Линклар

TeliaSonera тўрт менежер, жумладан, Ўзбекистондаги фаолияти учун масъул бўлган шахсни ишдан ҳайдади


Швециянинг TeliaSonera ширкатининг тўрт нафар юқори даражали менежери ишдан ҳайдалмоқда. Европадаги энг йирик телеком ширкатининг бу менежерлари кейинги бир неча йил давомида ширкатнинг “Евроосиёдаги ҳамкорлари” билан амалга оширган “олди-бердиларнинг баъзилари бизнес этикасига зид” бўлган. Ишдан олинганлар орасида TeliaSoneraнинг Ўзбекистон телеком бозорига кириб бориши учун бевосита масъул бўлган шахслар бор.


TeliaSonera ширкати раҳбариятининг тўрт нафар юқори даражали менежерни ишдан ҳайдаш қарорига телеком ширкати буюртмасига кўра Norton Rose Fulbright адвокатлик фирмаси ўтказган ички текширув натижалари сабаб бўлди.

Тўрт нафар юқори даражали бошқарувчининг ишдан олиниши муносабати билан TeliaSonera эълон қилган пресс-релизда айтилишича, бош қароргоҳи Лондонда жойлашган халқаро адвокатлик фирмасига швед телеком ширкатининг Евроосиёдаги ҳамкорлари билан кейинги бир неча йил давомида имзолаган келишувлари ва амалга оширган трансакцияларини текшириш топширилган.

Пресс-релизда айтилишича, апрел ойидан бери давом этаётган текширув натижасида шу пайтгача қилинган хулосаларда ишдан олинаётган тўрт шахс Евроосиёдаги ҳамкорлар билан “бизнес этикасига тўғри келмайдиган олди-берди” амалга оширилишига алоқадор бўлган.

TeliaSonera ширкати вакиллари Озодлик сўровига кўра ишдан олинган менежерлардан иккисининг шахсини ошкор қилди.

Ҳайдалганлардан бири ширкатнинг Евроосиё бўйича собиқ директори Теро Кивисааридир. Жаноб Кивисаари TeliaSonera Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун бевосита маъсул бўлган шахс ҳисобланади.

Швеция Бош прокуратураси TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнес бошлаш имкони эвазига бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берган, деган гумонларни тергов қилмоқда.

Айни пайтда TeliaSonera президенти Йоҳан Деннилинд жума куни ўтказган матбуот анжуманида тўрт менежернинг ишдан олинишига сабаб бўлган ички текширув Ўзбекистонни ўз ичига олмаган, деган иддаони илгари сурди. Шу билан бирга TeliaSonera прокуратура талаб қилган ҳужжатларни тақдим қилишга қарор қилганини билдирди.

Телефон орқали ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган Озодлик мухбирининг "Ишдан олинганларнинг бири TeliaSonera-нинг Ўзбекистонда иш бошлашида асосий рол ўйнаган Теро Кивисаари экани маълум бўлди; бошқа тарафдан Швеция прокуратураси билан ҳамкорлик қилишга рози бўлдик, деяпсиз, прокуратура терговининг марказий диққати эса яна Ўзбекистондаги фаолиятингизга қаратилган, бу омиллар сўнгги қарор Ўзбекистон билан боғлиқ эмас деган баёнотингизга қанчали мос келади", деган саволига мужмал жавоб қайтарди.

- Айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон бу текширувга киритилмади ва бу қарорга доир илк баёнотда буни аниқ айтдим, яна бир бор такрорлайман, йўқ, бу қарорга Ўзбекистон билан боғлиқ вазиятнинг алоқаси йўқ. Ишдан олинган шахсларга келсак, Теро Кивисаари мобил алоқа хизмати раҳбари лавозимидан ишдан аллақачон кетган эди, чунки унга нисбатан ортиқ ишончим қолмади. Ва тасдиқлашим мумкин, у бугун ишдан олинаётган шахслардан биридир, деди TeliaSonera президенти.

Озодлик мухбири Йоҳан Деннилинднинг бу жавобига қўшимча сифатида "Мазкур қарор Ўзбекистон билан боғлиқ эмас деяпсиз, лекин TeliaSonera-нинг айнан Ўзбекистондаги фаолияти жанжалларга сабаб бўлиб тергов қилинаётган бўлса, демак келгусида яна бошқа одамлар ҳам ишдан бўшатилишини кутсак бўларканда", дея сўради.

- Ўзбекистон масаласида Швеция прокуратурасида тергови давом этмоқда ва биз прокуратура билан тўла ҳамкорлик қилмоқдамиз. Лекин ҳозирда бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаяпмиз. Шахсан мен жавобсиз қолаётган саволларга жавоб топишимиз учун қўлдан келганча ҳаракат қилиш ниятидаман. Ва Ўзбекистон масаласида прокуратура билан ҳамкорликни давом эттирамиз,- дея жавоб берди Йоҳан Деннилинд.

TeliaSonera президенти матбуот анжумнида берилган бошқа бир саволга жавоб берар экан, ўзи раҳбарлик қиладиган ширкат Евроосиёдаги бошқа мамлакатларда ҳам Ўзбекистондаги каби олди-бердиларни амалга оширганини эътироф этди.

- Ўтказилган текширув Ўзбекистонни ўз ичига олмаган бўлсада, Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси ўтказган текшируви натижасида аниқланган Ўзбекистондаги олди-берди амалиёти, бу сафарги текширув натижасида бошқа мамлакатларда кузатилган амалиётдан кўп фарқ қилмаганлигига амин бўлдик. Яъни бу мамлакатларда бизнес учун эҳтимолий таҳликаларга етарли баҳо берилмаган, тегишли саволларга жавоб олинмаган, эҳтимолий таҳликаларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилмаган,- деди TeliaSonera президенти Йоҳан Деннилинд

Ишдан олинган яна бир менежер TeliaSonera ширкатининг бош молиявий директори Пер-Арне Блумквистдир. Блумквист жаноблари Озодлик Швед жамоатчилик телевидениеси билан ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирув жараёнида TeliaSonera ширкати Ўзбекистондаги фаолияти давомида Гулнора Каримова бошчилигидаги Фонд Форум ташкилотига пул берганини тан олган эди.

Журналистик суриштирув бошида турган Швед жамоатчилик телевидениеси мухбири Фредерик Лорин, 29 ноябрь кунги қарор Ўзбекистон билан боғлиқ эканига шубҳа қилмайди.

- TeliaSonera ишлайдиган бошқа мамлакатларда ҳам Ўзбекистондаги каби коррупцияга доир муаммолар борлигини биламиз. Шунинг учун баъзи масъул шахсларнинг ишдан олиниши жуда яхши хабар бўлди. Бошқа тарафдан TeliaSonera ўзига нисбатан бораётган тергов давомида мунтазам равишда ёлғон гапириб келганини ҳам кўрдик. Менимча, бу қарор бевосита Ўзбекистон билан боғлиқ экани аниқ. Агар бундай бўлмаса, демак улар Евроосиё бўлимида ишлайдиган бошқа одамларни ҳам ишдан олишлари керак бўлади, чунки Ўзбекистонга боғлиқ тергов давом этмоқда,- дейди Фредерик Лорин.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан Гулнора Каримовага 350 миллион доллар пора берганига оид иддаолар юзасидан Швеция бош прокуратураси олиб бораётган тергов давом этмоқда.

Бу иддаолар ортидан шу йилнинг февралида TeliaSonera президенти Ларс Нюберг истеъфога кетган эди.

Швеция прокуратурасидан ташқари, Швейцария, Франция ва Литва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам мазкур иш билан боғлиқ терговларни бошлаган.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG