Линклар

Ўзбекистон пойтахтида мамлакат президентининг тўнғич қизига қарашли экани айтиладиган Premier Hall Cinema кинотеатри ва Сити Макон савдо кўнгилочар марказидаги City Makon Cinema кинотеатрлари ёпиб қўйилди.

Uznews.net нашрининг Тошкентдаги манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳозир бу жойларда одам йўқ, фақат бир неча қўриқчи ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига ўхшаш кишиларгина юрибди.

Озодлик мухбири учта залга эга City Makon Cinema кинотеатри ходимлари билан боғланишга уринган пайтда гўшакнинг у томонидан автомат-робот овози эшитилиб, Сити Макон ва Премьер Холл кинотеатрларида 22 ноябрдан 27 ноябргача намойиш этиладиган фильмлар номи ва вақтини қайтара бошлади. Бу эса мазкур кинотеатрлар туйқусдан ёпилганидан далолат бериши мумкин.

Икки залли Premier Hall Cinema кинотеатри ходимлари билан боғланишга ҳаракат ҳам бесамар бўлди – гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Алишер Навоий номидаги Миллий боғ олдида очилган Сити Макон савдо-кўнгилочар маркази қошида фаолият юритиб келган умумий овқатланиш пунктларининг барчаси ўтган ой охирларидан бери ишламаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

- “Ҳонг Конг”, “Чойхона” ресторанлари ҳамда бир нечта дўкон бир ҳафтадан бери ишламаяпти. Ҳозир фақат кинозаллар очиқ, холос, - дея маълум қилганди Озодликнинг Тошкентдаги манбаси 31 октябрь куни.

Аммо эндиликда кинозалларнинг ҳам ёпилгани маълум бўлди.

Ўзбекистон пойтахтидаги энг йирик кинотеатрлардан бири бўлган City Makon Cinema 2012 йилда асъасаю дабдаба билан очилганди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида бу ерда Гулнора Каримова (Googoosha) "Round run” клипи тақдимотини ҳам ўтказганди.

Айни пайтда Тошкентнинг Шота Руставели ва Миробод кўчалари кесилишида жойлашган Premier Hall Cinema кинотеатри атрофида ҳам бугун сукунат ҳукмрон. Бир пайтлар Модалар уйи жойлашган мазкур бино кейинчалик Гулнора Каримова тасарруфига ўтгани айтилади.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи бизнес-империясига ҳужум тадбирлари ўтган ой бошланган. Хусусан, 21 октябрь куни Гулнора Каримовага қарашли деб кўриладиган тўртта телеканал, кейинроқ эса учта радиоканал ёпилди. Кейинчалик у бошчилигидаги “Фонд Форум” ва қатор дўконлар ёпилгани, "Фонд Форум" ташкил қилган "Келажак овози" тадбири иштирокчилари эса қамалгани хабар қилинди.

Бу тадбирларга қарши Гулнора Каримова онлайн (масалан, Твиттер тармоғидаги аккаунтида "фош қилувчи" твитлар қолдириш орқали) ва оффлайн (масалан, “Келажак овози” иштирокчиларини излаб, ички ишлар бўлимига шахсан бориш орқали) жабҳаларда ўз ҳолича кураш олиб борди. Бироқ шу кунларда Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг Твиттер микроблогидаги аккаунти ёпиқлигича қолмоқда. Шу важдан City Makon Cinema ва Premier Hall Cinema кинотеатрларининг ёпилиши юзасидан Гулнора Каримова бевосита муносабатини билишнинг ҳозирча имкони бўлмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG