Линклар

logo-print

ФМС Россиядан депортация қилинганлар учун онлайн хизматни ишга туширди


Россия ҳукумати миграция қонунчилигини кучайтиргани боис муддати битган миграция картаси, норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ёки ҳар қандай бошқа маъмурий ҳуқуқбузарлик бундан буён муҳожирнинг мамлакатга киритилмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Россияга кириш ман этилган ўзбекистонликлар сони кўпаяётган бир даврда Федерал миграция хизмати депорт қилинганлар учун онлайн хизматни ишга солди.

Россия ҳукумати миграция қонунчилигини кучайтиргани боис муддати битган миграция картаси, норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ёки ҳар қандай бошқа маъмурий ҳуқуқбузарлик бундан буён муҳожирнинг мамлакатга киритилмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Россияга кириш ман этилган ўзбекистонликлар сони кўпаяётган бир даврда Федерал миграция хизмати депорт қилинганлар учун онлайн хизматни ишга солди.


“Нима учун депорт қилинганимни тушунтиришмади!”


Тошкентлик Наргиза Пардаева жорий йилнинг октябр ойида Россияга киритилмаган минглаб ўзбек муҳожирлардан биридир.

Озодлик билан суҳбатда у қўлида 2015 йилгача яшаш рухсатномаси бўлиши, ҳеч қандай қонунларни бузмаганига қарамасдан Россиядан депортация қилинганини гапиради.

- Мен РВП босилган паспортимни йўқотиб қўйганим учун Ўзбекистон ҳудудига чиқиб келишга мажбур бўлдим. Ўзбекистонга бориб икки ой деганда зўрға паспорт олиб фарзандим билан қайтиб келдим. Октябр ойи 2013 йилда самолётимиз Шереметьево аэропортига қўнди, лекин таможня ходимлари бизни чегарадан ўткизишмади. Рейсимиздан 6 кишини қолдиришибди - 2 аёл 4 эркак. Уларнинг ҳам қўлида янги Ўзбекистон паспорти бор эди, - дея эслайди депортация қилинган Наргиза Пардаева.



Унинг сўзларига кўра, Россия чегара ходимлари ўта қўпол тарзда ҳеч қандай ортиқча тушунтиришларсиз депортация қилинганини хабар қилган.

- “УФМСнинг қарорига кўра ҳар бирингиз миграция учётини бузгани учун маълум вақтгача Россия территориясига киритилмайсизлар”, деди. Мен РВП борлигини айтсам, “Жуда яхши бўлибди!” дейишди. “Қанақасига менда РВП бўла туриб Россия миграция қонунчилигини буздим? Бўлмаган гап-ку!” десам, “Менинг қўлимда қарор бор!” деди. Кимгадир 2016 йилгача, кимгадир 2018 йилгача – ҳаммамизга ҳар хил вақт айтди. Ўша орамизда иккита йигит умрида биринчи маротаба кириб келяпти экан! “Биринчи маротаба кириб келаётган бўлсам, қандай қилиб миграция учётини бузаман?!” деб ҳайрон бўляпти улар ҳам. Менга 2016 йилнинг сентябр ойигача кириш ман қилинишини айтишди, - дейди кимга мурожаат қилиш ва нима асосда депортация қилинганини ҳанузгача аниқлай олмаётган тошкентлик Наргиза Озодлик билан суҳбатда.

Россиядан депортация қилинганлар учун онлайн хизмат очилди

Россия ҳудудидан депортация қилинган муҳожирлардан тушаётган арз-шикоятлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Биргина Москва ФМС бўлимлари кунига юзга яқин муҳожирни қайтариб юбораётгани маълум.

Айниқса, Россия чегарасидан ортга қайтарилаётганлар аксарини ўзбеклар ташкил этмоқда.

Россия ФМС расмий хабарига кўра, бугунга қадар йил давомида 380 мингдан зиёд фуқарога Россия Федерациясига кириш таъқиқланди. Миграция идораси расмийлари депорт қилинганларнинг аксари Россия ҳудудида яшаш муддатини бузганлар ташкил этаётганини маълум қилди.

Айтиш жойизки, шу йилнинг сентябр ойида Россия Миграция идораси 200 минг одамга мамлакатга киришни чеклаганини хабар қилган эди. Бундан чиқди, ўтган икки ой давомида депортация қилинган мигрантлар сони деярли икки баробарга кўпайган.

Россия Марказий банкининг хориж фуқароларини қайдга олиш маълумотлар базасига кўра, мамлакатдан депортация қилинганларнинг 60 фоиздан ортиқроғини Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ташкил этди.

Кремль тўланмаган жарима, ноқонуний меҳнат фаолияти, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ёки қайдга туриш муддатини бир кунга кечиктириш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун хориж фуқароларига Россия эшикларини ёпиб қўйиш бўйича миграция сиёсатини кучайтириш амалиётини давом эттирмоқда. Жорий йилнинг июл ойида Россия президенти Владимир Путин миграция қоидаларини янада қаттиқлаштирувчи қонунларга имзо чеккан эди.

Бу орада Россия Федерал миграция хизмати сайтида янги хизмат тури очилди. Эндиликда ҳар бир хорижлик бу хизмат воситасида ўзининг Россияга кириши мумкин ёки мумкин эмаслигини текшириб кўриши мумкин.

380 мингдан ортиқ одамнинг маълумотлари киритилган бу маълумотлар базаси муҳожирларнинг ортиқча сарф-ҳаражатларини камайтириш учун қилинган, дейди журналистлар олдида қилган чиқишида Россия ФМС директори Константин Ромодановский.

- Россия ҳудудида яшаши Федерал миграция хизмати нуқтайи назаридан қонуний ёки ноқонунийлигини текшириш учун биз янги хизматни йўлга қўйдик. ФМС сайтида ҳар бир фуқаро ўзини текшириб кўриши мумкин. Бу маълумотлар сайтимизнинг “Информационные сервисы”бўлимида жойлаштирилган, дея маълум қилди Константин Ромодановский.

ФМС раҳбари маълумот олиш учун муҳожир исми-шарифини тўғри киритиши кифоялигини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда, 26 ноябр куни Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларини кўнгилли тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш масаласини Россия Давлат Думаси муҳокамасига олиб чиқди. 19 ноябр куни эса “Справедливая Россия” партияси депутатлари шаҳар ва туман муниципал ҳокимиятларга мигрантлар устидан назорат қилиш ваколатини топшириш таклифини илгари сурди.

Миграция маъмурлари Россияда 3,5 миллион муҳожир ноқонуний тарзда яшаб меҳнат қилиб келаётгани тўғрисида тахмин қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG