Линклар

Қирғизистонда Ўш шаҳри нобарқарорлик ўчоғи бўлиб қолмоқда. Бундай хулосага келган экспертлар фикрича, мазкур ўчоқдан сиёсий курашда фойдаланилади, чунки ҳозирча ҳукумат ва оппозиция муросага келмоқчи эмас.

Ўшдаги нобарқарор вазият мухолифат лидери Ахматбек Келдибековнинг коррупцияда айбланиб қамоққа олиниши ва Ўш шаҳар мэрини сайлаш муддати яқинлаб қолгани билан изоҳланмоқда.

Қирғизистонлик экспертлар матбуотда қилган чиқишларида ҳукумат 2010 йилдаги қирғиндан бери истеъфога чиқара олмаётган Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовни “йиқитиш” учун қатъий ҳаракат бошлаганини айтмоқдалар.

Қирғизистон ҳукумати Ўш қирғини даврида шаҳарни бошқарган Мелис Мирзақматовни лавозимидан бўшатиш учун бир неча бор ҳаракат қилган ва бу ҳаракатлар самарасиз якунланган эди. Сўнгги марта бундай ҳаракат ўтган йилнинг баҳорида Ўш шаҳар кенгашига сайловлар даврида қўлланилди. Аммо шаҳар кенгашига сайловда ҳукумрон партияларнинг мағлубиятга учраши ва кенгашдаги асосий ўринларни Мелис Мирзақматовга мансублиги айтилаётган “Улуттар биримдиги” партияси эгаллаши мэрнинг ҳокимиятдаги “умрини узайтириш”га сабаб бўлди.

Ҳукумат яқин кунларда ўтказилиши айтилаётган Ўш мэри сайловида реванш олишга ҳаракат қилмоқда. Лекин Ўш шаҳри мэри лавозими учун ҳукмрон Социал демократлар партиясидан ташқари айни пайтда ҳукуматга мухолифатда бўлган “Республика” партияси нинг ҳам кураш олиб бориши эътиборга олинса, сайлов пайтида овозлар бўлиниб, Мелис Мирзақматовнинг “тахтда” қолиш эҳтимоли кучаяди.

Мелис Мирзақматов эса вазиятдан фойдаланган ҳолда Ўшда намойиш ўтказаётган Ахматбек Келдибеков тарафдорларини ўз томонига оғишига муваффақ бўла олди. Унинг 3 минг киши йиғилган Ўшдаги митингда сўзлаган нутқи Келдибеков тарафдорларининг катта олқишига ва меҳр-муҳаббатига сазовор бўлди:

-Келдибековнинг қамалиши коррупцияга қарши кураш эмас. “Қирғизгаз”ни парламентдаги 65 депутат бир долларга Россияга сотди. Коррупция деб мана шуни айтадилар. “Қумтор” олтин конини миллийлаштирилишига, уни халқ фойдасига ишлашига тўсқинлик қилишмоқда. Мана шу коррупция. Ҳукуматга қарши гапирганларни, ҳукуматни танқид қилганларни қамаш эса коррупцияга қарши кураш эмас, -деди Мелис Мирзақматов 2 декабрда Келдибеков тарафдорлари орасида сўзлаган нутқида.

Мирзақматовнинг нутқи ҳукуматнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Бош вазир Жонтўра Сотиболдиев Мирзақматовни танқид қилиб, уни қонун доирасидан ташқарига чиқмасликка чақирди. Ўшдаги митинг юзасидан эса Ички ишлар вазирлиги бир нечта жиноят ишларини очди.

Президент Атамбаевнинг Ўшдаги митингга муносабати ҳукумат ва мухолифат яқин ўртада муросага кела олмаслигига яна бир далил бўлди:

-Қарияларни, ногиронларни тўнаганлар ҳимояси учун йўлларни тўсиб, митинг ўтказаётган одамларга хайрон қоласан. Улар ўғрилар замони яна қайтишини истаяптиларми? Коррупция билан ҳамма жойда курашиш керак. Коррупцияга қарши кураш “Менинг қариндошим, менинг ҳамқишлоғимга таъсир кўрсатмаслиги керак”, деган ғояга мен мутлақо қўшилмайман, -деди президент.

Айни пайтда мухолифат коррупцияга қарши кураш фақат мухолифларга нисбатан бўлаётганини иддао қилмоқда. Бугунги кунда коррупцияда айбланиб қўлга олинганларнинг асосий қисмини мухолифат вакиллари ташкил қилишини ҳам рад этиб бўлмайди.

Мухолифат президент Атамбаев мансуб бўлган Социал демократлар партияси лидери Чинибай Турсунбеков Бишкек ароқ заводини, “Капиталбанк”ни ноқонуний ўзлаштириб олгани, Бош вазир ўринбосари Тайирбек Сарпашевга мансуб “Градиент” ширкати давлат тендерларини ноқонуний тарзда ютиб олганини иддао қилиб, бу шахслар жазога тортилса,коррупцияга қарши кураш адолатли ва самимий олиб борилаётганига ишонишларини айтмоқдалар.

Бундай иддаолардан сўнг Бош прокуратура Бишкек шаҳар мэри Иса Ўмурқуловга қарши шаҳар ерларини ноқонуний тарзда сотиш айблови билан иккита жиноят иши очди. 4 декабрь куни эса мазкур айбловлар ортидан Иса Ўмурқулов ўз лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG