Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:50

Ҳукумат газетаси тасвирлаган Андижонни андижонликлар танимади


Чироқ нафақат Андижонда, балки Тошкентда, "Пахтакор" стадионида ҳам ўчади.
Чироқ нафақат Андижонда, балки Тошкентда, "Пахтакор" стадионида ҳам ўчади.
“Шу кунда Андижон вилояти ҳудудида 115 та юқори вольтли подстанция, 5415 та трансформатор пункти ва 1400 километр масофага чўзилган электр қуввати узатувчи линиялар ишлаб турибди. Бу объектларнинг узлуксиз ишлаши 2440 нафар инженер-техник мутахассис назорати остида”.

Бу маълумот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий нашри - “Правда Востока” газетасининг 22 ноябрь кунги сонида эълон қилинган мақоладан олинди.

“Оқшом либосининг ёрқин нури”, деган сарлавҳа остида берилган мақола муаллифи тасвирлаган Андижон шаҳри ва вилояти Озодликнинг шу вилоятдаги тингловчилари тасвирлаган ҳудудга мутлақо ўхшамайди.


Газетадан яна бир иқтибос

“Правда Востока” босган мақола мана бу сўзлар билан бошланади:

“Беҳисоб чироқларнинг турфаранг нури Андижоннинг оқшомга чўмган кўча-кўйларию боғу роғларини безамоқда. Туманларнинг маъмурий марказлари, аҳолиси қалин қишлоқлари, янги турар-жой массивлари ёритаётган нур ой нуригина эмас”.

Шу сўзлар билан бошланган мақолани ўқир экансиз, Андижон шаҳри ва вилоятида электр қуввати таъминоти масаласида мутлақо муаммо йўқ, деган фикрга келасиз.

Ойдин кўчалар

Вилоят марказининг “Микрорайон”идаги кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қиладиган тингловчимизнинг сўзларига қараганда, “Правда Востока” мухбирининг гаплари асоссиз эмасдек кўринади.

- Шаҳар кўчлари тунда ёритиладими?

- Ҳа, яхши ёритилади,
деди андижонлик.

Лекин вилоятнинг турли туманларидан шу пайтгача олинган ва ушбу материални тайёрлаш учун олинган янги маълумотларга қараганда, ёруғлик шу ерда – газета мақоласию “Микрорайон”даги дом деразасидан кўриниб турган кўчада тугайди.
Вилоятнинг бир қатор туманлари билан боғландик. Барча суҳбатдошларимиз исмини айтмаслигимизни сўради.

Андижон вилояти, Андижон туманидаги Оқ ёр қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Кичик Найман қишлоғи:

- Чироқ эрталаб соат 5 – 6 ларда ёнади, 2 – 3 соатдан кейин ўчади. Кечки пайт яна 5 – 6 ларда ёнади, 2 – 3 соатдан кейин ўчади, деди кичикнайманлик.
Андижон вилояти, Бўз тумани:

- Чироқ ҳар куни ўчиб турибди.

- Бир кунга неча марта ўчади?

- Санаган эмасмиз. Кундузи ўчади кўпинча. 3 - 4 соатга, ундан ҳам кўпроққа ўчади,
деди бўзлик.

Андижон вилояти, Шаҳрихон шаҳри:

- Аҳвол ҳар йилгидайда, энди. Свет бир соат бўлса, тўрт соат бўлмайди, деди шаҳрихонлик.

Андижон вилояти, Шаҳрихон туманидаги Сегазақум қишлоғи:

- Кечаси, ярим кечада ёқишади. Саҳар, ерга ёруғ тушганда ўчиришади.

- Қачондан бери шу аҳвол?

- Ўчиришни 7 сентябрда бошлашган. Камида 11 – 12 соат ўчиришаяпти. Алҳида дафтар тутиб қайд этиб бораяпман. Масалан, 21 ноябрда 3 соат энергия берилган. 22 ноябрдан бери суткасига 5 ярим, 6 соатгина свет беришаяпти
, деди сегазақумлик.

Андижон шаҳрининг “Микрорайони”:

Бу мавзедаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи андижонликнинг гаплари умидбахш бошланди. Лекин...

- Йўқ, йўқ, свет яхши.

- Ўчмаяптими?

- Йўқ, йўқ, ўчмаяпти. Бир-икки соатга ўчади, холос. Кейин яна дарров ёндириб қўйишади.

- Ҳар куни бир-икки соатга ўчадими?

- Ҳа, ҳа, ҳа.

- Масалан, бугун соат нечада ўчди?

- Соат 9 да ўчган. 11 да яна ёқишди, деди андижонлик.


Чироқчининг ваъдаси

Хўш, нима учун вилоят бўйлаб, ҳатто вилоят марказининг ўзида ҳам аҳоли электр энергияси билан узлуксиз таъминланмаяпти?

Бу саволни бериш учун “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарияти билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Шунинг учун корхона раҳбари Тоҳиржон Йўлдошевнинг “Правда Востока” газетаси мухбирига айтган мана бу гапини келтириш билан чекланамиз:

- Электр энергияси узатиш объектларини тубдан модернизациялаш истиқболга, ҳаётнинг социал соҳасини яхшилашга хизмат қилмоқда. Энергия ўн минглаб ишлаб чиқариш корхоналарининг бир хил ритмда ишлашини таъминламоқда. Қишда ҳамма нарса керакли даражада бўлишига ишонаман.
XS
SM
MD
LG