Линклар

ЕИ билан яқинлашув тарафидаги украиналиклар норозилиги давом этмоқда


Ҳукумат биносини қуршаб олган норозилар "Украина Европадир" шиорини ушлаб турибди. 2 декабрь, 2013 йил.

Ҳукумат биносини қуршаб олган норозилар "Украина Европадир" шиорини ушлаб турибди. 2 декабрь, 2013 йил.

Киев марказида президент Виктор Янукович истеъфосини талаб қилаётган минглаб норози ҳукумат биносини қуршаб олди. Януковичнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзоламаслик қарорига қарши Украина бўйлаб норозилик намойишлари бир неча кундан бери давом этмоқда. Ўтган шанба куни Киевдаги намойишнинг куч билан бостирилиши норозиликларнинг янада кучайишига олиб келди.


Якшанба куни Киевнинг Мустақиллик майдонида 100 мингдан 350 минггача одам иштирокидаги намойиш пайтида полиция билан норозилар ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Юзлаб намойишчи тунни Мустақиллик майдонида тикилган чодирларда ўтказди, душанба куни эрталаб намойиш иштирокчилари сони ортди. Душанба куни янги шиддат билан давом этган намойиш иштирокчилари ҳукумат биноси ва у жойлашган кўчанинг атрофини тўсиб олиб, давлат хизматчиларининг ўтишига йўл қўймаяпти.

Ички ишлар собиқ вазири, ҳозирда мухолифат етакчиси Юрий Луценко норозилик намойиши давом этишини ваъда қилди.

- Вазирлар маҳкамаси кетиши керак, ҳамда янги ҳаёт, жумладан, янги иқтисодий ҳаёт бошланиши керак,- деди мухолифат етакчиси.

Ҳукумат биносининг қамал қилиниши якшанба куни Киевда юз минглаб одам иштирокидаги намойишнинг давоми бўлди. Якшанба куни Киев марказидаги Мустақиллик майдонига чиққан намойишчилар сони 100 мингдан ярим миллионгача, деб тахмин қилинмоқда.

Бу 2004-2005 йиллардаги Зарғалдоқ инқилобидан бери Украина пойтахтида уюштирилган энг йирик намойиш бўлди.

Киевдаги президент саройи олдида ўтказилагн намойиш пайтида норозилар билан полиция ўртасида тўқнашув рўй берди. Полиция намойишчиларни тарқатиш мақсадида кўз ёшини оқизувчи газ ва тўқмоқларни ишга солди.

Якшанба кунги тўқнашувларда 200 дан ортиқ одам, жумладан намойишчилар ва полиция вакиллари жароҳатлангани хабар қилинди. Жароҳатланганлар орасида украиналик ва хориж журналистлари ҳам бўлгани айтилмоқда.

Душанбага ўтар кечаси юзлаб намойишчи Мустақиллик майдонида қолди. Николай Коваленко улардан бири:

- Мен охиригача қоламан. Йўқотадиган нарсам йўқ. Набирам бор, катта бўлиб қолган болаларим бор. Улар яхши ҳаёт кечирсинлар учун шу ерда қоламан, дейди намойишчи.

Намойишчилар Киев шаҳар кенгаши ва марказий касаба уюшмалари биносини босиб олишган ва у ерда ҳам норозилар тунни ўтказди.

Украинанинг бошқа шаҳарларида ҳам минглаб одам иштирокида норозиликлар уюштирилди. Мамлакат ғарбидаги Львов шаҳрида якшанба куни 40 мингдан ортиқ одам намойишга чиқди.

Бош вазир Микола Азаровнинг матбуот вакили Виталий Лукьяненко ҳукумат фавқулодда ҳолат режимини жорий қилиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

Мухолифат умумхалқ ишташлашига чақириб, сешанба куни парламентда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик билдириш орқали, уни ҳокимиятдан четлатиш ниятини билдирди.

Януковичнинг Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш тўғрисида битимни имзолашдан бош тортишига қарши намойишлар ўтган шанба куни куч билан бостирилиши ортидан, норозилик янада авж олди.

Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битими ўтган ҳафта Вильнюсда ўтказилган саммитда имзоланиши керак эди.

Россия Киев мазкур битимни имзолайдиган бўлса, бунинг Украина учун иқтисодий оқибатлари бўлиши билан таҳдид қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG