Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:35

Владивостокда туғруқхона остонасида туққан аёл шифохонага тушиб қолди


Россиянинг Владивосток шаҳрида тўлғоқ тутаётган пайтда туғруқхонага киритилмаган Шоира Улошева чақалоғи билан касалхонага ётқизилди. Душанба куни шаҳар маҳкамаси Улошевани Россияда ноқонуний яшагани учун мамлакатдан чиқариб юбориш масаласини кўраётган пайтда залдаги аёлнинг соғлиги ёмонлашиб қолди.


Владивостокда тўлғоқ тутаётганига қарамай туғруқхонага олинмаган ва шу касалхона бўсағасида 5 ноябр куни кўзи ёриган ўзбекистонлик Шоира Улошеванинг соғлиги яна оғирлашиб қолди.

Душанба куни маҳкама пайтида аёл, кутилмаганда қорнида оғриқ сеза бошлагани ва чақалоғининг ҳам аҳволи ёмонлашганидан шикоят қилган. Шундан сўнг она-бола зудликда Владивосток Болалар шифохонасига ётқизилган.

Приморьедаги “Адолат” ўзбеклар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураковнинг Озодликка айтишича, ҳозир Шоира Улошева ва чақалоқнинг аҳволи яхши.

Суд уларни 11 декабрга қадар депортация қилишга қарор қилган.

- Кеча миграция хизмати ходимлари Улошевани янги туғилган чақалоғи билан уйидан олиб кетган экан. Борсак, Ленин тумани суди ҳукмни чиқариб бўлган экан. 3 минг рубл жарима солишган ва аёлни боласи билан бирга ҳибс қилиб, кейин у ердан депорт қиламиз, деган ҳукмни чиқарибди. Кейин аёлнинг мазаси қочиб қолди. Биз уни касалхонага олиб бориб, яхши палатага жойладик. Ҳозир бола ҳам, онаси ҳам яхши. Суд ҳукмига кўра, улар 11 декабрга қадар Россиядан чиқариб юборилиши керак, - дейди Нураков.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари айни дамда тиббиëт ходимларининг ўзбекистонлик ҳомиладор аёлга бўлган совуққонлиги сабабларини ҳам текширмоқда.

Аввалроқ, Владивосток шаҳри прокуратураси тўлғоқ тутаётган аёлга биринчи ёрдам кўрсатишдан бош тортган тиббиёт ходимларини жазолашни талаб қилган эди.

Прокуратура Владивостокдаги туғруқхона раҳбариятига хат жўнатиб, ходимлар аёлни қабул қилмай у ва унинг қорнидаги бола ҳаётини хавф остига қўйганлари ҳақда маълум қилган эди.

Жамоатчилик ўртасида шов-шувларга сабаб бўлаётган бу она-болани Россия суди мамлакатдан депортация қилиш қарорида қатъий қолмоқда.

- Унинг ҳужжати йўқ, нелегал. Аёлнинг ўзидан ҳам ўтган, қонунни бузган. Лекин докторлар ҳам уни касалхонага қабул қилмай хато қилган. Ҳужжати бўлмаса ҳам Россия қонунчилиги бўйича улар тўлғоқ тутаётган аёлга тиббий ёрдам кўрсатиши керак эди, - дейди Приморьедаги “Адолат” ўзбеклар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураков.

Россия Миграция хизмати расмийларига кўра, 2011 йилда Россияга кириб келган Улошева 90 кунлик муддат тугагач, мамлакатдан чиқиб кетмаган ва шу таҳлит қонунни бузган.

Шоира Улошеванинг эри Россияда расман рўйхатдан ўтган ва у Приморьедаги қурилишлардан бирида ишлайди.
XS
SM
MD
LG