Линклар

Қирғиз президенти мухолифатчини "ўғри" деб атади


Ўш мэри Мелис Мирзақматов (марказда) норозиларни қўллаб-қувватлашини билдирмоқда.

Ўш мэри Мелис Мирзақматов (марказда) норозиларни қўллаб-қувватлашини билдирмоқда.

“Қирғизистонда бутун умр фақат давлат лавозимларида ишлаб мултимиллионер бўлган ўғриларга қарши охиригача курашаман”. Қирғизистон президенти Ўшда мухолифат лидери Ахматбек Келдибековнинг тарафдорлари ўтказаётган кўп минг кишилик митингга муносабат билдирар экан мана шундай баёнот берди.

Ўшда давом этаётган митингда норозилар “Ата Журт” партияси лидерларидан бири, парламент депутати Ахматбек Келдибековни ҳибсдан озод қилинишини талаб этмоқда. Келдибеков Ижтимоий ҳимоя жамғармаси раиси, Давлат солиқ назорати раҳбари ва парламент раиси лавозимларида ишлаган пайтда давлатга 40 миллион сўмлик зиён етказганликда айбланиб, қўлга олинган эди.

Қирғиз матбуотида Келдибеков ва унинг оиласига мансуб бўлган мол-мулк рўйхати эълон қилинган, бу рўйхатга ишонилса, бутун умр фақат давлат лавозимида ишлаб келган Ахматбек Келдибеков ва унинг хотини ўнлаб автомашиналар, йигирмалаб уйлар ва катта миқдордаги ер майдонларига эгалик қилади.

Қирғизистон президенти Ўшда ўтаётган митингга муносабат билдирар экан: “Ўғрилар билан охиригача курашаман. Уларни мингга яқин киши қўлласа, мени миллионлаган одамлар сайлаган”, деб баёнот берди.

Бироқ норозилар Ахматбек Келдибековнинг қўлга олинишини сиёсат билан боғламоқдалар. Норозилар фикрича, Келдибеков ҳукуматга мухолиф бўлгани учун қўлга олинган. Бундан ташқари норозилар “Қирғизни бошқа қирғизлар хўрламаслиги керак. Қирғизлар бошингларни кўтаринглар” қабилидаги ғояларни ҳам баралла айтишди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Ўшдаги мухбири Эрнис Нурматовнинг хабар беришича, Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзакматов митингчилар олдида сўзлаган нутқида “Келдибеков қамоққа олинганидан кейин Атамбаев мансуб бўлган КСДП партияси лидери Чинибай Турсунбеков ҳам қўлга олинса коррупцияга қарши ҳақиқатан ҳам холис кураш олшиб борилаётганига ишонар эдик. Шунинг учун митингни давом эттираверинглар.Ҳозирча шаҳарнинг хўжайини мен бўламан”, деб баёнот берган.

2 декабрь куни 3 мингга яқин норзи Ўш вилоят ҳокимиятини босиб олишга икки марта ҳаракат қилган. Бироқ милиция бунга йўл бермаган.

Ўш шаҳар милициясининг билдиришича, ҳокимиятни босиб олишга ҳаракат қилган норозилар билан тўқнашувда 9 милиция ходими жароҳат олган. Норозилар орасида жароҳат олганлар ҳақида маълумот йўқ.

Ўш вилоят ҳокимиятини босиб олмоқчи бўлган норозиларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг Конституциявий тузимни куч билан ўзгартиришга чақириш моддаси асосида жиноят ишлари очилган.

Ўшда Келдибеков ҳимоясига чиққан норозилар ҳукуматга уч кун муддат ичида мухолифат лидерини озод қилиш талабини қўйдилар.

Ахматбек Келдибеков 20 ноябрь куни қўлга олинган эди. Бунгача Келдибеков мансуб бўлган мухолифатдаги “Ата Журт” партиясидан парламент депутати Нариман Тулеев коррупцияда айбланиб қўлга олинган. Парламентдаги ҳукумрон кўпчилик вакили бўлган Қирғизистон ижтимоий ҳимоя вазири Равшан Собиров ҳам 20 минг доллар пора талаб қилганликда айбланиб, 5 йилга қамалган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG