Линклар

2025 йилга бориб ҳар бир истеъмолчи йилига 292 килограммдан сабзавот истеъмол қилади. “Ўзбекистоннинг 2025 йилгача бўлган озиқ-овқат хавфсизлиги стратегияси” ҳисоботида Иқтисодий тадқиқотлар маркази экспертлари ана шундай тахминни илгари суришган.

Бу ҳақда хабар қилган Mezon.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистонда бу йил, расмий маълумотларга кўра, 8,1 миллион тонна сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилиши кутилмоқда. Бу ўтган йили йиғиштириб олинган ҳосилдан 5 фоизга кўпдир.

Маълумотларга кўра, полиз экинларини етиштириш бўйича Тошкент (1,7 миллион тонна), Самарқанд (1,37 миллион тонна) ва Андижон (1 миллион тонна) вилоятлари деҳқонлари пешқадамлик қилмоқда. Улар етиштирган маҳсулот бутун мамлакат бўйлаб етиштирилган полиз экинларининг қарийб ярмини ташкил этади.

Айни пайтда бу вилоятларда Ўзбекистонда етиштирилган сабзавотларнинг учдан икки қисми ёки 67 фоизи қайта ишланмоқда.

2015 йилга бориб мамлакатда сабзавот ишлаб чиқариш ҳажмини 9 миллион тоннага, сабзавот қайта ишлаш ҳажмини эса 1 миллион 400 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

2012 йилги маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 183,8 минг гектар жой полиз экинлари учун ажратилган.

Мамлакатда етиштирилган мева-сабзавотнинг бир қисми (500 минг тоннадан 700 минг тоннагача) хорижга, асосан, Қозоғистон ва Россияга экспорт қилади. Аммо бу ерда ўзбек деҳқонларининг Ўзбекистон ва маҳсулот олиб кирилаётган мамлакат чегара ва божхоналарида кўп ҳолларда сарсон бўлаётганига ҳам урғу бериш жоиз.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ўтган йил октябрида республикада етиштирилган қовун-тарвуз ва узумнинг мамлакат ташқарисига экспорт қилиш тартибини енгиллаштириш масаласини кўриб чиққанди. Бироқ бу каби тадбирлар ҳам, гувоҳларга кўра, якка тартибдаги сабзавотфурушлар оғирини енгил қилмаган.

Ўзбекистон ширкатлари 2014 йилда Европа Иттифоқи давлатларига 100 миллион доллардан ортиқ ҳажмда мева-сабзавот етказиб бериш ҳақида ҳам шартномалар имзолаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев шу йилнинг 19 сентябрь куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Латвия ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида маълум қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG