Линклар

Россиянинг Нижний Новгород шаҳридаги 5-сонли Жазони ўташ муассасасида ўтирган ўзбекистонлик маҳбус ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётгани, яқинлари билан учрашишга вақтида рухсат берилмаётганидан арз қилди. Маҳбуснинг айтишича, бу ерда яна 14 ўзбекистонлик жазони ўта оғир шароитда ўтамоқда. Аммо, муассасага мутасаддилар бундай шикоятларнинг аксарияти асоссиз, деб таъкидлади.



Россиянинг Нижний Новгород шаҳридаги 5-сонли Жазони ўташ муассасасида сақланаётганини айтган 30 яшар фарғоналик меҳнат муҳожири (Исм-фамилияси сир сақланмоқда - Таҳр.) Озодликка боғланди.

У айни қамоқхонада сақланаётган яна 14 ўзбекистонлик маҳбус турли муддатларга берилган қамоқ жазосини ўта оғир шароитда ўтаётганидан арз қилди.

3 йил муқаддам Нижний Новгород шаҳридаги қурилиш майдончасида маҳаллий лўлилар билан муштлашиб қолган ва натижада, улардан икки нафарига оғир тан жароҳати етказган фарғоналик йигит унга берилган 9 йиллик қамоқ жазосини адолатсиз, деб билишини айтди.

- Улар мени сўкди, ҳақорат қилди. Кейин мен бориб улардан иккитасини урдим, шу бўлган гап. Улар ичган бўлишганми, билмадим. Судда ҳам бу нарса айтилмади. Хуллас, улар Россия фуқароси эди, менга ўхшаган чёрний муҳожирни ким ҳам ҳимоя қиларди. 9 йил менга ноҳақ берилди, деб ҳисоблайман,- деди маҳбус муҳожир.

Нижний Новгород шаҳридаги 5-сонли Жазони ўташ муассасида сақланаётган бу йигит ноҳақ берилган жазони ўта оғир шароитда ўтаётганини айтди.

Унинг айтишича, ётоқ шароити ва озиқ-овқат сифати ёмон. Бундан ташқари, мусулмон бўлган яна 14 ўзбек маҳкумга ибодат қилиш имкони ҳам берилмаяпти.

- Нима қилаяпсан, нега намоз ўқияпсан, деганга ўхшаш дўқлар қилишади. Ҳар 2 соатда бориб, рапорт бердиришади. Мелисалар урадиям. Ҳар 15 кунда изоляторга ташлашади. У ерлар совуқ. Хуллас ўзбеклигингизга қанақадир гаплар қилишадида! Бу ер чёрний зона, шароити оғир. Берган овқатини ит ҳам емайди, карам шўрва, - дейди ўзбекистонлик маҳбус.

Россия қамоқхонасида 3 йилдан бери ўтирган бу суҳбатдошнинг яна айтишича, Ўзбекистондан олис йўл босиб бораётган ўзбекистонлик яқинларига маҳбуслар билан вақтида учрашиш имкони ҳам берилмаяпти.

- 1 ойча олдин оилам келувди. Қонуний вақтда келган, лекин уларни қўйишмади. Кейин хотиним прокуратурага борган экан, рухсат беришди. 3 кунлик свиданкадан чиққанимдан кейин, нимага арз қилиб юрибсизлар, деб мени 15 суткага изоляторга ташлашди, - дейди Озодликка Россиядаги қамоқхонадан боғланганини айтган маҳбус.

Айни дамда бошқа ўзбекистонлик маҳбуслар билан бир камерада ўтирганини айтган бу суҳбатдош Озодлик радиосининг ашаддий мухлиси экани ва қаттиқ тартибли колонияда смартфонни яшириб бўлсада, дунё билан боғланиб турганини айтди.

- Мен сизларни кўп йиллардан бери эшитиб келаман. Мана ҳозир ҳам бошқа ака-ука ўзбеклар сизни эшитиб турибди. Қўлимда смартфон бор, оилам билан боғланиш учун ва интернетни ўқиш учун уни бир амаллаб надзирателлардан яшириб юраман. Бу ерда деярли ҳамма маҳбусда қўл телефони бор ўзи, - дейди фарғоналик маҳбус йигит.

Озодлик билан суҳбат якунида бу маҳбус ўзига қўйилган айбловни ноҳақ, деб билишини яна бир марта таъкидлади ва ўз ҳаққи учун курашни давом эттиришдан тўхтамаслигини айтди.

- Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига хат жўнатганман. Адвокатим ёрдам берган. Ҳозир шунинг жавобини кутаяпман, - дейди маҳбус.

Озодлик бу мурожаат ортидан Россия Федерациясининг Жазони ижро этиш федерал хизмати Бош бошқармаси ва ушбу хизматнинг Нижний Новгороддаги бошқармаларига боғланди.

Хусусан, Нижний Новгород шаҳридаги бошқарма матбуот хизмати ходими Елена Никишова 5-сонли қамоқхонада Ўзбекистон фуқароси бўлган маҳбусларнинг сақланаётганидан бехабар эканини айтди.

Бундан ташқари, хорижлик маҳбусларга яқинлари билан учрашиш имкони берилмаётгани ҳақидаги иддаони рад этган бу ходим расмий жавобни Бош бошқармадан олиш мумкинлигини айтди.

Россия Федерациясининг Жазони ижро этиш федерал хизмати Бош бошқармаси матбуот котиби Кристина Белоусова, одатан маҳбуслар яқинларининг қамоқхонада ҳақ-ҳуқуқлар бузилиши ёки қийноқлар қўлланишига оид иддаолари 90 фоизи суриштирув натижасида ўз исботини топмаслигини айтди.

Бу ходим ҳам Нижний Новгород шаҳрида қамоқ жазосини ўтаётган Ўзбекистон фуқароларига оид маълумот ва шикоят бўйича расмий маълумот олиш учун фурсат сўради.

Озодлик расмий мактуб йўллади ва бу мактуб жавобини кутмоқда.

Бироқ, Россияда маҳаллий аҳоли билан зиддиятларга тушиб қолаётган ёки ҳақиқатда жиноят содир этиб, узоқ муддатларга қамоққа ҳукм қилинаётганидан арз қилиб кўплаб ўзбекистонликлар Озодликка боғланмоқда.

Россиядаги "Сова" таҳлил маркази ва Марказий Осиёлик муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётган фаоллардан олинган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари баъзан ўз ҳуқуқини билмагани боис, аммо аксар ҳолларда уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилувчилар бўлмагани боис ноҳақ айблов ҳамда ноҳақ жазога учрамоқдалар.

Аммо айни дамда Россияда қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонликларнинг аниқ сони Озодликка маълум эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG