Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:03

Ромитанда ўлдирилган шифокор рашк қурбони бўлгани тахмин қилинмоқда


Бухоро вилоятининг Ромитан туманида ўтган ҳафта отиб ўлдирилган врач Ўктам Баракаев, тахминларга кўра, рашк асосидаги қасос қурбони бўлган.

Ромитан туман ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбасининг иддао қилишича¸ Ўктам Баракевнинг Салоҳиддин исмли қўшниси хотинини врачдан қизғаниб, қасос амалиëтига қўл урган.

- Раҳматли врач қўшниси Салоҳиддиннинг хотини билан юрармиш, деган гап-сўз бор эди. Хотинини врач билан юрганликда гумон қилган Салоҳиддин уни пойлаб туриб, ов милтиғидан отиб ташлаган, деган гумон бор. Бу тергов кўриб чиқаëтган асосий мотив. Ҳозир Салоҳиддин атайлаб¸ олдиндан режалаб қотиллик қилганликда гумонланиб, қўлга олинган. У фақат гумондор, унинг айбдор ëки айбсиз эканини суд аниқлайди, - дея таъкидлади Ромитандаги Озодлик манбаси.

Манба, айбсизлик презумпциясига кўра, гумондорнинг фамилиясини айтмасликни маъқул топди.

Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги хусусий клиника соҳиби, олий тоифали терапевт врач Ўктам Баракаев 23 ноябр куни ов милтиғи билан отиб ўлдирилган эди.

Бухоро вилоят прокуратурасидаги Озодлик манбасининг тасдиқлашича, Ўктам Баракаев шанба куни ўз уйидан ташқарида отилган.

Манбага кўра, Баракаевнинг қўшниси пистирмадан туриб, уни ов милтиғи билан отган, кейин эса жасаднинг устига бензин сочиб, ëқиб юборган.

Озодлик тасарруфидаги расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Баракаев уйидан чиқиб, кўчадаги ошхоналардан бирига тушлик қилишга кетаëтган пайтда ўлдирилган.

Озодликнинг Ромитан туманидаги манбасининг айтишича¸ Баракаевнинг жасади шанба куни туман шифохонасига олиб келиниб, текширилган:

- Жасадни текшириб, тезда уйидагиларга қайтаришди. Ўктам Баракаевнинг жанозаси якшанба куни ўқилди. Раҳматли ювош, ҳеч кимга озор бермайдиган, камсуқум одам эди. 40 ëшда эди. Бир муддат туман касалхонасида терапевт бўлиб ишлаганди. Хусусий касалхона очувди. Кейин шунақа воқеа бўлди. Орқасида учта қизи чирқираб қолди¸ - деди Озодликнинг Ромитан туманидаги манбаси.

Айни жиноят бўйича Ромитан туман прокуратураси тергов олиб бораëтганини билдирган Бухоро вилоят прокуратурасидаги Озодлик манбаси аввалроқ қотиллик сабаблари ҳозирча ноаниқ қолаëтганини айтганди.

Кечаëтган йилда Ўзбекистонда маиший асосдаги қотилликларнинг кўпайгани кузатилди.

21 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида яшовчи таниқли тадбиркор Шомурод Нурмаматов ва унинг рафиқаси ўз уйида ваҳшийларча ўлдириб кетилган эди.

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбанинг айтишича, Шомурод Нурмаматов пичоқ билан чавақланган, унинг хотини Гулзода Мамирова эса целлофан халта билан бўғиб ўлдирилган.

Бундан олдин Тошкент шаҳар ИББси қўриқлаш хизматида ишловчи Марат исмли 30 ёшлардаги қибрайлик милиция ходими қўшниси томонидан пичоқлаб ўлдирилганди. Қибрай тумани ИИБсига кўра, қотиллик маиший жанжал туфайли содир этилган.

Жорий йилнинг 20 июлдан 21 июлга ўтар кечаси Фарғонанинг Қори Ниëзий кўчасида жойлашган “Ҳамкорбанк” филиали кассасига қуролли ҳужум қилиниб, икки милиция ходими - 43 ёшли Акбаров Эркинжон Ҳайитбоевич ва 33 ёшли Матазимов Рустам Носирович ўлдириб кетилганди.

Апрел ойининг бошида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманининг ТТЗ-2 ва Феруза массивларида яна икки қария аёл ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG