Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:50

Тожик аёллари эрларининг Россиядан бадарға қилинишини исташмоқда


Тожикистон миграция хизмати маълумотларига кўра, сўнгги 10 ой ичида мамлакатдан тақрибан 730 минг эркак хорижга ишлаш учун кетган.
Тожикистон миграция хизмати маълумотларига кўра, сўнгги 10 ой ичида мамлакатдан тақрибан 730 минг эркак хорижга ишлаш учун кетган.

Эркаклари Россияга жўнаганча, бедарак кетган тожикистонлик бир гуруҳ аёллар уларни ватанга қайтариш мақсадида Тожикистон миграция хизматига шикоят қилди.

Тожикистонлик Моҳрў Холова эри Олим Холов беш йил мобайнида ўзи билан дараклашмагани ва фарзандларига бир тийин ҳам юбормаганини айтади.

- Қайнсинглим унинг ўша ёқда уйланиб олганини айтди. Болаларига пул жўнатмаяпти. Шунақа бўлгандан кейин уни депортация қилишсин! Балки шундан кейин болалари олдига қайтар, - дейди Моҳрў Холова эрининг депортация қилинишида ёрдам беришлари учун Тожикистон миграция хизматига ариза билан мурожаат қилганини қўшимча қилади.

Моҳрў эри бадарға қилинишини истаётган ягона аёл эмас.

Тожинисо Ҳошимова эса 8 йилдан буён меҳнат муҳожирлигида юрган ва қариндошлари билан алоқани узиб юборган акаси Зокиржон Ҳошимовнинг уйга қайтишини истаяпти. Унинг айтишича, тўрт йил муқаддам бир мартагина онасига 50 доллар пул юборган, Зокиржон билан алоқа ўрнатиш уринишлари эса фойда бермаган.

- Биз уни Россиядан ҳайдаб чиқаришларини истаймиз, - деган Тожинисо бу ерда гап пулда ҳам эмаслигини, шунчаки ота-онаси ўғлидан қаттиқ хавотир олаётганини қўшиб қўйди. - Онам тез-тез кўзёш қилиб туради, “тирикмикин, ишқилиб” деб, ташвиш қилади.

Эркаклари ватанга қайтишини истаган тожикистонлик аёллар мамлакат миграция хизматигагина эмас, Россия Федерал миграция хизматига ҳам ўз яқинларини депортация қилиш талаби билан мурожаат қилганлар.

Тожикистон миграция хизмати вакиллари Озодликнинг тожик хизматига ўз яқинларининг ватанга қайтарилишини сўраган бир гуруҳ аёллар мурожаат қилишганини тасдиқлашган. Айни пайтда миграция хизмати ходимлари ўзларида бундай ваколат йўқлигини айтмоқдалар.

Тожикистон миграция хизмати матбуот котиби Абдулло Қодирийнинг айтишича, ўз идорасига ой сайин 15 чоғли аёл ўғлини, эрини ёки ака-укаларини Россиядан депортация қилиниши сўраб, мурожаат қилади. Қодирийга кўра, агар бедарак кетган тожикистонлик муҳожирларнинг аниқ манзили бўлса, миграция хизмати уларни ўз оиласига қайтишга кўндиришга уриниб кўришигина мумкин.

- Агар фуқаролар хат билан расман мурожаат қилсалар, уларга ҳар томонлама кўмаклашишга ҳаракат қилинади, - деган Абдулло Қодирий Тожикистон миграция хизмати Россиянинг бир неча ҳудудида иш олиб бораётгани, манзиллар бўйича фуқароларни қидириб топаётгани ва уларни ватанга қайтишга ундаётганини таъкидлайди.

Яқинларини ўз юртига қайтариш илтимоси билан миграция хизматига, одатда, Россияга кетганига беш йилдан ошган ва уйига пул юбормаётган муҳожирларнинг оилалари мурожаат қиладилар.

Айни пайтда, социологларга кўра, муҳожирларнинг ўз оилалари бағрига қайтишни истамаётганлари ва уйга пул юбормай қўйганларининг асосий сабаби оиладаги ўзаро муносабатнинг совуқлигидир.

Эксперт Аъзамшо Ширговадий фикрича, агар оила аъзолари муҳожирлардан фақат пул талаб қилавермай, уларнинг руҳий ва жисмоний сиҳати билан ҳам қизиқиб турганларида, эркаклар ўз оилаларини ташлаб кетмаган бўлардилар.

- Аёллар эркакларнинг депортация қилинишини талаб қилмоқдалар. Аммо бу ерда бир неча савол туғилади. Бу эркакларни қандай қилиб юртига қайтариш мумкин? Агар улар Россияда қонунга мувофиқ равишда яшаётган бўлсалар, уларни ватанга қайтаришнинг иложи йўқ. Бошқа масала уларнинг нима учун қайтмаётгани билан боғлиқ. Балки айримларда бунақа имконият йўқдир. Муҳожирлар ишлаб топаётган озгина пулни уйга юборишга мажбур қиладилар, ёт ўлкаларда уларнинг ҳоли нима кечаётгани билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ, - дейди Аъзамшо Ширговадий.

Тожикистон миграция хизмати маълумотларига кўра, сўнгги 10 ой ичида мамлакатдан 870 минг киши хорижга кетган, улардан тақрибан 730 мингини эркаклар ташкил қилади. Умуман олганда, ҳозирда бир миллиондан ортиқ тожикистонлик бола тарбиясини аёллар гарданига юклаб, меҳнат муҳожирлигига кетишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG