Линклар

logo-print
Украинадан келаётган хабарларга кўра, Киевда президент маъмурияти яқинида юзига ниқоб таққан номаълум гуруҳлар ва Беркут махсус кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлмоқда.

Юзига ниқоб тортган одамлар трактор ёрдамида президент маъмурияти томон юриш қилганида хавфсизлик кучлари қаршилигига учради.

Намойишчилар хавфсизлик кучларига қарата тош ирғитди. Полиция намойишчиларга қарши куч қўллагани холати кузатилмади.

Украина мухолфати етакчиларидан бири, танқили боксчи Виталий Кличко президент маъмурияти олдидаги тўқнашувларни "провокация", деб атади ва бу тўқнашувга мухолифатнинг алоқаси йўқлигини айтди.

Майдоннинг бошқа қисмида намойишчилар шаҳар ҳокимияти биносига кириб олишди.

Украинанинг мухолифатдаги “Озодлик” партияси фаолларидан бири Юрий Левченко, намойишчилар исниш ва ҳожатхонадан фойдаланиш эҳтиёжидан ҳокимият биносига кирганликларини айтди.

- Ҳокимият биноси дахлизидан нарига ўтиш ниятимиз йўқ. Исиниш ва ҳожатхонадан фойдананиш учун бу ерга кирдик. Биз босқинчи эмасмиз, европаликлармиз", - деди Левченко.

Украинанинг мухолифатдаги “Озодлик” партияси етакчиси Олег Тягнибок мустақиллик майдонида йиғилган минглаб оламонга қарата қилган нутқида бутун украиналикларни умумиллий норозиликка чақирди.

Украинадаги "Баткивщина" мухолифат партияси фаолига кўра, Киевнинг Мустақиллик майдонида бўлаётган намойишларда 500 мингдан ортиқ киши иштирок этмоқда.

Украина расмийларига кўра, шаҳарда вазият ҳукумат назорати остидадир. Бош вазир Николай Азаровнинг матбуот вакили Виталий Лукяненко:

-Ҳаммаси қонун доирасида ва тинч бўляпти. Улар бунга ҳақлидирлар. Кимки қонун доирасидан чиқадиган бўлса жазоланади, -деб айтди.

Киевнинг Мустақиллик майдонида намойишчиларга қарши куч қўлланилганидан ғазабга тўлган Украина мухолифати кўп минг кишилик норозилик намойишини ўтказишга қасд қилди.

Киевда якшанба куни намойишчилар шаҳар суди қарори асосида жорий этилган тақиққа қарамай Мустақиллик майдонига ёриб киришди.

Тарас Шевченко боғидан юриш қилган минглаб намойишчи қўйилган темир тўсинларни четга суриб, Мустақиллик майдонига юриш қилди.

Улар Мустақиллик майдонига кириб боришар экан полиция қаршилигига дуч келишмади. Мухолифат одамларни провокацияга берилмасликка чақирди.

Аввалроқ Киев суди 1 декабрдан келаси йилнинг 7 январигача мазкур майдонда оммавий намойишларни ўтказмаслик ҳақида қарор чиқарган эди.

Маҳкама янги йил тадбирларига халақит қилмаслик учун шундай тақиқ жорий қилинганини маълум қилганди.

Киевда намойишчиларга куч қўлланиши ортидан украин мухолифати ҳукуматни истеъфо беришга ва зудликда парламент ҳамда президентлик сайлови ўтказишга чақирди.

Намойишчиларга қарши куч қўлланилишини Украина президенти Виктор Янукович ҳам қоралаб чиқди ва бу борада текширув ўтказилишини ваъда қилди.

Шанба куни Мустақиллик майдонида полиция намойишчиларни калтаклаган, пировардида ўнлаб одам жароҳат олган.

Мухолифат фаоллари намойишчиларнинг куч билан тарқатилишига шахсан президент буйруқ берганини иддао қилишмоқда.

- Ҳукумат истеъфога чиқиши ва президент қилмиши учун импичмент қилиниши керак. Бунга эришиш осон эмас. Лекин биз, бирлашган мухолифат фаоллари, ҳар бир фуқаронинг эрки ва озодлиги учун курашга бел боғлаганмиз. Ғарбдаги ҳамкорларимизга шуни айтамизки, сўздан амалга ўтиш вақти келди, - деди Украинадаги Баткившчина мухолиф партияси етакчиси Арсений Еценюк.

Жума куни Вильнюсда ўтган ЕИ саммитида Украина президенти Виктор Янукович Европа Иттифоқи билан ассоциацияга кириш тўғрисидаги битимни имзолашдан бош тортган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG