Линклар

Ўзбек келини корейс эрининг жинсий истагидан безиб, уйидан қочди


Кореяга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик қизларнинг турмушидан ажралишининг асосий сабаби жинсий муносабатлардаги келишмовчиликлардир.

Кореяга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик қизларнинг турмушидан ажралишининг асосий сабаби жинсий муносабатлардаги келишмовчиликлардир.

Олти ой аввал Жанубий Кореяга келин бўлиб тушган фарғоналик Севара (исм ўзгартирилган) корейс эрининг жинсий истагидан норози бўлиб, уйидан қочиб кетди. Кореядаги ўзбек келинларининг айтишича, бу мамлакатга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик қизларнинг эрлари билан ажрашиш ҳолатларининг қарийб 50 фоизида айнан жинсий муносабатлардаги келишмовчиликлар сабаб бўлади.


"Эрим эротик киноларидаги жинсий алоқани истади"

Шартли равишда фарғоналик Севара деб атаётганимиз келинчакнинг иддао қилишича, эрининг жинсий истаклари жонига теккач, уйидан қочиб чиққан.

Ҳозирда Кореядаги танишларидан бириникида яшириниб ўтирганини айтган суҳбатдошимизнинг эриникига қайтиб бориш нияти йўқ, у билан ажрашишни режалаштирмоқда.

- Ичмайман, чекмайман, мен умуман зўрман - ўзини роса ангел қилиб кўрсатди. Келганимдан кейин Ўзбекистонда гапиргaн гапи Кореяда умуман тескариси. Яшадик. Бир ойда тўй қилди. Ўзим ишлардим. Ўзим ишлаган пулимга нарса олардим, уйда продукта ҳам қилиб бермасди. Қилиб берган нарсаси ҳам миннатли эди. Kейин доим мажбурлаб шунақа қилгани учун чидай олмадимда. Жинсий зўравонлик қилдида. Ўзимизнинг ўзбекчиликка ҳам, мусулмончилик нимасига ҳам тўғри келмайдида. “Бунақа эр қилишни хоҳламайман, чидай олмайман” деб чиқиб кетдимда. Уйдагиларимни чақириб бермоқчи эди. Шунинг учун чидадим. Приглашение қилиб чақирмоқчи эди. “Шунгача чидайман” десам, қарасам вообше, ҳеч кимга қўшмайди, қизларга ҳам. Нима олсам ўзим чиқиб оламан. Мен билан ҳеч қаëққа бормайди. Бир умр шунақа қилиб ўтмайманку, дедимда. Кейин “Ўзим ҳаракат қилишим керак, у-бу кимдан йўл-йўриқ сўрашим керак” деб чиқиб кетдим.

Озодлик: Жинсий зўравонлиги жонингизга тегадиган, уйдан қочадиган даражада бўлдими?

- Опа, мен сизга айтаяпманку, ўзбекчиликка ҳам, мусулмончиликка ҳам тўғри келмайдида. Ҳеч ким бу ишни қилмаса керак. Масалан эр-хотин ўртасида бўладиган, эротикада бўладиган нарсаларни талаб қилардида. Куч ишлатиб зўравонлик қилганда. "По полний программа" қиламан, дердида. Эротика киноларида нима бўлса, шуни қиламан, дерди. Мен бунақа нарса қилиб яшай олмайманку. Ким яшайди бунақа қилиб?

Озодлик: Ўзига “Мен хоҳламайман бунақа жинсий алоқани” деб айтмадингизми?

- Уларда бу нарса нормалний ҳолат ҳисобланар экан. Оддий ҳол экан. “Бу ишни қилмайман. Йўқ керак эмас” десам, “Ўзбекистонга кетасан, унақа, бунақа”. Ўзбекистонда шароитим йўқлиги учун “Бўпти, майли. Укамни чақириб олсин. Бир амалларман. Укам келгандан кейин айтарман” деб шунақа қилдим. Ҳафтада бир ëки икки ҳафтада бирга бўлардик. Ўшанда ҳам бу залда ëтади, мен ëтоқхонада ëтаман. Қачонки алоқа бўлса, ўшанда ëтоқхонага киради, ишини қиладида, яна алоҳида ўзининг хонасига чиқиб кетади. Битта тўшакда ухламасам. Мен фоҳиша эмасманку. Қачонки унинг шаҳвоний ҳирслари уйғонган пайти мен билан бўладида, яна ўзи билан ўзи. Бунақа нарса ҳеч қаерда ëзилмаганку. Мен унга ўйнаш эмасманку. Хотиниман.

Озодлик: Сизни уриб турармиди? Калтаклармиди?

- Йўқ, урмаган. Урмоқчи бўлган. Бу ëқда аëл кишига қўл кўтариб бўлмайди. Урмоқчи бўлган, лекин урмаган. “Милиция чақираман” деганим учун шунақа қилмаган. Бир марта дам олишга кетаëтганимизда қариндошлари билан, “Мен бормайман” деганимда, мажбурлаб олиб кетаëтганда машинанинг эшигини ëпганда қўлимга тегди. Билагимнинг тепаси шишиб қолган эди. Шунда ҳам онаси "Ҳеч кимга айтма” деган эди, дейди суҳбатдошимиз.

Кореядаги ўзбек келини билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:



"Хотинимга жинсий зўравонлик қилмаганман"

Озодлик мухбири Корея билан боғланиб Севаранинг турмуш ўртоғи жаноб Пак билан ҳам боғланди.

Пак жаноблари Озодлик билан суҳбатда рафиқасининг жинсий зўравонлик ҳақидаги иддаоларини инкор қилди.

- Мен унга зўравонлик қилмадим. Нима сабабдан уйдан чиқиб кетганини билмайман. Мен уни хотин ўрнида кўраман. Бўлмаса, Ўзбекистонга ота-онасининг уйига жўнатганимда қайтиб келармиди олдимга яна. Билмайман нима сабабдан уйдан чиқиб кетди. Мен унга жинсий зўравонлик қилмаганман. Ўзбекистонга айланиб борганимда унга уйлангандим. Агар хоҳламаса, энди ажрашаман. Уйдан қочиб кетди, қаердалигини билмайман. Телефони ўчирилган. Майли хоҳламаса ажрашаман,- деди ўзбекистонлик келиннинг эри жаноб Пак.

"Ажралишларнинг 50 фоизи- жинсий келишмовчиликлар боис"


Кореядаги ўзбек келинларининг айтишиларича, бу мамлакатга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик қизларнинг эрлари билан ажралиши ҳолатларининг қарийб 50 фоизига айнан жинсий муносабатлардаги келишмовчиликлар сабаб бўлаяпти.

Исмини очиқламасликни сўраган суҳбатдошимиз ҳам Ўзбекистондан Кореяга келин бўлиб тушган.

- Биласизми, ўзбек келинлари билан корейс эркаклари орасидаги тушунмовчиликка маданиятларимизнинг мутлақо бир-бирига ўхшамаслиги сабаб бўлаяпти. Биз умуман бошқа-бошқа маданиятдаги одамлармиз. Мен ҳам бошида эрим билан айнан жинсий муносабатларда келишмовчиликларга дуч келганман. Кейин унга тушунтирдим. Бизнинг одатларимиз ва маданиятимиз ҳақида гапирдим. Бахтимга эрим тушуниб, яхши қабул қилди. Ҳозир бир қизимиз бор,- деди Кореяга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Кейинги йилларда Ўзбекистондаги ночорликдан қутилиш учун ўзбек қизлари орасида кореялик куёвларга эрга чиқаётганлар сони кўпайгани кузатилмоқда.

P.S. Кореяда қийин вазиятга тушиб қолган фарғоналик Севарага ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганлар, унинг бу вазиятдан чиқиб кетиши учун ҳуқуқий маслаҳат олиш йўлларини биладиганлар бўлса, илтимос Озодлик билан боғланинг!!! Ёки ўз маслаҳатларингизни шу ерда шарҳ сифатида қолдиринг!!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG