Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:35

Е.Урлаева: “Мирободда Қурбоновни педофилияни бўйнига қўйиш учун қийнашган"


Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянси 1987 йилда туғилган Сайфиддин Қурбоновнинг милиция ходимлари томонидан қийноққа солингани тўғрисида хабар қилди. Альянс вакили Елена Урлаеванинг иддаосича, Миробод туман ички ишлар бўлимининг бир неча ходими вояга етмаган ўспиринни зўрлаш айбни бўйнига қўйиш учун Қурбоновни қийнаган.


Альянс вакили Елена Урлаеванинг Озодликка айтишича, Сайфиддин Қурбонов 2009 йилнинг 22 декабрида Тошкент шаҳар, Миробод туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ фаоли Қурбоновни бир неча милиция ходими 13 яшар Улуғбекни зўрлаганликни тан олишга мажбур қилиш учун 5 кун давомида қийноққа солган, деб иддао қилмоқда.

Сайфиддин Қурбоновнинг онаси Сайёра Ҳакимованинг айтганларига таяниб, Елена Урлаеванинг Озодликка айтишича, “Милиция ходимлари Сайфиддин Қурбоновни шафқатсизларча калтаклаганлар, тишларига электр токи улаганлар, тирноқлари остига игна тиққанлар, товонларини тўқмоқ билан урганлар, нафасини бўғиш учун ичига тутаб турган пахта солинган противогаз кийдирганлар, каучук тўқмоқ билан зўрлаш ва зўрлаш тасвири туширилган видеони Интернетга жойлаштириш билан қўрқитганлар".

"Қурбонов айбни тан олмаган, лекин уни ҳушидан кетгунича калтаклаганлар ва охир-оқибат қийноқларга чидамай, айбни тан олган”, деб хабар қилди Елена Урлаева.

Альянс вакилига кўра, 2010 йил, 29 апрелида Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси Сарвар Каримов Қурбоновнинг ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги шикоятини инобатга олмасдан, унинг жиноят содир этганини исботловчи далиллар йўқлигига, гувоҳлар судланувчи фойдасига кўрсатма берганига, экспертлар зўрлаш ҳодисаси бўлмагани тўғрисида хулоса чиқарганига қарамай, Қурбоновни 15 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилган.

Альянс вакилининг айтишича, шу кунда Сайфиддин Қурбонов Тошкентда, турма касалхонасида оғир силдан даволанмоқда.

Озодлик Елена Урлаева билан боғланган пайтда унинг ҳузурида яна бир қийноққа солинган маҳбуснинг онаси ўтиргани маълум бўлди.

Урлаеванинг биз билан гаплашиш тўғрисидаги таклифини у аёл қабул қилмади. “Сизларга гапирсам, ўғлимга янада қийин бўлиб кетиши мумкин”, деди қийноққа солинган маҳбуснинг онаси.

Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянсининг Сайфиддин Қурбонов қийноққа солингани тўғрисидаги хабаридан бир неча кун олдин БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат қамоқхоналардаги “систематик қийноқлар”га чек қўйишга чақирган эди.

Қўмитанинг 22 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги систематик қийноқ ҳоллари ҳамда инсон ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан тазийиқлар қаттиқ танқид қилинган.

10 нафар мустақил экспертдан иборат ҳайъат Ўзбекистон ҳукуматини ҳар бир қийноқ ҳолати бўйича самарали тергов ўтказиб, айбдорларни жазолашга чақирди.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоси, Грузия Омбудсмани Жорж Тугуши Ўзбекистон ҳукуматини юқорида тилга олинган муаммоларнинг биронтасини тан олишга хоҳиш билдирмаётганликда айблади.

Ўтган ой охирларида Женевада бўлган муҳокамаларда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов ўз мамлакатида қийноқлар систематик тус олгани ҳақидаги хабарларни рад этишга уринган ва халқаро ноҳукумат ташкилотларини Ўзбекистон борасида бир тарафлама, нохолис ахборот тарқатаётганликда айблаган эди.

Ўзбекистон расмийси БМТ қўмиталари томонидан берилган тавсиялар мамлакат ҳукумати томонидан мунтазам амалга оширилаётгани ва бу борада қабул қилинган миллий дастур амалда ўз самарасини бераётганини айтган эди.

Ўзбекистон тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар натижасида вафот этиш ҳоллари бот-бот учрайди.

Маҳбуслар қийноқлар натижасида ҳаётдан кўз юмгани ҳоллари ҳам кўп учрайди. Қийноқ қурбонларининг аксарияти диний-сиёсий айбловлар билан маҳкум этилганлардир.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган йили қийноқларни тақиқловчи қонунга имзо чеккан.
XS
SM
MD
LG