Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:38

Тошкентда маҳалла оқсоқоли сайлови театр томошасига айланди


Жиззахда катта миқдорда минерал ўғит ўғирлангани фош қилинди. Ўзбекистонда ОИТСга асосан эркаклар чалинмоқда. Автомобил эгалари портлашлардан огоҳлантирилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ишга қабул қилишда дастлабки синов даври бекор қилинди”

Ўзбекистонда бир гуруҳ шахсларни ишга қабул қилишда дастлабки синов даврини белгилаш тартиби бекор қилинди (“Инсон ва қонун”, 26 ноябрь).

Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, мазкур гуруҳга ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий ўқув юртларини битиргач, уч йил ичида биринчи марта ишга кираётган битирувчилар киради. Шунингдек, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари учун муайян миқдорда иш жойларини банд қилиш тартиби ҳам жорий қилинди.

“Афросиёб” тезюрар поездига тош отган боланинг ота-онаси жазоланди”

Тошкент-Самарқанд йўналишида ҳаракатланувчи “Афросиёб” тезюрар поездига тош отиб, вагон ойнасини синдирган ўқувчиларнинг ота-онаси жазоланди (“Адолат кўзгуси”, 28 ноябрь).

Суриштирув пайти вагон ойнасини синдирган болалар Боёвут туманидаги мактабнинг 8-синф ўқувчилари Р.Миртожиев ва С.Солиев экани аниқланган.

Боёвут тумани ҳузуридаги вояга етмаганларнинг ишлари бўйича комиссия қарорига асосан ўқувчиларнинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси асосан энг кам ойлик ишҳақининг 3 баравари миқдорида, яъни 274 минг сўмдан жаримага тортилган.

“Маҳалла оқсоқоли сайлови хўжакўрсинга ўтказилди”

Тошкент шаҳри Миробод тумани Мингўрик маҳалласи раисини сайлаш жараёни хўжакўрсинга ўтказилди (“Новый век”, 28 ноябрь).

Маҳалла фуқаролар йиғини раисини сайлаш учун маҳаллада яшовчи 40 га яқин киши саралаб олинган ва улар уч номзод – К.Китаева, Н.Пименова ва А.Саидхоновлар учун бутун маҳалла номидан овоз беришган.

Сайловда бевосита қатнашган фуқаро У.Ниёзовга кўра, овоз бериш жараёни демократик талабларга мутлақо жавоб бермаган, қонунга зид равишда “фалончи овоз беринг” қабилида очиқ тарғибот қилинган ва сайлов пировардида дастлабки босқичда етарли овоз йиғолмаган ва кейинги босқичга ўтиши мумкин бўлмаган номзод ғалаба қозонган.

Фуқаро У.Ниёзов натижаси аввалдан маълум бўлган томоша – сайловдан хижолат бўлганини таассуф билан қайд этган.

“Онлайн пластик карточка билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда”

Онлайн пластик карточкалари орқали савдо шахобчалари ва супермаркетларда ҳисоб-китоб қилинганда техник муаммолар учрамоқда. Баъзи ҳолларда эса савдо шахобчалари эгалари терминал ишламаётганини баҳона қилмоқда (“Ўзбекистон овози”, 28 ноябрь).

Республика давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Одилхон Рустамовга кўра, текширишларда 2660 дан ортиқ ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш қоидалари бузилиши ҳолатлари аниқланган. 2000 нафардан ортиқ шахсга маъмурий жарима, 1700 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига 4 миллиард сўмдан ошиқ молиявий жарима қўлланилган.

Қайд этилишича, пластик карточка билан боғлиқ муаммолар юзасидан 8371 244 98 98 ишонч телефони орқали солиқ идорасига шикоят қилиш мумкин.

“Ўзбекистонда ОИТСга асосан эркаклар чалинмоқда”

Ўзбекистонда ОИВ инфекциясига асосан эркаклар чалинмоқда (“Даракчи”, 28 ноябрь).

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази шифокори Собир Усмонов бу ҳолатни эркаклар аёллардан эркинроқ ҳаёт кечириши, уларни тергайдиган одам йўқлини билан изоҳлаган. Мутахассиснинг изоҳига кўра, бедаво хасталик асосан парентерал йўллари билан – зарарсизлантирилмаган маиший ва тиббий асбоблардан фойдаланиш орқали юқмоқда.

Шифокор Усмонов қулоқни тештириш, танага расм чиздириш (татуировка), қош, кўз ва лабларни татуаж қилдириш чоғида ҳам касалликнинг юқиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Газета маълумотига кўра, Ўзбекистонда ОИВ инфекциясига чалинганлар сони 27 мингдан ошади. Шундан 16181 нафари эркаклар, 11389 нафари аёллар.

“Жиззахда катта миқдорда минерал ўғит ўғирланган”

“Қишлоқхўшжаликкимё” ширкати тизимида катта миқдорда минерал ўғитларни ўзлаштириш ва суиистеъмолчилик ҳолатлари фош қилинди (“Ҳуқуқ”, 28 ноябрь).

Маълум қилинишича, ўтган 2012 йилнинг ўзида 2320 тоннадан ошиқ 1,3 миллиард сўмлик минерал ўғит талон-тарож этилган. Масалан, ширкатнинг Жиззах вилояти бошқаруви раиси Н.Ўтапов ва Дўстлик, Арнасой, Пахтакор филиаллари мансабдорлари тил бириктириб, қишлоқ хўжалик экинларини озиқлаштириш учун ажратилган 921 миллион сўмлик минерал ўғитни ўзлаштирган ва ўз каналлари орқали пуллаган. Айтилишича, айбдорларнинг жавобгарликка тортилиши таъминланган.

“Автомобил эгалари портлашлардан огоҳлантирилди”

Автомобил эгалари портлашлардан сақланиш учун газ баллонларини фақат лицензияга эга бўлган устахоналарда ўрнатиши лозим (“Оила даврасида”, 28 ноябрь).

Давлат стандартига асосан, газ баллони 3 йилда бир марта кўрикдан ўтказилиши шарт. Аммо ҳар эҳтимолга қарши бир йилда бир марта лицензияга эга устахонада кўрикдан ўтказиш тавсия этилади. Эслатмага кўра, баллонда газ босими 200 баррелдан ошмаслиги, газ баллон билан юрадиган енгил машиналарда 1 килограммлик қумли ўт ўчиргич бўлиши керак.

Газета маълумотига кўра, замонавий технологиялар асосида газ баллони ўрнатиш “Дамас” автомобили учун 1,7 миллион сўм, “Нексия” учун 1,9 миллион сўм ва “Ласетти” учун 3 миллион сўмни ташкил этмоқда.

“Фарғоналик ногирон аёл бир ярим йилдан бери кредит уюшмасидан ҳаққини оломаяпти”

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи II гуруҳ ногирони бўлган Ҳафизахон Абдусатторова “Данғара кредит” кредит уюшмасидан 8 миллион сўмга яқин ҳаққини ололмаяпти.

Фуқаронинг “Адолат кўзгуси” газетасига арз қилишича, суд қарори билан тугатилган кредит уюшмаси унга депозитга қўйилган 9 миллион 952 минг сўм маблағни ва 2 миллион 360 минг фоизни қайтариши керак.

Суднинг ҳал қилув қарори чиққанига бир ярим йилдан ошган бўлса-да, фуқарога 4 миллион сўм қайтарилган, холос. Кредит уюшмасини тугатиш комиссияси раиси А.Мелибоев Ҳ.Абдусатторова ва яна бошқа ҳақдорларни сарсон қилган, ҳатто уларни ўз ҳаққидан ихтиёрий равишда воз кечишга мажбурлашга уринган.
XS
SM
MD
LG