Линклар

Киевда кеча оқшом норозилар баррикадалар қуриб, Мустақиллик майдонига кириш жойларини тўсиб қўйдилар. Майдонга йиғилган минглаб одам олдида чиқиш қилган сиёсатчилар уларни намойишларни тинч ўтказиш ва провокацияларга берилмасликка чақирдилар.

Аввалроқ Баткившчина фракцияси раҳбари Арсений Яценюк мамлакатнинг турли ҳудудларида яшовчи фуқароларни норозилик акциясида иштирок этиш учун Киевга келишга даъват этганди.

Якшанба оқшомида ўнлаб одам Киевдаги Ленин ҳайкалини бузиб ташлашга уринган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ҳайкал олдида содир бўлган тартибсизлик чоғида саккиз нафар милиционер жароҳат олган.

Кеча норозиларнинг бир қисми Киевнинг Банк кўчасида жойлашган президент маъмурияти биносини ҳам штурм қилишга уринганлар. Бу ерда улар милиция ва махсус топшириқлар бажарувчи отряд ходимлари билан тўқнашганлар.

Украиналик намойишчилар муддатидан олдин парламент ва президентлик сайлови ўтказишни талаб қилмоқдалар. Уларни шанба куни Мустақиллик майдонида милициянинг намойишчиларга қарши куч қўллагани жунбушга келтирган.

Норозилик намойишининг бошланишига мамлакат президенти Виктор Януковичнинг Европа Иттифоқи билан ассоциацияга кириш тўғрисидаги битимни имзолашдан бош тортгани сабаб бўлганди.

РИА Новостининг хабар қилишича, кеча Украина ташқи ишлар вазири расмий Киев вакиллари Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига оид масалалар юзасидан музокара ўтказиш учун жорий ҳафтада Брюсселга жўнаб кетишини билдирган.
XS
SM
MD
LG