Линклар

logo-print

“Россия МДҲ мамлакатлари билан виза тартиби ўрнатишдан манфаатдор эмас”


Россия Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари Константин Ромодановский.

Россия Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари Константин Ромодановский.

Россия учун Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига кирувчи мамлакатлар билан виза тартибини жорий қилиш фойдали эмас, чунки улардан ҳам шунга яраша жавоб бўлиши мумкин.

Бу мулоҳазани Россия Федерацияси Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари Константин Ромодановский “Итоги” журналига берган интервьюсида билдирди.

- Биз ўзимиз учун ҳам чегаралар ёпилишига тайёр бўлишимиз керак. Жумладан, тиғиз, том маънода, қариндошчилик алоқаларига эга бўлганимиз Украина билан ҳам. МДҲдаги бошқа қўшнилар билан ҳам умумий жиҳатларимиз кўп. Қисқаси, пировардида биз ютишдан кўра кўпроқ ютқазамиз, - деди Константин Ромодановский.

Шу йилнинг октябрь ойида Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Григорий Карасин Россия ва Украина ўз ҳудудига икки мамлакат фуқароларининг чет эл паспортлари билан киришига оид масалани ишлаб чиқаётгани ҳақида гапирганди ва айни пайтда бу ерда гап виза тартибини жорий қилиш ҳақида кетмаётганини ҳам урғулаганди.

- Биз ЕврОсИҲ, Божхона иттифоқини барпо қилдик, Ягона иқтисодий ҳудуд ташкил қилаяпмиз. Виза тартибини жорий қилиш бизнинг бу йўналишдаги ҳаракатларимизга зид келган бўларди, - деганди Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Григорий Карасин.

Константин Ромодановскийнинг таъкидлашича, Ҳамдўстлик мамлакатларидан келаётган одамлар оқими кўпайганига қарамай, чегараларни ёпиш Россия манфаатларига мос келмайди, чунки унинг сиёсати алоқаларни узишга қаратилган эмас.

Бу орада Россия Федерал муҳожирлик хизмати сайтида янги хизмат тури очилди. Эндиликда ҳар бир хорижлик бу хизмат воситасида ўзининг Россияга кириши мумкин ёки мумкин эмаслигини текшириб кўриши мумкин.

Ҳозир мазкур базада Россияга кириши тақиқланган 380 минг киши ҳақида маълумот бор. Бу одамларнинг ҳаммаси Россия миграция қонунларини бузгани иддао қилинмоқда.

Мавжуд қонунчиликка кўра, бу қонунларни қўпол равишда бузган чет элликлар уч, беш ва ҳатто ўн йилга Россия ҳудудига кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG