Линклар

logo-print

Биометрик паспортлар ўзгартирилиши ҳақидаги гаплар исботланмади


Ўзбекистоннинг янги биометрик паспорти

Ўзбекистоннинг янги биометрик паспорти

Ўзбекистонда янги жорий қилинган биометрик паспорт халқаро стандартга мос эмаслиги боис яна алмаштирилиши мумкин деган гапларни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси рад қилди.

Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича, янги жорий қилинган биометрик паспортларнинг халқаро андазаларга мос келмайди деган гаплар фақат миш-миш тарзида:

-Шу боис туман паспорт бўлимларида одамларга тушунтиряпмиз. Кўчани гапларига ишонманглар биометрик паспортлар муддати тугагунга қадар яъни 10 йил ичида алмашмайди деб айтаяпмиз дейди Озодлик манбаси.

Манба таъкидича¸ Ўзбекистонда биометрик паспортлар бериш тизими Франциянинг Thales компанияси томонидан Oberthur Technologies компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва аэропортлардаги паспортларни автоматик ўқийдиган қурилмалар талабига жавоб беради.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистонда жорий қилинган биометрик паспорт дипломатик каналлар орқали жаҳоннинг барча мамлакатларига юборилган ва бу мамлакатлар эътирозига сабаб бўлмаган.

Озодлик мухбири боғланган Тошкент шаҳри Бектемир тумани паспорт столи бошлиғи ҳам биомертик паспортлар алмашинуви борасидаги гапларга чек қўйиш учун тушунтириш олиб борилаëтгани айтди.

- Биометрик паспорт жаҳон стандартлари асосида ишлаб чиқилган. Бу паспорт эгаси бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳам ҳеч қандай чекловсиз дунёнинг барча мамлакатларида ҳаракатланиши мумкин деди исми айтилишини истамаган мулозим.

Айни пайтда Ўзбекистонда кўплаб фуқаролар янги биометрик паспорт олиш билан боғлиқ мушкулотлар қаршисида қолишган.

Одатда 10 иш кунида берилиши керак бўлган паспорт бир ойдан ошиқроқ вақт ичида берилмоқда.

Озодлик тингловчиларидан бири АҚШдаги ишхонасидан бир ойга таътил олиб Ўзбекистонга келгани ва биометрик паспортни ололмай икки ой сарсон бўлгани, бунинг оқибатида АҚШдаги ишидан ажралиб қолаëзганидан шикоят қилган эди.

Бу аснода биометрик паспорти бўлмаган абитуриентларнинг ҳужжати ўқишга қабул қилинмайди, деган гап-сўзлар урчиди.

Ўзбекистондаги бюджет идоралари ходимларига тез фурсатда янги паспорт тизимига ўтиш кераклиги, акс ҳолда, маошлар берилмаслиги тўғрисида юқори идоралардан кўрсатма берилгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди.

Автосалон ва авиачипта дўконлари фуқаролардан биометрик паспорт талаб қила бошлади.

Банклар фуқароларга кредит расмийлаштирганида ҳам биометрик паспорт сўрашди.

Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ бу талаблар асоссиз:

- Ўзбекистонда 2011 йил 5 январдаги фармонига асосан, биометрик паспорт жорий этилган.Бу ҳужжатга кўра ҳозирги вақтда амалда бўлган эски намунадаги паспортлар 2015 йил 31 декабргача ҳақиқий бўлади. Эски паспорт эгалари яна икки йил ундан фойдаланиши мумкин деди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра¸Ўзбекистон фуқароси 2016 йил 1 январдан бошлаб фақат биометрик паспортлар билан ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Бу муддатгача республика фуқароларига биометрик паспорт бериш ишлари тугатилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG