Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:49

Қимматбаҳо "Афросиëб" йўлидаги арзон симтўрлар ўғирланмоқда


2011 йилдан бошлаб Тошкент-Самарқанд йўналишида қатнай бошлаган “Афросиëб” тезюрар поезди йўлида ўрнатилган симтўрларнинг ўғирлаб кетилаëтгани¸ болаларнинг эса тезюрар поездга тош отишлари ўзбек расмийларини ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун муайян тадбирларни қўллашга мажбур қилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт прокуратураси расмийларининг давлат нашрларига маълум қилишича¸ ҳозирда Тошкент-Самрқанд ўртасидаги 344 километрлик масофани 2 соату 8 дақиқада босиб ўтаëтган “Афросиëб” поезди хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл бўйлаб тортилган симтўрлар аҳоли томонидан ўғирлаб кетилмоқда.

Расмийлар таъкидича¸ ўғирланган симтўрларни аҳоли ўз молхоналари иҳотаси учун ишлатмоқда.

Испаниянинг “Patentes Talgo S.L.” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган иккита тезюрар поезд испан ширкати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2009 йилда имзоланган олди-сотди битимига мувофиқ, 38 миллион еврога баҳоланган эди.

Тезлиги соатига 250 кмга ча чиқиш имконига эга бу икки қимматбаҳо испан поезди Тошкентдан Самарқандга боргунча¸ тўрт вилоят ҳудудидан ўтади. Озодликнинг бу поезд хавфсизлиги учун масъуллардан бири билан суҳбатидан аëн бўлишича¸ “Афросиëб” йўлидаги аксар ўғирлик ва тош отишлар¸ асосан¸ Жиззах ва Сирдарë вилоятларидан қайд этилмоқда

- Тошкент вилояти ҳудудида бу борада муаммо йўқ. Асосан¸ жғирлик ва тош отишлар Жиззах¸ Сирдарë ҳудудида кузатилади. Поезд хавфсизлиги учун бутун йўл симтўр билан ўралган. Лекин шунга қарамай¸ тош отишлар¸ иҳотанинг бузилиши поезд хавфсизлигига жиддий таҳлика туғдирмоқда¸ дейди “Афросиëб” хавфсизлигини таъминлашга масъуллардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Айтилишича¸ ҳозирда поезд ҳаракат хавфсизлигига жиддий таҳлика туғдирувчи бундай ҳаракатларга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқарилган .

Бундай тадбирларнинг асосийлари эса¸ “Афросиëб” ҳаракати хавфсизлиги учун масъулнинг Озодликка билдиришича¸ аҳоли ва ëшлар ўртасида тезюрар поезд хавфсизлигига оид ахборот тарқатишдир.

- Бу йил “Афросиëб” йўлидаги ўғирлик ва тош отишлар ўтган йилган нисбатан анча камайди. Сабаби¸ маҳалла қўмиталари ва мактабларда поезд хавфсизлигига оид тушунтириш ишларининг кенг йўлга қўйилганидир¸ дейди Озодлик суҳбатлашган темир йўл хавфсизлиги масъулларидан бири.

Афросиëб поезди қатновга қўйилганидан бери ҳаракат хавфсизлигига риоя қилинмаслиги оқибатида ҳозирга қадар бир неча бахтсиз ҳодиса қайд қилинган.
Хусусан¸ сирдарëлик 7 яшар Азиза Фахриддинова ўтган йилнинг 27 январ куни “Афросиёб” тезюрар поездидан олган оғир жароҳатдан ўзига келмасдан¸ ҳаëтдан кўз юмган эди.

Самарқанд Транспорт прокуратурасига кўра, тезюрар поезднинг кучли шамоли 7 ёшли Азиза Фахриддиновани учириб юборган.

Бундай фожиага эса¸ темир йўл бўйлаб ўрнатилган тўсиқларнинг бузилиб, ўғирлаб кетилиши, белгиланмаган жойдан тўсиқни ошиб ўтиш, поездларга тош отиш каби қонунбузарликлар сабаб қилиб кўрсатилган эди.

2012 йилнинг 16 июнь куни Жиззах шаҳри ҳудудида “Афросиёб” тезюрар поезди 30 ёшли Наргиза Сараевани уриб юборган ва аёл воқеа жойида вафот этган эди.

Гарчи “Афросиëб” йўлидаги муаммолар ҳамон сақланиб қолаëтган бўлса-да¸ Озодлик суҳбатлашган темир йўл хавфсизлиги мутасаддиларига кўра¸ Тошкент-Самарқанд йўналишидаги тезюрар поезд қатнови режадагидай давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG