Линклар

Тошкентда “ЭРК” партияси қурултойи ўтказилишига йўл берилмади, икки делегация вакиллари бедарак йўқолди


Ўзбекистон “ЭРК” демократик партиясининг 3 декабр кунига белгиланган қурултойида қатнашиш учун Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан йўлга чиққан делегация пойтахтга етиб келмади. Партия раҳбари Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда “ЭРК” аъзолари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланиб номаълум жойда сақлаб турилгани тахмин қилинаётганини айтди. Кворум тўпланмагани сабабли “ЭРК” қурултой бекор қилинди.



Ўзбекистон “ЭРК” демократик партиясининг 2013 йилнинг 3 декабр куни Тошкентда ўтказилиши режаланган 6-қурултойида қатнашиш учун Сурхондарёдан йўлга чиққан делегация бедарак йўқолди.

Бу ҳақда 4 декабрь куни Озодликка “ЭРК” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ маълум қилди.

- Ўтган куни (2 декабрь-таҳр.) Шуҳрат Самиев бошчилигидаги делегация учта машинада, Дамас, Нексия ва битта таксида йўлга чиққан. Дамасда шафёр билан саккиз киши, жумладан, Шуҳрат Самиевнинг ўзи бўлган. Улар ўтган куни йўлга чиқиб кеча қурултойга етиб келиши керак эди. Бугунгача улардан ҳеч қандай хабар йўқ. Телефонлари ўчган,- деди Муҳаммад Солиҳ.

“ЭРК” раисининг айтишича, қурултойда қатнашиш учун Тошкент вилоятидан йўлга чиққан делегациядан ҳам дарак йўқ.

- Мирзаанвар Ҳамидов бошчилигидаги Тошкент областидан бўлган 10 кишидан иборат делегациядан ҳам бугунгача ҳеч қандай хабар йўқ. Телефонлари ўчган. Уларни ҳам, тахмин қиляпмиз, ҳибсга олиб икки суткадан бери қаердадир ушлаб туришибди, деди Муҳаммад Солиҳ.

“ЭРК” партиясининг Сурхондарё бўлими раҳбари бўлган Шуҳрат Самиев ва партиянинг бошқа аъзоларини транспорт билан таъминлаган ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган тадбиркор Озодлик билан суҳбатда Термиз шаҳридан пойтахт томон Дамасда йўлга чиққан эркчилар билан алоқа узилиб қолгани ва ҳозирда уларнинг қаерда экани номаълум эканини айтади.

- Охирги марта гаплашганим, 2 декабрдан 3 декабрга ўтар кечаси соат тўққизларда Шуҳрат Жиззахга етиб бордик деб телефон қилди. Тошкентга бориб кейин эрталаб сизга телефон қиламиз деб айтувди. Шу билан дом дараксиз йўқ. Билмайман қаерга кетган. Уйига қўнғироқ қилиб хотини билан гаплашдим. Хотини милиция билан маҳалла раиси келиб Шуҳрат ака Самиев қаерда деб суриштириб ётибди. У киши битта Дамас ва иккита Нексия билан кетган эди, деди сурхондарёлик тадбиркор.

2013 йилнинг 3 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон «ЭРК» демократик партиясининг 6-Қурултойи ўтказилиши режаланган эди.

Муҳаммад Солиҳга кўра, қурултойга 12та вилоятдан 70 нафар делегат таклиф қилинган. Бироқ кворум тўпланмагани сабабли “ЭРК” партияси қурултойи ўтказилмаган.





Ҳозирда “ЭРК” аъзолари ўз партиядошларини қаердалигини аниқлаш борасида суриштирув олиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG