Линклар

Гей иқрори: Мени қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилишларини истайман!


Дунёнинг турли бурчакларида жинсий озчилик вакиллари тез-тез гей парадлар ўтказиб туради.

Дунёнинг турли бурчакларида жинсий озчилик вакиллари тез-тез гей парадлар ўтказиб туради.

Ўзини ўзбекистонлик гомосексуалист деб таништирган йигит Ўзбекистонда жинсий озчилик вакилларига бўлган тоқатсизлик оқибатида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани, ўзга юртда ҳам бошдан кечирган кўргиликлари ҳақида ёзган ҳикоясини Озодликка юборди. Гейлар мавзусида Озодликка аввал ҳам интервью берган бу йигит рус тилида ёзган ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.



Мен Сатторов К.М., 1984 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида туғилганман. Оилада 7 фарзандмиз, мен энг кенжасиман. Мен бахтли оилада катта бўлдим, ҳеч нарсадан камчилигим йўқ эди!

Болалигим Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ўтди, боғчага бордим, 7 ёшимда эса, биринчи синфга бордим. Болалигимданоқ атрофдагилар учун бошқача бола бўлиб туюлардим, чунки, ҳозир ҳам эсимда, қизлар билан ўртоқ бўлишни, ўғил болалар учун мос келмайдиган ўйинларни ўйнашни истардим.

Ҳар хил ўйинчоқ ва кийимларни тикишни хоҳлардим, болалар билан футбол ўйнашни истамас эдим. Қизиқишларимни ҳеч ким қўллаб-қувватламас, мен билан ҳеч ким ўртоқ бўлишни истамас, катталар эса мени жеркиб беришарди...

Шундай қилиб йиллар ўтди, катта бўлиб, 14 ёшга кирдим. Вақт ўтган сари мени қизлар эмас, ўғил болалар қизиқтиришини англай бошладим.

Мусулмон оилаларда секс ва жинсий масалалар ҳақида гапириш одат бўлмагани учун, оилам ортиқча динга берилмаган ва масжидга қатнамайдиган бўлишига қарамасдан, мен бу ҳақда кимдан сўрашни билмас эдим. Ўзбекистонда жамиятнинг зеҳнияти шундай.

Тенгдошларим қиз билан йигит ўртасидаги жинсий муносабатлар ҳақида гаплашар эди, лекин мен бошқача эдим ва бошқалардан мени қизлар қизиқтирмаслиги билан фарқ қилардим, мен йигит ҳақида ўйлардим.

Мен мактабда ўқиган пайтларимда ҳали интернет йўқ эди, мен учун интернет номаълум бир нарса эди, ўшанда кечалари ухламасдан ҳовлини кезардим ва кўклардан сўрардим – нега мен бошқа болалардек эмасман.... нега дунёда бир ўзим шундайман?!

Менга синфимиздаги бир бола ёқишини англаб қолдим ва бу мени ақлдан оздиришига сал қолди. Нима қилишни билмас эдим. Ўзимни ёлғиз ҳис қилардим ва ўз ҳис-туйғуларимни гапириб берадиган одамни топа олмас эдим – ўша куни, йигитни севиб қолганимни англаб, ақлдан оздим ва уйга қайтиб қўлимдаги томирларни кесдим.

Лекин яқинларим мени қутқарди ва тез ёрдам чақирди. Кейин мени сўроқ-савол қила бошлаши, нега қўлимни кесганимни сўрашди – лекин мен ростини айта олмасдим, якка-махов бўлишдан кўра ўлганим афзал эди!

Менинг биринчи ҳамтўшагим қўшним бўлган, у мендан бир ёш катта эди. Кунлар ўтарди, уни кўргим келаверарди, лекин орамизда рўй берган ҳодисадан кейин, уялганимдан ва қўрққанимдан унга яқинлаша олмасдим.

Орадан вақт ўтиб, биз яна учрашдик, унинг онаси уйларида бизни ушлаб олди. Бу ҳаётимдаги энг даҳшатли, сўз билан тасвирлаб бўлмайдинган онлар эди.

Мен ўзимни худди ўликдай ҳис қилар эдим, мен учун даҳшатли ва қўрқинчли кунлар бошланди, энди нима бўлади, деб ўйлардим. Унинг онаси менинг ота-онамга ҳаммасини айтиб беради, деб қўрқардим.

У уйларига бошқа келмаслигимни талаб қилди. Уларнинг уйини айланиб ўтишни одат қилдим, онасининг кўзига тушиб қолмаслик учун мактабга айланма йўллар билан бориб келардим.

Қўшни бола билан битта мактабда ўқирдик ва унинг онаси бундан хавотирлана бошлади. Бир куни у мен билан гаплашгани мактабга келдида, “Нима қилсанг қил, лекин бу мактабга бошқа келма – ҳар қандай чорасини топиб, бу мактабдан кет, бўлмаса ҳаммага сенинг қанақа эканингни айтиб бераман”, деди.

Бундай зарбани кутмаган эдим ва нима қиларимни билмас эдим. Мактаб дарсларини қолдира бошладим, эрталабдан мактабга кетяпман, деб кўчаларни санғиб юрардим, тушдан кейин уйга қайтардим.

Бу кўп давом этмади, мактабга бормасдан, дарсларни қолдираётганимдан онам хабар топди ва нимага бундай қилдинг деган сўроқлар бошланди...

Мен бу мактабга боришни истамаслигим, у ердан ўқишдан кўра ўлганим яхши, деб айтдим. Онам “ўлганим яхши”, деган сўзлардан кейин рози бўлди, чунки мен ундан аввал ўз жонимга қасд қилган эдим. Онам мени яхши кўрарди, ҳаммадан мени ҳимоя қиларди. Лекин шунга қарамасдан ҳақиқатни ошкор қила олмасдим.

Онам мени шаҳардаги бошқа мактабга кўчиришни гаплашди. Мен гимназияга қатнай бошладим ва 9 синфгача ана шу гимназияда ўқидим. 1999 йилда тиббиётга ихтисослашган мактабга қатнай бошладим.

2001 йилда, 16 ёшдалигимда Тошкентдаги ҳарбий госпиталда опам вафот этди. “13.06.2001” бу даҳшатли кунни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман... лекин яқин кишимдан айрилганим устига катта опам ярамга туз сепди. У менга, ундан кўра сен ўлганинг яхши эди, деб айтди!!!

Бундай гаплардан кейин сиримни яқинларимдан ҳеч кимга ошкор қила олмаслигимни англадим! 15 ёшдалигимда опамнинг эри мени зўрлаганини ҳам ҳеч кимга гапириб бера олмаслигимни билардим!

2001 йилда 11 синфни битиргач, тиббиёт университетига ҳужжат топширдим, буни ўзим эмас онам истарди. Университетга кира олмадим ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига ишга жойлашдим. 2005 йилда шартнома бўйича ҳарбий хизматга чақирилдим, оддий аскар унвонида хизмат қилдим...

Бир куни ўртоғимникига кирсам, икки дўсти меҳмон бўлиб ўтирган экан. Улар гап орасида интернет ҳақида гапиришиб, “mamba.ru” танишув сайти ҳақида гап кетди. Улар бу сайтда руҳан хаста йигитлар бир-бири билан танишиши, бу пидарлар (педераст сўзининг слэнгдаги қисқартмаси-таҳр.) жонларига текканини гапириб, кула бошлашди.

Ўшангача бундай танишув сайтлари борлигини билмагандим, ўртоғимнинг уйидаги суҳбат ва уларнинг гомофоб (гомосексуалларга нисбатан тоқатсиз-таҳр.) эканлиги кўнглимга оғир ботди, лекин бошқа томондан мени ўша куни хурсанд қилган нарса – мен ёлғиз эмаслигимни анладим)))

Тез-тез интернет кафега қатнай бошладим ва “mamba.ru” танишув сайтида рўйхатдан ўтиб, гей йигитлар билан гаплаша бошладим. Ўзим учун хавф пайдо бўлишини билмасдан, сайтда ўз расмларимни эълон қилдим.

Танишув сайти орқали бир йигит билан гаплаша бошладим ва у мени уйига таклиф қилди. Таклифни хурсанд бўлиб қабул қилдим. Уйига келдим, ошхонада чой ичиб гаплашиб ўтирдик, у мени лабимдан ўпди ва анчагача ўпишиб ўтирдик.

Бу пайтда яширин камера ҳаммасини видеога олиб турган экан. Эшик жиринглади, у пицца буюриб қўйганини айтди, кейин бу пицца эмас, милиция ходимлари экани маълум бўлди. Улар кириб келишди ва йигит билан ўпишиб турганим тасвирланган видеони кўрсатишди.

Менга 120-моддани ўқиб эшиттиришди ва яқинларим, биринчи навбатда иш жойимга бу ҳақда хабар қилиш билан таҳдид қилишди. Ўшандагина Ўзбекистон жиноят кодексида 120-модда борлиги, бу моддага кўра, бесоқолбозлик 3 йилгача қамоқ билан жазоланиши ҳақида билдим.

Милиция ходимлари вазиятдан чиқишнинг йўли борлигини айтиб, мендан 1000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қила бошлашди, уларга менда бундай пул йўқ, деб айтдим. Қўлимга кишан солишиб, нарсаларимни тинтув қила бошлашди ва чўнтагимдан Мудофаа вазирлиги гувоҳномасини топишди. Улар менга соат 22:00гача муҳлат беришди, қўлларида видео борлиги, пулни вақтида олиб келмасам, уйимга келиб ота-онам билан гаплашиш билан қўрқитишди. Процентга (судхўрдан-таҳр.) қарз олиб, уларга беришга мажбур бўлдим.

Бу воқеадан кейин анчагача, танишув сайти орқали ҳеч ким билан учрашмадим ва танишмадим. Лекин ўзлигимни йўқотмаслик, бирор йигитни топиб, у билан танишиш истаги туҳмат ва таҳдидлар, милиция ходимлари шантажи олдидаги қўрқувдан кучлироқ бўлиб чиқди.

Яна қўрқа-писа танишув сайти орқали гаплаша бошладим. У пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Қуролли кучлари сафида хизмат қилардим. Бир куни хизматдошим тасодифан мобил телефонимга бир йигитдан келган смсни кўриб қолиб, менинг гей эканимни билиб қолди.

Бу воқеадан кейин Мудофаа вазирлигидан мени Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмга ўтказишди. Ҳарбий қисмга ўтказилганимдан кейин яна камсита бошлашди, бир куни эса, бошлиқ мени ўз хонасига чақиртириб, ўз хоҳишимга кўра ишдан бўшасам, менинг гей эканимни ҳеч ким билмаслиги, акс ҳолда бу ҳақда ҳамма билиши ва шармандалик билан кетишимга тўғри келишини айтди! Бу талабни қабул қилишга мажбур бўлдим ва 2006 йилда ўз хоҳишимга кўра хизматдан кетиш тўғрисида ариза ёздим.

Жинсий ориентациям туфайли ҳаётимда рўй берган бундай омадсизликлардан кейин ҳам умидни йўқотмадим, ҳаммаси яхши бўлишига ишонардим! Лекин гейлигим ортимдан тавқи-лаънат каби таъқиб қиларди. Атрофимдагиларнинг нафрати бошқаларга ўхшаб тинч ҳаёт кечиришимни имконсиз қилиб қўйди. Одамлар ва давлатнинг гейларга нисбатан нафрати шунчалик кучлики, улар одамни ғажиб ташлашга тайёр.

Қўлимдаги чандиқ ўз жонимга қасд қилишимдан қолган, ўнг оёғимдаги чандиқ эса, милиция томонидан қўйилган навбатдаги тузоқдан қочаётган пайтида қолган.

2007 йилда ҳеч нарсани ўйламасдан, илк бор Россияга кетишга қарор қилдим. Россиядаги ҳаёт, уйимдан узоқда яшашдан зерикиб, уйга қайтиш, ўтмишни унутиб, ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилдим.

Ҳаёлимда агар уйлансам, балким ориентациямни ўзгартира оларман, деган фикрлар кела бошлади. Лекин шу билан бирга уйлансам, ўз ёлғоним билан бир қизнинг ҳаётини барбод қилишим мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлардим. Бир муддат ана шундай ҳаёллар билан яшадим ва 2008 йилда яна мени тушунишадиган, мен қандай бўлсам, шундай қабул қилишадиган жойларга ўзимни излагани кетдим.

Москвага келиб, ўзимни Ўзбекистондагидан кўра анча эркинроқ ҳис эта бошладим. Ҳаётимда илк бор “Три обезьяны” (“Уч маймун”) номли гей клубга бордим, бу жойда ўзимни бошқалар каби оддий одамдек ҳис қилдим.

У ерда гейлар учун ташкилотга ишга қабул қилишаётгани тўғрисидаги эълонни кўриб қолдим. 17 май куни гейлар учун ташкилотга ишга жойлашдим. Россияда ҳам гей эканимни ҳаммадан яширишимга тўғри келди, лекин Ўзбекистондагидек босимни сезмас эдим ва милиция томонидан туҳмат йўқ эди. Фақатгина бу ерда рус миллатига мансуб бўлмаганим ва миллатчилар борлиги ташвишли эди.

Мен Москвада бахтиёр эдим, орадан кўп ўтмай ишдаги ҳамкасбим билан муносабатларимиз бошланди. Биз биргаликда кўп нарсани бошдан кечирдик, лекин энг даҳшатли ҳодиса йигитимни зўрлашгани бўлди.

Йиллар ўтган сари Россияда келгиндилар, айниқса, гейлар учун хавф ошиб борди. Петербургда, кейинчалик бутун мамлакатда қабул қилинган қонунлар, гейларнинг шундоқ ҳам енгил бўлмаган ҳаётини янада оғирлаштирди, Бирюлёводаги погром ва тартибсизликлардан кейин эса бутун Россия бўйлаб рус миллатига мансуб бўлмаганларни оммавий тарзда калтаклай бошлашди.

Россия бўйлаб вояга етмаганлар орасида ноанъанавий жинсий алоқалар тарғиботини тақиқловчи қонунлар тўлқини бошланди. Бир қарашда қонуннинг номи унчалик қўрқинчли эмас – қонунбузарлик ҳисобланган педофилдан ташқари ҳеч ким зарар кўрмайдигандек. Лекин кенг миқёсли камситиш дастури бошланди. 2012 йилда гей-тарғиботни тақиқловчи федерал қонун қабул қилингач, гейларга қарши сиёсат кучайди, жамият ва амалдорлар ҳужумга ўтишди.

Йигитим билан сўнгги 2,5 йилдан давомида ижарага олганимиз квартира эгаси кутилмаганда биздан ўзимизга бошқа жой топиб, квартирани бўшатишни сўради. Биз барча тўловларни ва ижара ҳақини вақтида ва тўлиқ тўлаганмиз, “нега?” деган саволимизга у икки йигитнинг бирга яшаши мумкин эмас, бу қўшниларнинг педерастияга (бесоқолбозлик) тўғрисидаги шубҳаларига сабаб бўлади ва унинг қўшнилар билан муносабатлари ёмонлашишига олиб келишини айтди.

Яшаш учун янги жой қидиришимизга тўғри келди. Лекин бу сафар уй топиш уч йил аввалгидай осон эмаслиги аниқланди. Риэлторлар (кўчмас мулк бўйича даллоллар-таҳр.) бир жуфт йигит квартира излаётганини билибоқ, ҳамкорлик қилишдан бош тортишар, чунки уй эгалари квартирани “нормал” тўлақонли болали оилаларга ижарага беришни исташини айтишарди.

Гейларга бўлган нафрат РФ (Россия Федерацияси) ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланиши, менинг рус миллатига мансуб бўлмаганим охир-оқибатда 2013 йилнинг октябрь ойида мени ишдан бўшатишларига олиб келди.

Уйга қайта олмайман, чунки мен Озодлик радиосига интервью берганимдан кейин яқинларим менинг гей эканимни билиб қолишган. Мен ўзим ҳам гей эканимни яширишдан чарчадим, мен биринчи навбатда инсонман, қандай ва ким билан яшашни ўзим ҳал қилишни истайман.

Мен ўз ҳуқуқларим учун курашишни истайман ва ортиқ сукут сақлашдан маъни кўрмайман. Кремлнинг сиёсати мени, Ўзбекистон фуқароси сифатида, гей сифатида бурчакка тақаб қўйди – бундан кейин қандай яшашни билмайман, чунки ватанга қайтишга йўл йўқ.

Давлат раҳбари – диктатор ва менга ўхшаганларнинг ашаддий душмани. У гомосексуализм ўзбеклар учун “жирканчли”, америкача услубдаги демократияни эса ўзбек маданиятининг “маънавий софлигини” таҳқирлайди деб ҳисоблайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG