Линклар

logo-print
29 ноябрь куни Вильнюсда якунланган “Шарқий ҳамкорлик” саммитида Украина Европа Иттифоқи билан ассоциацияга кириш тўғрисидаги шартномани имзоламади. Лекин Украина президенти Виктор Янукович яқин келажакда ушбу шартномани имзолашга ваъда берди. Айни пайтда Украина бўйлаб Европа Иттиқофи тарафдорларининг норозилик акциялари давом этаяпти.

Бугун Украина президенти Виктор Янукович Вильнюсда ўтаётган “Шарқий ҳамкорлик” саммитининг йиғилишида Европа Иттифоқи билан ассоциацияга кириш тўғрисидаги шартномани яқин келажакда имзолашга ваъда берди.

Януковичга кўра, мазкур шартномани имзолашнинг сўнгги босқичига чиқилган, лекин уни имзолаш икки кунлик саммит доирасида амалга ошмайди.

Саммит иштирокчилари Украинанинг ЕИ билан ассоциацияга кириши борасида қўллашларини билдиришган.

Саммит ёпилиши олдидан журналистлар олдида чиқиш қилган Европа Комиссияси Президенти Хосе Мануэл Баррозо ҳам бу борада таассуф билдирди.

- Биз Украина халқи ўзларини қанчалик европалик ҳис қилишлари, уларнинг Европа учун қанчалик жон куйдиришлари, Европа давлатларининг демократик аъзоси сифатида қабул қилинишга қанчалик тиришаётганларини биламиз. Биз албатта украиналик ҳамкорларимиз билан бу борадаги мулоқотларимизни давом эттирамиз. Биз албатта Укриананинг мустақил давлат сифатида қабул қилган қарорларини ҳурмат қилишимиз шартлигини унитмаймиз, деди Хосе Мануэл Баррозо.

Айни пайтдо Баррозо расмий Кремлнинг Украинанинг ассоциацияга кириш борасидаги иқтисодий тайёргарликларида ЕИ билан Киев ўртасидаги музокораларда иштирок этиш таклифини рад қилди.

"Бизнинг икки томонлама келишув учун уч томонлама шартнома қилишга эҳтиёжимиз йўқ" дея жавоб берди Баррозо Кремлнинг ушбу таклифига.

ЕИ Москвани Киевнинг ЕИ билан бирлашиш ҳаракатлари йўлида Украинага сиёсий ва иқтисодий босим қилганликда айблади. Айни пайтда Кремль расмийлари бу айбловни инкор қилишди.

Аввалроқ Киев ҳукумати “Шарқий ҳамкорлик” саммитида бу масалани мухокама этиш нияти йўқлиги ҳақида маълум қилган эди.

Сешанба куни телевидение орқали чиқиш қилган Украина президенти Виктор Янукович Европа Иттифоқи тарафидан таклиф этилган молиявий шартлар Украинани камситишини айтди.

Президентга кўра, ЕИ Украинага 610 миллион евролик ёрдам таклиф этган ва буни Халқаро валюта фонди билан бўлган келушувга боғлаб қўйган.

Януковичнинг айтишича, Украина ЕИ стандартларига етиши учун йилига 20 миллиард доллар талаб этилади.

Кейинчалик Украинанинг Европа Иттифоқига интеграция бўлиши жараёни тўхтатиб қўйилгани туфайли мамлакатда норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Намойиш иштирокчилари президент Виктор Януковичдан ЕИ билан шартномани имзолашни талаб этишди.

Бугун “Евромайдон” намойишчилари Киевдаги Европа майдонидан Польша чегарасигача “жонли ҳалқа” қилишни режалаштирган.

Бунинг учун бир пайтнинг ўзида 500 минг одам бир-бирига қўл ушлаб туриши лозим бўлади.

Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенко айни пайтда қамоқда ЕИ тарафдорларини қўллаб, очлик эълон қилди.

Дам олиш кунлари ҳам Киевда кўп минг кишилик намойишлар давом этиши кутилаяпти.

Муҳолифатчилар иш ташлашга ва ҳукумат истеъфосини талаб қилишга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG