойишларига чиқди.

Ата-журт партияси етакчиси Қамчибек Ташиев Келдибековнинг ҳибсга олинишини “сиёсий репрессия”, деб баҳолади.
XS
SM
MD
LG