Линклар

logo-print
Қароргоҳи Берлинда жойлашган Transparency International халқаро ташкилоти томонидан 3 декабрь куни эълон қилинган Коррупция даражаси индекси (Corruption Perceptions Index) рейтингида Ўзбекистон бу йил 177 давлат орасида 168-ўринни эгаллади.

Бу Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ вазият қарийб ўзгармаганини англатади. Transparency International ташкилотининг ўтган йилги рейтингида Ўзбекистон 170-ўринга қўйилганди. Бироқ бошқа давлатлардаги коррупция даражаси ёмонлашиши ҳисобига бу йил икки поғона юқори кўтарилишга эришган Ўзбекистон ҳали ҳам дунёдаги энг коррупциялашган мамлакатлар ўнлигини тарк этолмади.

Марказий Осиё мамлакатлари ичида коррупция даражаси Ўзбекистон билан тенг бўлган мамлакат фақат Туркманистон бўлиб ҳисобланади. У ҳам Ўзбекистон каби 17 балл билан бу йилги рейтингда 168-ўринга қўйилган.

Transparency International ҳисоботида Қирғизистон 24 балл билан 150-ўринни, Тожикистон эса 22 балл билан 154-ўринни эгаллагани қайд этилади. Коррупция даражаси пастроқлиги бўйича минтақа давлатлари орасида Қозоғистон пешқадамлик қилмоқда, бироқ унинг ҳам вазияти мақтанарли эмас – бу мамлакат TI рейтингида 140-ўринда турибди.

- 2013 йил учун Коррупция даражаси индекси ҳамма мамлакатлар бошқарувнинг барча даражаларида – маҳаллий миқёсда рухсатнома беришдан тортиб қонунлар ва ҳуқуқий меъёрларни амалда қўллашгача – аввалда бўлгани каби коррупция хавфига дуч келаётганини кўрсатмоқда, - дея билдирган Transparency International бошқарув ҳайъати раиси Угетт Лабелль.

Бу йилги рейтингида жаҳонда коррупция даражаси энг паст бўлган мамлакатлар ўлароқ Дания ва Янги Зеландия (91 балл) кўрсатилган. Бу борадаги энг ёмон кўрсаткич 8 балл олган Афғонистон, Шимолий Корея ва Сомалига дохилдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG