Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:44

Кинода Амир Темурни ўйнаган ўзбек актёри янги лойиҳада иш бошлади


Беҳзод Муҳаммадкаримов.
Беҳзод Муҳаммадкаримов.
Марказий Осиë кино санъатида илк маротаба Амир Темур ролини ўйнаган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов яна ижодга қайтиб янги лойиҳа устида ишлаëтганини Озодлик билан суҳбатда таъкидлади.

Ўтган асрниг тўқсонинчи йилларида ўзбек қизлари ўртасида секс тимсолга айланган ва бир муддат кўздан пана бўлган 49 яшар артист шу кунларда Ўзбекистон телеканалидаги лойиҳада иштирок этаëтганини айтди.

"Ўтган кунлар"да Отабек, "Амир Темур"да Амир Темур, "Шайтанат"да Элчин, "Абдуллатиф"да Абдуллатиф ва бошқа қатор турли характердаги бош ролларни ижро этган актёр бир муддат ижодий танаффус қилиб Америкада ижод билан боғлиқ бўлмаган фаолият билан шуғулланди.

Айни пайтда Беҳзод Муҳаммадкаримов яна ўзи учун қадрдон бўлган Миллий театр (собиқ Ҳамза номли театр)да ишламоқда.

- От айланиб қозиғини топади дейдику. Шу маънода яна санъатга қайтиб ижод қиляпман. Хозир Ўзбекистон телеканалидаги янги лойиҳа устидаги иш билан бандман. Навоий поезияси асосидаги туркум кўрсатувларда Навоий ғазалларини ўқияпман¸ дейди санъаткор.

Озодлик билан суҳбатда Беҳзод Муҳаммадкаримов ўз қалбида кундан кунга катталашаëтган орзуси ҳақида гапирди:

- Мен кинода Амир Темурнинг йигитлик даврини ўйнаганман. Ўша пайтда ëшим ҳам шунга мос эди. Ҳозир эса дунëни ишғол қилиб улкан империя яратган Амир Темурнинг етуклик пайтини ўйнагим келади. Бу борада кўп китобларни мутоала қилдим. Бу ролни жуда ўйнагим келади. Бу менинг дардли орзуим, дейди суҳбатдош.

Озодликнинг “Чодирҳаëл” дастурига меҳмон бўлган таниқли театр ва кино актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов билан суҳбатни тўлиқ тарзда мана бу ерда тинглаш мумкин:



Беҳзод Муҳаммадкаримов 1984 йилда Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомчилик институтининг (ҳозирги М. Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институти) актёрлик бўлимини тугатди.

1986 йилда Ҳамза номидаги, ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида актёр сифатида ўз фаолиятини бошлади.

Ана шундан кейин Беҳзод Муҳаммадкаримов театр ва кинода ўттиздан ортиқ образларни яратиб халқ орасида танилди.
XS
SM
MD
LG