Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:42

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси собиқ раҳбари қамалди


Ўзбекистондаги сердаромад ширкатлар эҳсони билан ташкил этилган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси собиқ раҳбари Абдулла Очилов маблағни ноқонуний ўзлаштиришда айбланди. Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий нашри Очиловнинг 2 миллиард сўмни ўзлаштиргани ҳақида ёзди.


Ўзбекистон Бош прокуратурасининг расмий нашри — “Ҳуқуқ” газетасининг хабар беришича, 53 ёшли Очилов “Arklav Biznes” ширкатидаги шериклари билан бирга жамғарма ҳисобига ўтказилган 2 миллиард сўмлик маблағни ноқонуний ўзлаштирган.

Тошкентнинг Юнусобод туман Жиноят ишлари суди Очилов ва унинг шерикларини озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Уларнинг қанча муддатга қамалгани ва ҳукмнинг қачон чиқарилгани ҳақида “Ҳуқуқ” газетаси маълумот бермаган.

Айни пайтда Юнусобод туман суди ҳам бу ҳақда маълумот бермади.

Тергов хулосасида айтилишича, Очилов “Arklav Biznes” ширкатидаги шериклари билан тил бириктириб, тендерда сунъий рақобатни юзага келтирган. “Arklav Biznes” ширкатининг тендерни ютиб чиқишини таъминлаш учун бошқа корхоналар номидан ҳам тендер ҳужжатлари тайёрланган ва жамғарманинг тендер бўйича комиссиясисига тақдим қилинган.

Шунингдек, терговчилар ҳозирлаган ҳужжатда тендерни ютиб чиққан “Arklav Biznes” билан спорт анжомлари етказиб бериш юзасидан сохта шартномалар тузилиб, савдо қоидаларини бузган ҳолда турли фирмалар орқали катта миқдордаги пул маблағлари "обналичка" қилингани айтилган.

Абдулла Очилов Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси раҳбари лавозимидан ўтган йилнинг ноябрь ойида бўшатилган эди.

У жамғарма тузилган 2004 йилдан буён бу лавозимни эгаллаб келган. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгаши раиси эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдир.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистондаги деярли барча даромадли корхоналар, жумладан мамлакатда хориж сармояси асосида ишловчи ширкатлар ҳам президент васийлигидаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига йирик миқдорда пул ўтказишга мажбурланган.

Жумладан, Fergananews агентлиги хабарига кўра, 2012 йилда Ўзбекистондаги учта мобил оператори - “Коском”, “Ўздунробита” ва “Юнител” ширкатларининг ҳар бири жамғармага 250 миллион сўм миқдорида маблағ ажратган.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ўзи тарқатган расмий маълумотларда, 2012 йил давомида жамғарма ҳисобига ҳомийлардан 40 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ўтказилгани айтилади.

- Ўзбекистондаги энг даромадли бизнес вакиллари президент қарорлари асосида шу жамғарма учун "соғин сигир"га айлантириб қўйилган. Йилига миллиардлаб сўмлик маблағлар шу жамғармага оқади. Бу ерда икки миллиард сўм ноқонуний ўзлаштирилган дейиляпти, ўғирликлар бундан-да кўп бўлиши мумкин. Қанчаси ўмарилишини ҳеч ким билмайди, - дейди Ўзбекистон Марказий банкига яқин манба.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисоботида келтирилишича, сўнгги 10 йил давомида жамғарма маблағлари ҳисобидан мингдан зиёд болалар спорти объекти, жумладан, 252 та янги спорт мажмуаси, 861 та спорт зали қурилган.

Бунинг учун 570 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
XS
SM
MD
LG