Линклар

logo-print

Россияда эндигина ташкил топган “Dallol.ru” ахборот портали ижодкорлари Россияда яшаётган ўзбек муҳожирларини янги фильм танловига таклиф этмоқда. Бундан ташқари, “Dallol.ru” маълумот ҳамкорлиги муҳожирларга ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ ва озарбайжон тилларида муҳожирларнинг миграция ва бошқа масалаларига оид маслаҳат беришни йўлга қўйди. Лойиҳа бошқарувчиси Тойир Мақсудий Озодлик билан суҳбатда истаган интернет фойдаланувчиси қандай қилиб бу сайт орқали даромад олиши мумкинлигини тушунтириб берди.



Россия Интернет майдонида ўзбек тилида яна бир ижтимоий-маълумот портали ишга тушди.

“Dallol.ru” деб ном олган маълумот ҳамкорлиги портали Россияда меҳнат қилаётган ва ижодга бефарқ бўлмаган муҳожирларни кўп серияли фильмда иштирок этишга таклиф этмоқда. Бу фильмнинг сценарийси тайёр, аллақачон роллар кастинги ҳам бошланиб кетди, дейди лойиҳа тўғрисида Озодликка қўшимча маълумот берган“Dallol.ru” ижодкорлар гуруҳи бошқарувчиси Тойир Мақсудий.

- Биз ҳозир передача ва сериал олиш ҳаракатидамиз. Бизнинг асосий бўлимимиз Интернет телевидение бўлади. Шу орқали биз муаллифлик дастур ва киноларимизни қўймоқчимиз. Шунинг учун, Москвада ишлаб яшаётган қобилияти бор кинога тушиши келганларни ижод уюшмасига эшитган билганларни таклиф қиламиз,- дейди лойиҳа раҳбари.





Тойир Мақсудийнинг билдиришича, муҳожирлар ҳақидаги фильмда иштирок этишни истаганлар сайтда кўрсатилган телефон ва контакт маълумотлар орқали мурожаат қилиб кастингда иштирок этишлари мумкин.

Муаллиф “ўзбекларнинг бу ерда меҳнат қилаётгани аслида трагедия, аммо биз шу трагедияни кулги ёрдамида кўрсатиб бермоқчимиз”, дейди.

- Бизга Москвада ишлаб яшаётган 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган қобилиятли эркак ва аёллар керак. Телесериал бўлганидан кейин у ерда жуда кўпчилик бўлади. Қисқаси, ўзимизнинг ватандошларнинг шу ерда ишлаб-яшаши кўрсатилади. Турли тоифа ва ёшдаги аёл-эркаклар кўрсатилади. Ахир бу ерда оғир меҳнат қилиб ишлаб юради, уйга борганида эслаб кулади бўлган воқеалар устидан. Мен шу ҳодисаларни аския ҳолатида кўрсатиб бермоқчиман,- дейди ролларга танлов аллақачон бошланганини гапирган Тойир Мақсудий.

Бундан ташқари, “Dallol.ru” долзарб мавзуларга оид ўзининг ахборот-таҳлилий ток-шоулари билан чиқиб туришни режалаштираётгани маълум бўлди.

“Dallol.ru” муаллифлари сайтда автомобил ва бошқа буюмлар олди-бердиси, иш изловчи ва иш берувчилар эълонлари, бизнес лойиҳалар ва ҳамкорлик қилиш учун махсус бўлимлар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Муҳожирлар учун эса сайтда мусиқа, бадиий филм ёки ўзлари олган видео- ва аудиорликлар юклаш имконияти очилган. “Dallol.ru” Россияда бўлаётган ҳар қандай ҳодиса-воқеалар билан портал орқали ўртоқлашишга чақирди.

Озодлик билан суҳбатда ижодий директор Тойир Мақсудий порталда меҳнат муҳожирлари масаласига жиддий эътибор берилгани ва улар учун онлайн ёки телефон маслаҳатлар линияси ташкил этилганини ҳам қўшимча қилди.

- Ҳозирда иш юритаётган асосий бўлимимиз бу юридик бўлим. Унда 3-4 юристларимиз мигрантларга юридик хизмат бериш учун ишлайди.Консултация берилади, бизга телефон қилиб бепулга маълумот олиш мумкин. Улар иммиграция карточкасидан тортиб фуқаролик олиш масаласигача кўмаклашади. Бошқа шаҳардан қўнғироқ қилганларнинг пули кетмаслиги учун биз ўзимиз қайтариб телефон қиламиз. Афсуски, шахсий корхона бўлганимиз сабабли ҳозирча биз жиддий суд ишларида бепул иштирок эта олмаймиз, деди Тойир Мақсудий.

Суҳбат якунида “Dallol.ru” бошқарувчиси Тойир Мақсудий Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида яшаётган ўзбек Интернет фойдаланувчиларини ҳамкорлик қилишга ва ўзбек тилида янгиликлар яратишга чақирди.

Лойиҳада иштирок этиш истагида бўлганлар info@dallol.ru электрон манзили ёки 8 (495) 25-50-911, +7(963) 961-61-19 телефонлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG