Линклар

Киев полицияси Мустақиллик майдонига йиғилган юзлаб намойишчини тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газ қўллади. Айрим норозилар калтаклангани ва полицияга қаршилик қилганлар ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Украина полицияси Киевнинг Мустақилллик майдонига йиғилган юзлаб намойишчини тарқатиб юборди.

Ҳуқуқ фаоллари айрим намойишчилар калтакланганини айтишмоқда. Шунингдек, полиция намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ қўллаган.

Намойиш қатнашчиларидан бири Андрей бу ҳақда Озодлик мухбирига шуларни айтди.

- Полиция орқамиздан келиб, аввал қизларни калтаклай кетди. Ҳамма қоча бошлади. Биз ҳам қочиб, МакДонналдс кафеси ичига кириб, яширинишга мажбур бўлдик. Одамлар қаршилик қила олмайдиган аҳволда қолишди, - дейди Андрей.

Украина Ички ишлар вазирлигига кўра, полицияга қаршилик қилган 35 намойишчи ҳибсга олинган.

АҚШнинг Украинадаги элчихонаси Киевда намойишчиларга қарши куч қўлланилганини қоралади.

Бир кун аввал Украина президенти Виктор Янукович Европа Иттифоқи билан ассосиацияга кириши тўғрисидаги битимни имзолашдан бош тортган эди.

Сўнгги бир ҳафта давомида евроинтеграция тарафдорларининг норозилик чиқишларига саҳна бўлган Киевнинг Мустақиллик майдонини ҳозир Украинанинг махсус кучлари бўлинмаси назорат қилмоқда.

”Биз Украина ҳукуматини фуқаролик жамияти фаоллари ҳуқуқлари ҳамда сўз ва ифода эркинлиги қадриятларини ҳурмат қилишга чақирамиз”, - дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

Украинадаги етакчи мухолиф ҳаракат ҳисобланган Баткавшина партияси етакчиси Арсений Ятсенюк “бугун биз бошқа мамлакатда уйғондик. Вильнюс саммити ортидан Украина Беларусга ўхшаб қолди”, -деб таъкидлади.

Украиналик яна бир мухолифатчи, таниқли боксчи Виталий Кличко “агар бу тўхтатилмаса, Украина полиция давлатига айланиб, марказий Европада нобарқарорликлар манбаига айланади”, - деб баёнот берди.

Ҳар икки мухолифатчи майдонда намойишчиларга қарши куч қўлланилгани учун Украина Ички ишлар вазири ҳамда ҳукуматни истеъфо беришга чақирди.

Олти кун давом этган Киевдаги норозилик намойишларида 10 мингдан зёид одам қатнашди.
XS
SM
MD
LG