Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:34

Гулнора Каримованинг иддаосини Греция Ташқи Ишлар вазирлиги ўрганмоқда


Гулнора Каримова ўз Twitter саҳифасида эълон қилган, Янис Галаноснинг видео кўрсатмасидан олингани иддао қилинаётган расм.
Гулнора Каримова ўз Twitter саҳифасида эълон қилган, Янис Галаноснинг видео кўрсатмасидан олингани иддао қилинаётган расм.

Гулнора Каримова ўз Twitter саҳифасида Греция фуқароси "Галанос қийноқлар натижасида 20 килога озиб кетгани" ва "худди кинолардаги каби даҳшатли тарзда айбига иқрор қилдиргани"ни иддао қилди. Бу иддаони Греция Ташқи Ишлар вазирлиги ўрганмоқда.


Греция фуқароси 31 ëшли Янис Галаноснинг 13 ноябрь кунидан бери Ўзбекистонда ҳибсда қолаëтганлиги масаласини Грециянинг Москвадаги элчихонаси ўрганаяпти.

Янис Галанос кечмишлари билан боғлиқ тафсилотларни Озодлик мухбиридан олган элчихонанинг жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича мулозими бу масала борасида Греция Ташқи Ишлар вазирлиги билан маслаҳаталашув бораëтганини билдирди.

- Шу пайтгача бизнинг элчихона бундай ҳолат билан дуч келмаган эди. Агар Янис Галанос ҳақиқатан ҳам Греция фуқароси экани аниқланса, биз унга керакли даражада ҳуқуқий кўмак берамиз. Ҳозирги пайтда Афина билан бу масала ечимини муҳокама қилишга киришдик¸- дейди Озодликка гапирган Грециянинг Москвадаги элчихонаси жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича мулозими.

Янис Галанос билан бирга Гулнора Каримовага оид лойиҳаларда иштирок қилган россиялик блоггер Антон Коробков Галаноснинг Греция фуқароси бўлганини айтади. Коробков Греция элчихонасининг ўз фуқароси тақдирига уч ҳафтадан бери бефарқ бўлганидан таажжубланди:

- Янис Галанос Ўзбекистонда ҳибсга олинган куни Россия матбуотида бу ҳақда ëзилди. Мен ўзим ҳам бир неча мақола ëздим¸ телеканалларга интервью бердим. Европа фуқаросининг ҳеч бир айбловсиз уч ҳафта қамоқда ушлаб турилиши нафақат Ғарб, балки Ўзбекистондаги мавжуд қонунларга ҳам зид, - дейди Россия жамоатчилик палатаси аъзоси¸ блоггер Антон Коробков Озодлик билан суҳбатда.

30 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Янис Галанос Ўзбекистон МХХ ертўласида “айбига иқрор” бўлгунига қадар қийноққа тутилгани ҳақида твит ëзди.

"Янис Галаносни жуда қаттиқ калтаклашган ва у камера олдида кўрсатма беришга мажбур бўлган - қандай даҳшат, бу каби ҳолатларни аввал фақат фильмлардагина кўрардик", дея твитлади Каримова.

Гулнорага кўра, Янис қийноқлар оқибатида Каримова Twitter-фолловерларининг 90-99 фоизи сохта, дея айтишга мажбур бўлган.

Гулнора Каримова ўз твитларида қийноқлар воситасида Янис МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаев тўқиб берган матнни видеокамера олдида ўқишга мажбур бўлганини ëзади.

Каримованинг твитларига кўра, Янис Галаноснинг видео кўрсатмасини МХХ ичидагилар унга сиздирган.

Яниснинг қаердалиги ҳануз номаълум эканини айтган Каримовага кўра, "Галанос қийноқлар натижасида 20 килога озиб кетган ва унинг видеосида юзидаги кўкарган ва шишган жойлари билиниб турибди".

Дизайнер, фотограф Галанос шу пайтгача Каримова лойиҳаларининг фаол иштирокчиси бўлган. Гулнора Янисга нисбатан қийноқлар айнан МХХ Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев буйруғи орқали амалга оширилганини иддао қилди.

Каримова Ҳаёт Шарифхўжаев ва унинг укаси Жавдатни қоралашни давом эттириб, "У ва унинг укаси-бу рэкет.. Улар Ўзбекистоннинг бутун бизнесида қачон ва қаерда истаса, маски-шоуни амалга оширишади", дея твит қолдирди ўз лентасида.

Ҳозир МХХ ертўласида тергов қилинаëтган ва Гулнора Каримованинг олдинги твитларида айтилишича, Фарғонада сўроқ қилинаëтган 31 ёшли Янис Галанос ва у дуч келган муаммолар ҳақида Россия жамоатчилик палатаси аъзоси¸ блоггер Антон Коробков Озодликка гапириб берди.

- Мен у билан бир неча марта Ўзбекистондаги лойиҳаларда бирга иштирок этганман. Ҳаракатчан, изланувчан, ижодий ўсишга интиладиган шахс. У Совет Иттифоқида туғилган ва кейинчалик Греция фуқаролигини олган. Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг лойиҳаларини амалга оширишда катта ишлар қилган, - дейди Коробков.

Суҳбатдош Янис Галаноснинг бундан уч ҳафта олдин қай тарзда қамоққа олингани тафсилотларини ҳам гапирди:

- Бундан уч ҳафта олдин 13 ноябр куни эрталаб 11 ларда Янисни қуролли кишилар Тошкент марказидаги катта кўчада қўлга олишди. У тушган такси иккита машина билан йўл четига тақаб тўхтатилди. Кейин қуролли кишилар Янисни такси ичидан суғуриб олиб, номаълум тарафга қараб кетишган, - дейди блоггер Антон Коробков Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка маълум бўлишича, айни пайтда Янис Галаноснинг онаси Тошкентда ўғлининг мавҳум тақдиридан хавотирланиб ўтирибди.

Гулнора Каримова ўз твитларида Янис Галаноснинг суяк касали билан оғриган хотини ва бир яшар ўғли Исроилдаги касалхоналардан бирида муолажа олаëтганини ëзган эди.
XS
SM
MD
LG