Линклар

logo-print

“Даракчи” ижодий уйида молиявий тафтиш бошланди


"Даракчи" ижодий уйи эгаси Фирдавс Абдуҳолиқов.

"Даракчи" ижодий уйи эгаси Фирдавс Абдуҳолиқов.

27 ноябрь куни Тошкентдаги “Даракчи” ижодий уйи” маъсулияти чекланган жамиятида молиявий текширишлар бошланди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат Солиқ қўмитаси ва бошқа мутасадди органлар иштирокидаги тафтишлар 2000-2013 йиллардаги молиявий фаолиятни ўз ичига олди.

“Даракчи”да тафтиш бошлангани ҳақида “Озодлик” билан микрофонсиз суҳбатда “Бекажон” кўнгилочар нашри ходими маълумот берди.

Маълум бўлишича, мазкур тафтишлар СТВ телерадиокомпанияси доирасида ўтказилган текширувларнинг бевосита давоми бўлиб ҳисобланади. СТВ телерадиокомпанияси Гунора Каримовага мансублиги айтиладиган бир қатор телеканаллар эфирдан олиниши ортидан 31 октябрда ёпиб қўйилган эди.

Компания таъсисчиларидан бири Фирдавс Абдуҳолиқов “Даракчи” ижодий уйи” МЧЖнинг қимматли активларининг асосий қисмига эгадорлик қилади. Мазкур шахснинг ижод уйи эгаси экани, уни бевосита бошқариши ҳам айтилади.

“Босма нашрларнинг улгуржи бозорида “Даракчи” газетаси сотуви билан шуғулланаувчи тужжорлар газетанинг кейинги сонлари учун буюртмалар олмади. Аксинча, нашрнинг кейинги сонлари чиқамаслги мумкинлиги ҳақида вилоятлардан келган газета тарқатувчилар огоҳлантирилди” деди “Озодлик”ка “Бекажон” газетаси ходими.

Бироқ мазкур текширувлар ҳозирча “Даракчи ижод уйи” МЧЖ тизимидаги таҳририятлар ишига халақит бергани йўқ. Журналистлар ўз ишини давом эттирмоқда, газетанинг интернетдаги веб саҳифаси ҳам ишлаб турибди.

1992 йилда самарқандлик фуқаро Фируддин Абдухолиқзода (2008 йилда саратон хасталигидан вафот этган, таниқли медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовнинг отаси) томонидан асос солинган мазкур маъсулияти чекланган жамият йиллар давомида ўз фаолиятини кенгайтириб борди. Ҳозирги кунда ярим миллондан ортиқ нусхадаги кўнгилочар нашрларни чоп қилувчи ширкат Самарқанд, Гулистон, Марғилон ва Тошкент шаҳарларида ўз босмахоналарига эга.

Мамлакат медиа бозорида ўзига хос нуфуз ва ўринга эга бўлган “Даракчи” ижодий уйи” МЧЖ бошидаги “қора булут”лар Гулнора Каримова ҳамда унинг издошлари, хусусан, медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовга нисбатан олиб борилаётган сиёсат маҳсули бўлиб, бу жараён умумий тиражи салкам ярим миллионга етадиган кўнгилочар газеталарнинг ёпилишига олиб келиши мумкин.

Бир ой муқаддам Усмон Ҳақназаровга нисбат берилиб Ўзбекистонга оид интернет нашрларида босилган навбатдаги мақола ортидан Абдуҳолиқов фаолиятига нисбатан туғилган қизиқиш Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари эфирдан олиниши билан янада ортган эди.

Ушбу мақолада Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўртасида низо мавжудлиги, бунинг ортидан эса ҳукумат раҳбари ғазабига гирифтор бўладиган биринчи шахс, гўёки Фирдавс Абдуҳолиқов, деган иддао илгари сурилган эди.

Тошкентдаги норасмий манбалар бир ойча аввал Абдуҳолиқов ўзига қарашли Самарқанд-ТВ телеканали фаолияти тўхтатилиши ортидан Самарқанд вилоятига терговга чақирилганини ёзган эди .

Фирдавс Абдуҳолиқов ўзбекистонлик йирик медиамагнат сифатида ҳар доим матбуот диққатида турган фигуралардан бири бўлган.

У 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келган.

Бундан ташқари, кейинги йилларда у Ўзбекистон Президенти қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги FondForum ташкилоти тадбирларида ҳам фаол иштирок этаётган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида қолаётган эди.

Фирдавс Абдуҳолиқов Самарқанд прокуратурасига терговга чақирилгани айтилган кундан бошлаб матбуот билан мулоқот қилишдан қочмоқда. Унинг айни пайтда қаерда экани ҳам жамоатчилик учун номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG