Линклар

Душанба куни Россия президенти Владимир Путиннинг Ереванга қилган ташрифи чоғида Арманистонга етказиб берилаётган газ, нефть маҳсулотлари ва ишлов берилмаган олмосга нисбатан фавқулодда бож тўловларини бекор қилиш ҳақидаги битимга қўл қўйилди. Мазкур ҳужжатни икки давлат энергетика вазирлари Александр Новак ва Армен Мовсесянлар имзоладилар.

Путин билан музокаралардан кейин Арманистон президенти Серж Саргсян ўз мамлакати тез орада Божхона Иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудудга қўшилиш учун қадамлар қўяжагини билдирди.

Шу куннинг ўзида Ереванда мингга яқин одам Арманистоннинг Божхона Иттифоқига қўшилиш режаларига қарши ўтказилган норозилик намойишида иштирок этди.

Маълумотларга кўра, намойишчилар қўлларида “Путин, уйингга қайт”, “Серж, йўқол”, “Россия, тўхта” деб ёзилган плакатларни кўтариб турганлар.

Ереван кўчаларидан бирида норозиларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашуви бўлиб ўтган.

Газета.ру хабарига кўра, кеча Арманистон пойтахтида юздан зиёд акция иштирокчиси ушланиб, полиция участкасига олиб келинган. Кейинчалик уларнинг кўпчилиги қўйиб юборилган. Полиция маълумотларига кўра, намойишда иштирок этган 12 фаол маъмурий жавобгарликка тортилади.
XS
SM
MD
LG