Линклар

Қирғизистондан август ойи бошларида пиёда Ҳажга кетган 10 кишининг бедарак йўқолгани ҳақида зиёратчиларнинг яқинлари маълум қилди. Пиёда Маккага кетганларнинг Ҳаж визаси йўқ бўлган ва улар тавваккал қилиб йўлга чиққан.

Жорий йилнинг август ойида Бишкекдан пиёда Ҳажга отланган 10 киши Қозоғистон чегарасидан ўтгач бедарак кетган. Уларнинг қариндошлари зиёратчилар қайси мамлакатга етиб боргани, Ҳаж зиёратини амалга оширгани ёки оширмагани ҳақида ҳеч қандай маълумотларга эга эмаслар.

-Улар рўзанинг охирги куни йўлга чиқишган эди. Бишкекдан Чолдевор чегараси орқали Қозоғистонга ўтганидан сўнг излари йўқолган. Уларнинг кўпчилиги Иссиқкўл турғунлари эди. Поччам эса норинлик. Ҳозиргача улардан бирор бир ҳабар келгани йўқ, бедарак кетган, -деди ўзини пиёда Ҳажга кетганлардан бирининг қариндоши сифатида таништирган Эркин.

Унинг айтишича, Ҳажга кетган бу 10 кишининг визаси ва етарли маблағи ҳам бўлмаган. Улар таваккал қилиб йўлга чиққан.

Пиёда Ҳажга кетган қирғизистонликлардан бирининг турмуш ўртоғи ўз исми сир тутилишини илтимос қилган ҳолда, эри даъватчиларнинг “Таблиғи жамоат” гуруҳи аъзоси бўлганини, Ҳажга боришни орзу қилганини, аммо бу зиёрат учун етарли маблағи бўлмагани сабабли пиёда Саудия Арабистонига боришга қарор қилиб, уйдан чиқиб кетганини айтди:

-Улар йўлга чиқишдан олдин Бишкекдаги марказий масжидга борган экан. У ерда уламолар уларга “Пиёда борманглар, бўлмайди”, деб айтишган. Аммо шунга қарамай, Ҳажга пиёда йўлга чиқишган. Ҳозир қўлимда саккиз ойлик болам билан эримдан бирор хабар чиқиб қолармикан, деган умидда ўтирибман, -деди келинчак.

Қирғизистон муфтиятининг билдиришича, пиёда Ҳажга кетган 10 одам бедарак экани аниқлангач, бу йил расман Ҳажга борганлар орасида суриштирув ишлари олиб борилган. Ҳажга борганлардан бу 10 одамни кўрган-кўрмаганлари суриштирилган. Бироқ ҳеч ким уларни кўргани ҳақида маълумот бермаган.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари эса мазкур воқеа юзасидан ҳозирча расман ариза келиб тушмаганини, агар йўқолганларнинг қариндошлари ариза билан мурожаат қилса, қидирув ишлари бошланишини билдирди.

Жорий йилда Саудия Арабистонида Қирғизистондан уч минг олти юз одам Ҳаж зиёратини амалга оширди. Қирғизистон муфтияти норасмий тарзда Ҳажга бормоқчи бўлганлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилганига қарамай, айрим одамлар ўзбилармонлик билан Ҳажга пиёда кетганидан афсус билдирди:

-Муфтият орқали Ҳажга борганларнингг барчаси қайтиб келди. Қирғизистондан Ҳажга фақат самолётда боришга рухсат берилган. Ҳатто автобусда борган одамларни ҳам Саудияга киритишмайди, -деди муфтий ўринбосари Максатбек Токтомушев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG