Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:58

Руҳоний “Обама йўли”ни танлади


Ҳасан Руҳоний ва Барак Обама.
Ҳасан Руҳоний ва Барак Обама.
26 ноябрь куни Эрон президенти сифатида иш бошлаганига 100 кун тўлишини нишонлаган Ҳасан Руҳоний¸ АҚШ президенти Барак Обаманинг 2008 йилги сайлов кампанияси бош шиори “Yes We Can” акс этган мусиқий видеодан илҳомланиб¸ айни руҳдаги видеоклипни ўз расмий саҳифаси орқали эронликларга тақдим этди.

Оқ ва қора рангдаги тасвирлардан иборат гўзал видеоклипда Ҳасан Руҳонийнинг жорий йил 3 августида президент сифатида қасамëдга келтириш маросимидаги нутқидан парчалар мусиқа¸ қўшиқ ва имо-ишора тили қоришиғида тақдим этилади.




Илк сонияларданоқ бу видеоклипнинг Барак Обама 2008 йилги президентлик сайлов кампаниясида эълон қилган "Yes We Can" клипига уйқаш услуб ва руҳда ҳозирланганини илғаш қийин эмас.

Обама видеоклипида унинг машҳур нутқи Ҳолливуднинг 30 дан ошиқ машҳур қўшиқчи ва актëрлари жўрлигида мусиқавий бир шаклда тақдим этилган эди.

Руҳоний видеоклипида ҳам эронлик машҳур қўшиқчи ва актëр Амир Ҳусайн Модарес баробарида турли ëшдаги эронликлар президентнинг инагурация нутқидаги баëнотларни куйлашади.

Видеоклип¸ Руҳоний сайловолди кампаниясида ишлаган таниқли ҳужжатли фильмлар режиссëри¸ бир неча йил АҚШда яшаган Ҳусайн Деҳбаши томонидан суратга олинган. Эрон матбуотига берган интервюсида Деҳбаши¸ бу видеоклипнинг тўсатдан ҳозирланганини билдирган.

Руҳоний видеоклипи унинг расмий веб саҳифаси баробарида¸ президент матбуот гуруҳи томонидан юритилиши айтиладиган Twitter саҳифасида ҳам эълон қилинди.

Эрон президентлари ичида илк бор жамоатчиликка ўз концепциясини видеоклип орқали тақдим қилган Ҳасан Руҳонийнинг эронликларни бирликка ундовчи нутқи билан параллел тарзда мамлакатдаги курд ва араб каби миллий озчилик тилларидаги баëнотлар ҳам қилинади.

Клипда шунингдек¸ замонавий Эрон тарихининг таниқли арбоблари – Бош вазир Муҳаммад Мусодиғ ва Эрон Ислом жумҳурияти асосчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний овозлари ҳам келтирилади.

Видеоклипдаги сўзларнинг бош ғояси - бирликдир:

"Шу тупроққа ўзини бахшида қилган барча эронликларга макон ва имкон берайлик! Шу миллатга хизмат қилишга қодирларга хизмат қилиш имконини берайлик! Улар қалбларини нафратдан тозалайлик! Ғазаб ўрнини яраш¸ ғанимлик ўрнини дўстлик эгалласин!" дейилади мусиқий видеоклипда.

Эронликларга қилган аксар мурожаатларида Ҳасан Руҳоний ўзи ва ҳукуматининг асос истаги эронликлар юзига бахтиëрлик ҳиссини қайтариш эканини таъкидлаб¸ Оллоҳдан ўзини шу йўлдан адаштирмасликни сўраб келмоқда.

Президентлигининг биринчи 100 куни давомида Руҳоний ички муаммолар хусусида аксар эронликлар бирдамлигига эришиш баробарида¸ дунëнинг олти қудратли давлати билан ҳам ўз мамлакати ядровий дастури борасида муваққат келишувга эришди.

Йиллардан бери Ғарб ҳукуматлари томонидан ядровий қурол яратиш уриниши сифатида шубҳа остига олиниб келинаëтган Эрон ядровий дастури¸ президент Руҳонийга кўра¸шаффоф кўринишда¸ тинч мақсадлар учун давом этади.
XS
SM
MD
LG