Линклар

Швейцария прокуратураси Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовнинг ўғли ҳибсга олингани ҳақида @GulnaraKarimova микроблогида берилган иддаони тасдиқламади. Бу иддао 30 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли, деб кўрилаётган микроблогда пайдо бўлган эди.


Швейцария Бош прокуратураси матбуот котиби Жанет Балмер номидан Озодликка йўлланган мактубда Ўзбекистон ММХ раҳбари Рустам Иноятовнинг ўғли бу давлатда ҳибсга олинганига доир маълумот тасдиқланмаслиги айтилди.

"Мен бундай "ахборотни" тасдиқлай олмайман", дейилади расмий мактубда.

@GulnaraKarimova микроблогида 30 ноябрь куни қолдирилган твит.

@GulnaraKarimova микроблогида 30 ноябрь куни қолдирилган твит.


30 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли, деб кўрилаётган @GulnaraKarimova микроблогида Ўзбекистон хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўғли Швейцарияда ҳибсга олингани иддао қилинган твит пайдо бўлди.

"Мутлақо махфий фактлар, мисол учун яқинда Швейцарияда Иноятов ўғлининг МТС билан боғлиқ банк ҳисоблари иши бўйича 2 ойга ҳибсга олиниши! бомба бўлишини биламан", мазмунида твит қолдирди @GulnaraKarimova.

@GulnaraKarimova микроблогида 30 ноябрь куни қолдирилган твит.

@GulnaraKarimova микроблогида 30 ноябрь куни қолдирилган твит.

Яна бир твитида у бу йигитнинг исми-фамилияси Шариф Иноятов, деб келтирди:

"...Ана Шариф Иноятовга ёпишишсин! У аллақачон у ерда ўтириб чиққан", мазмунида твит ёзди @GulnaraKarimova.

Орадан бир кун ўтиб, бу твит микроблогдан ғойиб бўлди.

Бироқ, ўша кунларда @GulnaraKarimova микроблогини кечаю-кундуз кузатаётган журналистлар ва блоггерлар орасида бу иддао ёйилиб улгурди.

Жумладан, Uznews сайти ҳам бу гап Швейцария прокуратураси томонидан тасдиқланмаганини ёзар экан, микроблогдаги бу иддаони компроматлар урушида қўлланилган навбатдаги айблов сифатида тилга олди.

Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятовга қарши илгари сурган бу даъводан бироз олдин - 23 ноябрь куни Twitter тармоғида @nurik_sadykov деган фойдаланувчи пайдо бўлган эди.

Гулнора Каримованинг қўлида 10 йилдан ортиқ ҳисобчилик қилган Нурик - Нурмуҳаммад Содиқов эканини даъво қилган бу блоггер 2013 йилнинг январида Гулнора Каримовага қарашли одамлар томонидан ўғирлангани ва 10 ойдан ортиқ ушлаб турилганига оид матбуотда берилган даъволарнинг ростлигини иддао қилди.

23 ноябрь куни @nurik_sadykov: "Мен узоқ сукут сақладим ва бу ишларга аралашишни истамадим, лекин Гулноранинг твитлардаги валдирашларини ўқигач, менда бошқа чора қолмади", мазмунида твит қолдиргач, уни саволларга кўмиб ташлашди.

"Сизни Гулнора Каримовага қарашли шахслар ўғирлагани тўғрими?", мазмунидаги саволларга у: "Ҳа, бу ҳақиқат, унинг (Гулноранинг - Таҳр.) кўрсатмаси билан мени 10 ойча ушлаб туришди", деб жавоб берди.

Эслатамиз, Россиянинг Пенза шаҳрида истиқомат қилишини айтиб, 6 ноябрь куни Озодликка боғланган Анвар Махатов куёви Нурмуҳаммад Содиқов 2013 йилнинг январь ойида президентнинг қизига хизмат қиладиган Олег ва Рафиз исмли йигитлар томонидан ўғирлангани, қийноққа солингани ва айни пайтда тақдири номаълум қолаётганини иддао қилган эди.

Бу иддао эса Twitter микроблогида фаоллашиб қолган @GulnaraKarimova Ўзбекистонда ҳукумат учун яширинча кураш олиб бораётган кланлар жиноятларини фош қилишга киришган паллада тилга олинди ва ўша заҳотиёқ президент қизига қарши илгари сурилган компромат сифатида баҳоланди.

Зеро @GulnaraKarimovaнинг ўзи ҳам орадан бир кун ўтар-ўтмас Нурмуҳаммад Содиқовнинг унга қарашли одамлар ўғирлаганини инкор қилиб, буни “орган томонидан ўзига қарши қилинган ҳаракат” дея иддао қилди.

Бу иддао Гулнора Каримованинг "ҳуфя ҳисобчиси" деб кўрилган ва номи Ўзбекистон ҳукумати режими ҳақида МХХдаги манбаларига таяниб, мақолалар бериб келадиган, Усмон Ҳақназаров исмли номаълум муаллиф чиқишларида илгари сурилган даъволарга бўлган қизиқишни кучайтирди.

2013 йилнинг 28 мартида эълон қилинган: “Хайр Америка ёҳуд Каримов Кремль шартларини қабул қилмоқда” деган сарлавҳали мақолада "Ҳақназаров"нинг иддао қилишича, президентнинг қизи Гулнора Каримова ва Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимов ўртасида низо чиққан.

Натижада томонлар МХХ структурасида ўзига бўйсунган гуруҳлар воситасида бир-бирига қарши компроматлар йиғиш, уларни матбуотга сиздириш ҳаракатига тушган.

Дарвоқе, илк компроматлар шу йилнинг март ойи охирида Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимов ва унинг оиласига қарши @GulnaraKarimova микроблогида берила бошлади.

Орадан бир ой ўтиб - 24 апрелда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида элчилар рўйхатидан мамлакатнинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги доимий вакили сифатида қайд этилган Гулнора Каримованинг номи олиб ташланди.

Орадан яна бир ой ўтиб - 22 майда Гулнора Каримова Швециянинг TeliaSonera ширкатига кўп миллион долларлик ҳақ эвазига Ўзбекистон давлат идораларидан “ҳимоя қилишни” таклиф қилганига ишора қилувчи ҳужжатлар Швеция матбуоти қўлига тушди.

Натижада Гулнора Каримованинг номи Швеция ва Швейцария прокуратуралари 2012 йилдан буён юргизаётган "ўзбеклар иши"га оид терговларда эҳтимолий тўртинчи гумон қилинувчи шахсдан бири сифатида тилга олинди.

Кейинчалик - июль ойида Гулнора Каримовага алоқадор кўрилган Франциядаги уйлар полиция томонидан тинтув қилинди.

Август-октябрь ойлари оралиғида эса Гулнора Каримовага алоқадор кўрилган Ўзбекистондаги ташкилотлар, савдо дўконлари ва телеканалларда текширувлар бўлди ҳамда уларнинг аксарияти ёпилди.

Октябрь ойи охирига келиб унга қарашли бизнес империя тамомила қулади ва Гулнора Каримова унга қарашли, деб кўриладиган @GulnaraKarimova микроблогидаги бунтини бошлади.

Бу гал у нафақат Молия вазири Рустам Азимов ёки Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов, балки ўз онаси, синглиси ва холаваччаларига қарши айбловларни ёғдириб ташлади.

Сўнгги бир ой ичида матбуотда мисли кўрилмаган шов-шувларга сабаб бўлган бу микроблог бир неча бор ёпилиб-очилди ва сўнгги бор 2 декабрь тунда кўриниш берганича, ҳамон ёпиқ қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG