Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:00

Карзай: Америкаликлар афғон оилалари дахлсизлигини ҳурмат қилиши керак


Ҳамид Карзай Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Акбар Аёзий саволларига 26 ноябрь куни жавоб берди.
Ҳамид Карзай Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Акбар Аёзий саволларига 26 ноябрь куни жавоб берди.
Афғонистон президенти Ҳамид Карзай АҚШ билан хавфсизлик битимини имзолашга тайёр экани, лекин бунинг учун Қобул қўйган иккита талаб бажарилиши кераклигини сешанба куни Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда таъкидлаб ўтди. Карзайнинг фикрича, биринчидан, америкалик ҳарбийлар афғон хонадоларига рейдларни тўхтатиши ва иккинчидан “реал тинчлик жараёнини” бошлаши зарур.

- Мен америкаликларнинг афғон уйларига қилаётган ҳужумлари тўхтатилиши ва реал тинчлик жараёнини бошлашни талаб қилганман. Америкаликлар мен илгари сурган мана шу иккита талабимни бажарса битимни имзолашга тайёрман, - деди Карзай.

Ҳамид Карзай битимни имзолашни президент сайловларигача, яъни 2014 йил апрелигача кутишини айтганди.

Жаноб Карзайнинг айтишича, душанба куни АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райс унга қўнғироқ қилиб, Қўшма Штатлар "афғон сайловларига аралашмайди", дея сўз берган.

- Сайлов масаласида ўтган тунда АҚШнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси АҚШ сайловларга аралашмаслиги ҳақида кафолат берди. Улар сайловларнинг вақтида ўтказилишини хоҳлаётганини айтишди. Лекин, буни ҳали кўрамиз, - деди Карзай.

Қўшма Штатлар Афғонистонда 2014 йилдан кейин қанча қўшини қолишини аниқлаб олиш учун ушбу битим 2013 йилнинг охиригача имзоланишини хоҳламоқда.

Якшанба куни Қобулда “Лойа Жирға” йиғини иштирокчилари ҳам президент Ҳамид Карзайни ушбу келишувни шу йил охиригача имзолашга чақирган эди.

- Америкаликларнинг ўз режаси бор. Биз афғонларнинг эса ўз режамиз бўлиши керак. Биз америкаликлар билан дўстона ва иттифоқчилик алоқалари тарафдори эканимизни доим айтиб келганмиз. Ушбу алоқалар доирасида афғонлар ўз мамлакати манфаатини ҳимоя қилишни истайди. Биз Америка манфаатларига қарши эмасмиз. Истагимиз ватан манфаатларини ҳимоя қилиш. Афғон оилалари уйларини америкаликларнинг тунги рейдларидан ҳимоя қилиш. Токи ушбу рейдлар оқибатида аёллар ва ёш болалар уйларини тарк этишга мажбур бўлишмасин. АҚШ биз билан хавфсизлик битимини имзолашни хоҳлаётган экан афғон оилалари дахлсизлигини ҳурмат қилиши керак, - деди Карзай.

Мазкур келишувда америкалик ҳарбийлар Афғонистонда жиноят содир этсалар уларни Америка қонунлари бўйича маҳкамага тортиш кўзда тутилган. Лекин, афғонлар жиноят содир этган америкалик ҳарбийлар маҳаллий қонунлар асосида жазоланишини хоҳлашади.

АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги хавфсизлик битими кучга кирса, АҚШнинг чекланган қўшини Афғонистонда яна ўн йилгача қолиши мумкин.

Жаноб Карзай Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Қўшма Штатларнинг Афғонистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболларига скептик қарашда эканини айтди.

- Бу ерда қолиш ёда қолмаслик америкаликларнинг ўзларига ҳавола. Улар билан минглаб битим имзоламайлик, уларнинг манфаатига тўғри келмаса, барибир кетишади, тўқсонинчи йилларда бизни жиҳодчиларга ташлаб кетишгани каби. Ўшанда мен ташқи ишлар вазири муовини эдим. Ҳеч бўлмаганда кичикроқ мансабдаги ходимингизни элчихонада қолдириб кетинг, деган эдим уларга ўшанда. Лекин, улар АҚШ элчихонасини бутунлай ёпиб кетишганди.Яъни улар ўз манфатига тўғри келмаса ҳеч қачон бу ерга келишмайди, - дейди Карзай.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 50 мингдан зиёд қўшини бор. Келаси йил якунига бориб, АҚШ ва НАТО кучларининг аксарияти бу мамлакатни тарк этиши лозим.

Айни пайтда 2014 йилдан кейин Афғонистонда аниқ қанча Америка ҳарбийси қолиши маълум эмас.

Қўшма Штатлар бу мамлакатда афғон ҳарбийларига кўмак берувчи бир неча минг ҳарбийдан иборат кичик контингентни қолдиришни истайди.
XS
SM
MD
LG