Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:23

Ўзбекистонда Шиа йўналишини чеклаш масаласи муҳокама қилинди


Шиалар Ироқнинг Киркук шаҳрида анъанавий Ашуро кунини нишонламоқда. (2013й.,14 ноябрь)
Шиалар Ироқнинг Киркук шаҳрида анъанавий Ашуро кунини нишонламоқда. (2013й.,14 ноябрь)
"Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамиятининг Самарқанд бўлими собиқ етакчиси Равшан Ғуломов Ислом динининг шиа йўналишини тарғиб қилувчи “ноқонуний миссионерлик фаолият”и олиб борганлигини фош қилувчи кўрсатув 21 ноябр куни “Ўзбекистон” телеканалида ëйинланганидан кейин Самарқанд¸ Бухоро ва Жиззахдаги бир неча масжид ва "Ўзбекистон-Эрон" дўстлик жамияти бўлимлари ходимлари билан махсус идоралар вакиллари Ислом динининг Шиа йўналишини тарғиб қилмаслик ҳақида суҳбатлар ўтказди.

Озодлик манбаларининг айтишича, шиаликни тарғибот қилишни чеклаш бўйича вилоят адлия бошқармаларида ҳам муҳокамалар бўлиб ўтган.

Озодликка 27 ноябр куни маълум бўлишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ва Хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамиятлари республика кенгашида Шиа йўналиши тарғиботини чеклаш масаласи муҳокама қилинган.

Бу ташкилотлардаги Озодлик манбаларининг айтишича, "Эрон-Ўзбекистон" дўстлик жамиятларининг Шиа мазҳаби тарғибот марказига айланмаслиги учун жиддий чоралар кўрилмоқда.

- Ҳозир республикада "Ўзбекистон-Эрон" дўстлик жамиятининг учта ташкилоти қолган. Биттаси Самарқандда, яна биттаси Фарғона водийсида. Бу идоранинг марказий бошқаруви Тошкентда. Улар жиддий назорат остида. Уларда ишлайдиган ҳодимларга масжид ва элчихоналар билан алоқа қилмаслик ҳақида аниқ тушунтириш берилди, дейди Хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамиятлари республика кенгашидаги Озодлик манбаси.

Олдинроқ "Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамиятининг Самарқанд бўлими етакчиси Равшан Ғуломов Шиа йўналишини тарғиб этгани учун 5 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган эди.

Жамият бошқарувидаги фаолининг Озодликка айтишича, Равшан Ғуломов устидан чиқарилган ҳукмга ундан мусодара этилган диний адабиётларда “сунний мазҳабидаги мусулмонларни ҳақоратловчи баёнотлар” борлиги асос бўлган.

Суҳбатдош таъкидича¸ Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси мутахассислари эксперт сифатида мусодара этилган диний адабиётлар юзасидан маҳкамага хулоса берган.

"Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамиятининг исми айтилишини истамаган фаоли Озодлик билан суҳбатда, Равшан Ғуломовнинг Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари тавсиясига кўра ишга тайинлагани ва қамалишидан сал олдин жамият Низомга зид ҳаракат қилгани учун ишдан ҳайдалганини айтди:

- У киши қамалишидан олдин ишдан ҳайдалган эди. Республика кенгашидан изнсиз равишда ўзбошимча фаолият олиб боргани учун ишдан олинган эди. Самарқанддаги ташкилот ҳозир ҳоким ўринбосари Шуҳрат Қулибоевнинг шахсан назорати остида ишлаяпти. Миссионерлик фаолиятига йўл қўйилмаслиги учун жиддий назорат кетяпти, деди суҳбатдош.


ТВ шиаларни “Фош қилди”

"Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамиятининг Самарқанд бўлими етакчиси Равшан Ғуломов шиа йўналишини тарғиб этгани учун 5 йил қамоқ жазосига маҳкум этилгани ва Самарқанддаги бир неча масжидда шиаликни тарғиб қилаëтгани ҳақида 21 ноябр куни Ўзбекистон телеканали “фош қилувчи” руҳдаги кўрсатувни ëйинлаган эди.

Кўрсатувда айтилишича, "Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамиятининг Самарқанд бўлими етакчиси Равшан Ғуломов шиа мазҳабини Эронниинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида тарғиб этган.

Равшан Ғуломов “элчихона кўмагида ноқонуний миссионерлик фаолияти” айблови билан беш йилга қамалгани кўрсатувда айтилган.

“Ўзбекистон” телеканали дастурида гапирган терговчилар, Равшан Ғуломов Тошкентдаги Эрон элчилигидан Исломнинг шиа мазҳабини тарғиб этувчи варақалар ва китобларни олиб, уларни Самарқанд ва Жиззах вилоятлари масжидларида тарқатганлигини таъкидлашган.

Кўрсатувда "Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамиятининг Самарқанд бўлими собиқ етакчиси Равшан Ғуломовни қўлга олиш чоғида тасвирга олинган оператив кадрлар ҳам намойиш қилинган.

Бу тасвирлар ортидан гапирган суҳандон Ғуломовга оид 500 китоб,1600 та журнал, 457 та варақа,100 дона диск ва учта лэптоп мусодара қилинганини билдирган.

Мусодара қилинган китоб ва дискларда Шиа воизларининг тарғибот руҳидаги ваъзлари бўлганлиги кўрсатувда айтилган.

Кўрсатувда Самарқанддаги “Мирзаавлиё” ва “Панжоб” масжидлари ўз низомларига тескари тарзда шиа тарғибот марказига айлангани танқид қилинган.

Шиа миссионерларини “фош қилувчи” дастурда Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари мамлакат ҳудудида Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган диний адабиëтларни тарқатгани танқид қилинди.

Кўрсатувда дипломатларнинг бу ”қилмиши” Дипломатлик муносбатлар ҳақидаги Вена конвенциясинимнг 41-моддасига зид келиши писанда қилинади.

1961 йилда қабул қилинган Вена конвенциясининг 41-моддасида дипломатларнинг маҳаллий қонунларни ҳурмат қилиши лозимлиги айтилган.

Кўрсатувда Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан шартномани бузмоқда, деган айбнома ҳам янграйди.

Равшан Ғуломовнинг қамоққа олиниши ҳақида мақола ёзган Фергана.Ру интернет нашри муҳаррири Даниил Кисловнинг Озодликка айтишича¸ кўрсатувнинг бу қисми ўзбек мулозимлари тарафидан "сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги" учун ўйлаб топилган:

- Агар бирор дипломат шартномани бузган бўлса, Ташқи ишлар вазирлигига чақириб норозилик нотаси топширилади. Кўрсатувда айтилган Вена конвенцияси шуни тақозо қилади. Билишимча, Эрон дипломатлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилмаган. Чақирилмайди ҳам. Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида Эронга ва Ғарбга мужда беряпти. Мана Ўзбекистонда Эрон сиëсатига қарши кайфият бор, деган. Яна билишимча, Роғун масаласида Эроннинг Ўзбекистонни қўлламагани ҳам расмий Тошкентга ëқмаган. Масалани очиқ айтиш ўрнига ўзбек мулозимлари ТВ орқали Эроннинг Тошкентдаги элчихонасини экстремизм тарғиботида айблашмоқда. Пировардида Ўзбекистон фуқароси 5 йилга қамаляпти. Бу ўзбек дипломатиясининг ўз фуқаросини қурбонликка келтирган навбатдаги иккиюзламачилиги десак ҳам бўлади, дейди Даниил Кислов Озодлик билан суҳбатда.

Даниил Кисловнинг Озодликка айтишича, маҳаллий матбуот ëритаëтган каби Ўзбекистонда фақат шиаларга қарши тарғибот кетаëтгани йўқ:

- Ўзбекистон ахборот манбалари муҳим ижтимоий воқеаларни акс эттирмаслигига қарамасдан “Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамияти фаолининг судланганлиги борасидаги маълумотлар кўплаб маҳаллий сайтларда нашр этилган. Буни пропаганда, деб малакалаш лозим. Айни пайтда Ўзбекистонда миссионерликнинг барча кўринишларига ва айниқса мусулмон тарғиботчиларига қарши ëппасига тарғибот олиб борилмоқда, дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълумотларига кўра¸ мамлакатда истиқомат қилувчи аҳолининг аксарияти суннийликнинг Имом Аъзам мазҳабига эргашган мусулмонлардир.

WikiLeaks орқали сиздирилган маълумотларга кўра¸ Ўзбекистонда бир неча юз минг шиалар ҳам яшайди. Улар асосан Бухоро ва Самарқанд вилоятларида истиқомат қилишади.

WikiLeaksда сиздирилган дипломатик депешаларда Ўзбекистондаги шиа жамоаларининг давлат билан алоқалари, шунингдек уларга АҚШ элчихонаси ходимлари билан гаплашган суннийлар расмий раҳбарларининг муносабати ҳақида гап боради.

Бу мавзуга доир биринчи каблограмма Тошкентдаги АҚШ дипломатик миссияси юқори мартабали ходими Брэд Хэнсон томонидан 2007 йил 16 июлда тайëрланган.

Каблограммада Хенфорд Бухорога бориб Ҳожи Мир-Али номидаги шиа масжидига ташриф буюргани ва Шиа имоми Иброҳим Ҳабибов билан суҳбатлашгани айтилади.

Каблограммада Ҳабибовдан келтирилган иқтибосга кўра¸ Бухорода 150 мингдан 200 минггача¸ Самарқанд вилоятида эса бир миллион шиа истиқомат қилади.

WikiLeaksда сиздирилган депешаларда, шунингдек, “Шиаларнинг аниқ сони маълум эмас, чунки ҳукумат мустақилликдан бери аҳолини рўйхатга олмаган", дейилган.

Мамлакатдаги асл вазиятдан хабардор мутахассислар шиалар имоми Иброҳим Ҳабибов келтирган рақамларнинг ҳақиқатдан йироқ эканлигини таъкидлаб айтдилар.
XS
SM
MD
LG