Линклар

logo-print

Каримовага ҳамкор бўлган ҳунармандларни ҳам солиқ текшираяпти


Ўзбек ҳунармандлари Гулнора Каримова сийловига ноил бўлишган

Ўзбек ҳунармандлари Гулнора Каримова сийловига ноил бўлишган

“IJOD” Ўзбекистон рассомлари, санъатшунослари ва халқ усталари уюшмаси вакиллари президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид лойиҳалардаги иштироки бўйича ҳисоб бермоқда. Озодликка маълум бўлишича¸ ҳамкорлик қилган ҳунарманд усталарнинг сўнгги бир йиллик фаолиятини солиқ идоралари текширмоқда.


Ўзбекистондаги ҳунарманд усталардан Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг барча лойиҳалардаги иштирокини тўхтатгани ҳақида тушунтириш хати олинмоқда.

Тошкентдаги Миллий санъат маркази ходимининг исмини айтмаслик шарти билан Озодликка гапиришича¸ усталар Гулнора Каримова билан ҳар қандай ҳамкорликни зудлик билан тўхтатиш ҳақида прокуратурадан кўрсатма олган.

- Усталарнинг “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”, “Bazar-Art” кўргазма-ярмаркаси ëки бошқа лойиҳаларда қатнашиши нолегитим экани бу кўрсатмада аниқ тушунтирилган. Биласиз, Форум фонди ëпилди. Демак ëпилган идора билан усталар ҳамкорлик қилиши мумкин эмас. Ҳунарманд усталар Гулнора Каримова билан бундан буён ўз истагига кўра ҳамкорлик қилмаслиги ҳақида солиқ идораси ва бошқа идораларга ариза ëзиб беришди. Шу аснода усталарнинг Гулнора Каримова лойиҳалардаги иштироки буткул тўхтатилди¸ - дейди суҳбатдош.

Озодлик боғланган “IJOD” Ўзбекистон рассомлари, санъатшунослари ва халқ усталари уюшмаси ҳам Каримовага оид барча лойиҳалардаги иштирокини тўхтатганини билдирди.

Озодликка маълум бўлишича¸ “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси билан ҳамкорлик қилган ҳунарманд усталарнинг сўнгги бир йилдаги фаолияти солиқ идоралари томонидан тафтиш қилинмоқда.

Озодлик боғланган Хива ва Марғилондаги ҳунарманд усталар кейинги бир ҳафта ичида прокуратура ва солиқ идораларидан келган тафтишчилар диққат марказида қолганидан ташвиш билдиришди.

Озодлик суҳбатлашган ва исми айтилишини истамаган хивалик ўймакор уста “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ўз фаолиятини тўхтатганидан кейин текшир-текшир бошланганини айтди.

- Олдин унақа текширув йўқ эди. Солиқчилар ҳам бизни айланиб ўтар эди. Доимо ҳурмат ва эътиборда эдик. Хозир эса солиқчилар келиб: "Нега ҳунармандлик асарларини туристларга долларга сотяпсан?" деб савол-сўроқ қилиб ëтибди, - дейди хивалик ҳунарманд.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ёпилаётгани ҳақида президент қизи ўтган ҳафта ўзининг Twitter саҳифаси орқали маълум қилган эди.

Бундан олдин Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова раислик қиладиган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасида кенг кўламли текширув ўтказилган эди.

Uzbekistan - Gulnara Karimova

Uzbekistan - Gulnara Karimova

Жамғармада Ўзбекистон Прокуратураси ва Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси текширув ўтказганидан кейин унинг ëпилгани эълон қилинди.

Ташкилотнинг Интернет сайтида 21 ноябрь куни эълон қилинган баёнотда Гулнора Каримованинг “мен ўзимни таҳликага қўйишим мумкин, лекин мен учун қадрли бўлганларни хавф остига қўя олмайман”, мазмунидаги сўзлари иқтибос келтирилди. Гап қандай таҳлика ҳақида бораётганини Гулнора Каримова аниқлаштирмаган.

Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилган уста ва ҳунармандларнинг жорий ҳафтада прокуратурага чақирилиб сўроқ қилиниши ва солиқ идоралари тарафидан тафтиш қилиш ҳоллари Гулнора Каримова айтган "таҳлика" ҳақидаги баъзи тасаввурларни беради.

Марғилондаги шоҳи ва адрас тўқувчи кичик корхонанинг исми айтилишини истамаган соҳиби Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримова билан ҳамкорликнинг тугаши нима оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хулосаларини тилга олди.

- Биз “Bazar-Art” кўргазма-ярмаркаси доирасида ҳар йили чет эллик харидорларга ўз маҳсулотларимизни сотар эдик. Ҳозир бу имкониятдан маҳрум бўлдик. Қолаверса, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳунарманд сулолаларга ажратилган мунтазам грантларидан ҳам махрум бўлдик. Шойи ëки адрас тўқиш учун ипак ва табиий бўëқлар билан ҳам бизни Форум фонди таъминлаб келган. Ҳозир бу таъминот тўхтади. Ипак толасини Ўзбекистонда сотиб олишнинг қонуний бир йўли йўқ. Ипак бўлмаса, газлама ҳам тўқилмайди. Бундан келиб чиқадиган хулоса дўкон ëпилади, - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик журналист Жасур Ҳамроев 10 йил фаолият олиб борган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”нинг ўзбек ҳунармандлик санъатини ривожлантиришга ҳисса қўшганини билдириб¸ бу соҳа энди ривожланмай қолади деган гапни ҳам айтди.

Ўзбекистонлик рассом Даврон Йўлдош эса ҳунармандчилик ривожи бир шахс ҳимматига қараб қолмаслиги ва қолаверса, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг вазифаларидан бири ҳунармандчилик ривожига кўмаклашиш эканини айтди.


.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG