Линклар

"Капиталбанк"нинг Тошкентдаги бош офисини прокуратура ходимлари бир ҳафтадан буён тафтиш қилаяпти. Текширувлар бошлангач, банкнинг пойтахтдаги айрим валюта алмаштириш шохобчалари ёпилган. Манбаларга кўра, банкнинг Гулнора Каримовага алоқадорлигига оид иддаолар текширилмоқда.

Марказий банкка алоқадор манбанинг Озодликка хабар қилишича, "Капиталбанк"нинг пойтахтдаги бош идорасидаги текширув Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Манбанинг айтишича, текширув тахминан бир ҳафта аввал бошланган.

"Капиталбанк" ходимлари текширувни на тасдиқлади, на инкор қилди.

Мазкур банкдаги вазиятни ўрганган Тошкентдаги манбага кўра, прокуратура ходимлари "Капиталбанк"нинг молиявий фаолиятини текшириш баробарида банк Гулнора Каримовага қанчалик алоқадорлигини ҳам ўрганаяпти.

“Капиталбанк"нинг аҳволи шу кунларда яхши эмас. Ушбу банк ҳам Гулнора Каримовага алокадор, деб гумон қилинаяпти. Текширув кетмокда. Хусусан молиявий маблағларнинг четга чиқиб кетиши билан боғлиқ вазият текширилаяпти”, дея хабар қилди манба.

Банкнинг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка гапирган тошкентлик мижозларидан бири текширув бошлангач, банкнинг шаҳардаги аксар валюта алмаштириш шохобчалари ёпилганини айтди.

“Текширув 6-7 кундан буён давом этаяпти. Шу текширув бошланганидан бери шаҳардаги валюта пунктларнинг кўпи ишламаяпти. Мен ўзим Кадешов билан Қўйлиқдаги валюта пунктларида пул алмаштирардим. Лекин ҳаммаси ёпиқ, ишламаяпти. Эшикларига "Ремонт" деб ёзилган”, деди "Капиталбанк" мижози.

Ҳозирда Ўзбекистондаги энг катта банклардан бири ҳисобланадиган "Капиталбанк" ўз фаолиятини 2001 йилда бошлаган.

"Капиталбанк"нинг ўзбек олигархларидан бири саналадиган Ботир Раҳимовга тегишли экани айтилади.

Centrasia.ru сайти маълумотига кўра, Ботир Раҳимов "Капиталбанк", суғурта компанияси, рангли метал қазиб чиқарадиган конни ҳам ўз ичига олган қатор ширкатлардан иборат "Капитал" холдинги соҳиби ҳисобланади.

Ботир Раҳимов 2010 йилнинг баҳорида номаълум муддатга ҳибсга олингани айтилган эди. Ҳибс тафсилотлари ҳозиргача Озодликка маълум эмас.

Ўша йили Раҳимовнинг ҳибсга олингани билан боғлиқ хабарлар ортидан "Капиталбанк"да ҳам кенг кўламли тафтиш ўтказилган.

Озодлик манбасига кўра, айнан Ботир Раҳимовга қарши ҳаракатлар бошланганидан сўнг Гулнора Каримованинг "Капиталбанк"ка алоқаси кучайгани иддао қилинади.

Президент қизининг иҳоталаниши ортидан унинг назоратида бўлгани айтиладиган “Кредит-Cтандарт” тижорат банкида бошланган оддийгина тафтиш ноябрь охирига келиб банкнинг ёпилиши олиб келди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG