Линклар

Маст чортоқлик бир кечада дўсти, қўшниси ва қўшнисининг қайнонасини пичоқлади

  • Садриддин Ашур

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида шанбадан якшанбага ўтар кечаси 41 яшар Аваз Аминов бирданига уч кишини пичоқлади. Жароҳат олганлардан бири касалхонада жон берди. Озодлик манбалари операция пайтида касалхонада чироқ ўчгани ва шифокорлар "движок"ни улашга мажбур бўлганини хабар қилди.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи 41 яшар Аваз Аминов ўз уйида бирданига уч кишини пичоқлади.

Озодликнинг Чортоқдаги ишончли манбасига кўра, воқеа 23 ноябрдан 24 ноябрга ўтар кечаси соат 12 ларда содир бўлган:

- Аваз ўзининг уйида ўртоғи 41 яшар Шавкат Юсупов, қўшниси 42 яшар Алишер Сувонов ва 31 яшар Илҳом Назаров билан бирга ўтириб ароқхўрлик қилишган. Кейин Аваз Илҳом билан жанжаллашиб қолиб унга икки марта пичоқ санчган, - дейди манба.

Манбага кўра, қўшни уйда яшовчи Илҳом Назаровнинг 47 яшар қайнонаси Ҳафиза Исомиддинова бақир-чақирларни эшитган заҳоти югуриб чиққан:

- Куёвимни ўлдириб қўйдинг, деб унга ташланган Ҳафиза опани ҳам Аваз пичоқлаган. Уларни ажратаман, деб ҳаракат қилган яна бир қўшниси 29 яшар Муҳаммадолим ҳам жароҳат олган, - деди манба.

Ҳафиза Исомиддинова қўшниларидан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, Чортоқ тумани тез тиббий ёрдам марказига олиб борилган жароҳатланганлардан бири операция пайтида чироқ ўчиб қолгани боис вафот этган.

- Энг оғир жароҳат олган Илҳом Назаров эди. Унинг кўкрак қафаси олд қисми ва орқасига ҳам пичоқ санчилган. Бироқ операция пайтида свет ўчиб қолди ва операция тугамасидан Илҳомнинг жони узилди. Ҳафиза опа қўлтиғидан, Муҳаммадолим қорнидан пичоқ еган экан. Улар ҳозир реанимацияда қолмоқда, - деди Озодлик манбаси.

Бироқ Чортоқ тумани Тез тиббий ёрдам маркази бош шифокори Исҳоқжон Вазиров Озодлик билан суҳбатда Илҳом Назаровнинг вафотига чироқ ўчишининг алоқаси йўқлигини айтди:

- У боланинг ўлишига свет сабаб бўлгани йўқ. Унинг брюшной артерияси кесилиб, ўлиб келган ўзи. Қолганларини движокни ёқиб операция қилдик. Свет ўчишига қарши движокларимиз таппа-тайёр туради доим, - деди бош шифокор Исҳоқжон Вазиров.

Бироқ, Озодлик касалхона билан боғланганида, ўзини таништирмаган мулозимлардан бири мухбир билан суҳбатлашаётган пайтда ҳам чироқ йўқлигини айтди.

- Свет тайинли эмас. Мана ҳозир ҳам йўқ. Ҳозир жуда ҳам кўп ўчаяпти, якшанба кечаси ҳам бўлмаган, - деди исми сир қолишини сўраган дўхтирлардан бири.

Озодликнинг Чортоқдаги манбасига кўра, бу воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси бир неча бандлари бўйича жиноят иши очилган ва терговни Чортоқ тумани прокуратураси олиб бораяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG