Линклар

Ўзбекистонда ОИТВ (Орттирилган иммун тақчиллиги вируси) га чалинганларнинг умумий сони шу кунда 27 минг 570 кишини ташкил қилади.

ОИТСга қарши кураш республика марказининг маҳаллий матбуот орқали тарқатган маълумотларига кўра, ОИТВга чалинганларнинг 16181 нафари эркак ва 11389 нафари аëллардир.

Марказ тарқатган маълумотларда ўтган йил декабридан бошлаб ОИТВ юқтирган аëллар сони ҳам ошаëтгани билдирилган.

ОИТСга чалинаëтган аëлларнинг сони умумий кўрсаткичнинг 30 фоизини ташкил қилаëтган бўлса ҳам бу рақамларнинг ошиб бораëтгани шифокорлар хавотирига сабаб бўлмоқда. ОИТСга қарши кураш республика маркази маълумотларида бу ҳолат ОИТВнинг жинсий алоқа орқали юқиши кўпайганидан далолат экани урғуланади.

Бу маълумотларда ОИТВнинг жинсий алоқа орқали юқиши умумий кўрсаткичнинг 52 фоизини ташкил қилиши айтилади.

Айни пайтда бу касалликнинг қон орқали ўтиши республикада анча камайгани ҳам таъкидланган. Бундан 5 йил олдин қон орқали ОИТВ юқтирганлар сони умумий рақамнинг 80 фоизини ташкил қилгани эътиборга олиниб¸ бу ҳолатнинг хавотирли жиҳати камайгани ҳам қўшимча қилинган.

Ўзбекистонда ОИТВни она қорнидаги болага юқиши энг кам фоизни ташкил қилиши ҳам ОИТСга қарши кураш республика маркази эълон қилган маълумотларда акс этган.

Унда ОИТВни она қорнида юқтирганлар 3 фоизни ташкил қилгани ва бу рақам ҳам камайиш тарафга қараб бораëтгани маълум қилинган.

Марказ маълумотларига кўра, кечган йилда ОИТВга чалинган болалар сони ҳам икки марта камайган.

Айни пайтда 14 ëэдан 16 ëшгача бўлган ўсмирлар орасида ОИТВга чалинганлар кўпайгани ҳам хавотирли сигнал ўлароқ билдирилган.

Бу маълумотга кўра, ОИТВга чалинганларнинг кўп қисмини 20 ëшдан 49 ëшгача бўлган эркаклар ташкил қилган.

Ўзбекистонда ОИТВга чалинишнинг олдини олиш учун қатор чоралар кўрилган.
Жорий йил сентябрида кучга кирган қонунга кўра, уйланадиган ўзбекистонлик ОИТСга қарши кўрикдан ўтиши шарт.

Бу меъёр 24 сентябрь куни кучга кирган “Одам иммун тақчиллиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши кураш тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган.

Одам иммун тақчиллиги синдроми (ОИТС) га қарши кураш марказлари врачларига кўра, бу касалликка чалиниш ҳолатлари, айниқса, меҳнат муҳожирлари орасида кўпроқ кузатилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси жорий йилнинг 7 июнида қабул қилган, Сенат томонидан 22 августда маъқуллаган ОИТСга қарши қонун 5 боб ва 28 моддадан иборат бўлиб, унинг муқаддимасида мазкур ҳужжатнинг “касаллик тарқалишига қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши” белгилаб қўйилган.

Қонунда ОИТВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг асосий йўналишлари сифатида бу курашнинг яхлит тизими фаолиятини таъминлаш, ОИТВга чалинганларни бепул махсус даволаш ва уларни ижтимоий ҳимоялаш, ОИТВ тарқалишининг олдини олиш чораларини амалга ошириш каби қатор йўналишлар белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 15-моддасида ОИТВга қарши махсус тиббий кўрикдан мажбурий тарзда ўтказиладиганлар санаб ўтилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG