Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:55

Швецияда яна бир ўзбек оиласидан фарзандлари олиб қўйилди


Швецияда бошпана топган яна бир ўзбекистонлик қочқиннинг тўрт фарзандини ижтимоий ҳимоя идоралари уларнинг қўшниларидан тушган шикоят асосида вақтинча швед оилалари қарамоғига топширди.



Швеция шимолидаги Тимро шаҳрида яшовчи ушбу ўзбек оиласи хонадонида якшанба куни бақир-чақир овози эшитилгани, ота-оналари фарзандларига дўқ қилгани ҳақида қўшнилари полицияга арз қилган.

Шундан сўнг полиция ўзбекистонлик эр-хотинни сўроққа олиб кетган, уларнинг уч қизи ва бир ўғлини швед оилалари қарамоғига топширган.

Агар, ота-оналарининг қўпол муносабатда бўлгани тасдиқланса, Швециянинг ижтимоий ҳимоя идоралари бу оиланинг фарзандларини бутунлай олиб қўйиши тайин.

Тимро шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик қочқин Тўлқин Қораевнинг айтишича, Швецияда ҳар қандай бола учун биринчи ғамхўр - давлат ҳисобланади. Агар болага қандайдир зулм ўтказилиши ёки уларнинг эркига халақит берувчи тақиқлар қайд этилса, давлат болани ота-онасидан олиб қўяди.

- Ёш бола "отам ёки онам мени уряпти, кечқурун сайрга чиққани қўймаяпти", деб айтдими, шу - болани тортиб олиш учун бу етарли асосдир. Боланинг биринчи эгаси бу ерда давлатдир,- дейди Тўлқин Қораев.

Бу Швецияда ўзбек оилаларидан фарзанди олиб қўйилиши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас.

Швецияда яшайдиган ўзбекистонлик қочқинлар сўнгги етти йил ичида шунга ўхшаш камида бешта ҳолатни эслашади.

Швециянинг Тимро шаҳрида ишлайдиган ўзбек қочқинининг учта фарзанди бундан тўрт йил аввал ижтимоий ҳимоя идоралари тарафидан тортиб олинган эди.

Ўз исмини айтмаслик шарти билан гапирган ўзбекистонлик қочқин фарзандларининг олиб қўйилишини шундай эслайди.

- Қўшнилар шикоят қилган экан, отаси доим жанжал чиқаради деб. Кейин мактабда руҳшунослар билан болаларимни сўроқ қилишибди. Шундан сўнг мактабдан олиб кетишди. Икки ой судлашиб қайтариб олдик. Унгача фарзандларим бошқа оилада яшаб туришди. Тез-тез бориб хабарини олиб турдик. Ҳозир шу фарзандарим катта бўлишган, ёнимда,- дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик қочқин.

Швециянинг Линчёпинг шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик қочқин Раҳматулло Алибоев эса қанчалик судлашмасин 15 ёшли яккаю-ягона ўғли Шоҳруҳни швед ҳукумати қайтариб бермади.

Шоҳруҳ "мактабга яхши қатнамаётгани, соғлиги ва ривожланиши хавф остида эканлиги, онаси унга етарли тарбия бермаётгани" борасида тушган шикоятлар асосида ижтимоий ҳимоя идоралари қарамоғига топширилган эди.

Алибоевнинг ўғли Шоҳруҳ июн ойидан буён Швеция ижтимоий ҳимоя идоралари қарамоғида қолмоқда.

Норвегияда ҳам сўнгги ўн йил ичида бир нечата ўзбек оиласидан фарзандлари тортиб олинди. Осло шаҳрида яшайдиган ўзбекистонлик Абдулла Абдураззоқовнинг айтишича, келаётган янги муҳожирлар ўз мамлакатларида одатий ҳол бўлган анъаналар доирасида ўз фарзандалрига нисбатан муносабатда бўлишади.

- Ўзбекистонда фарзандига дўқ қилиш, уни уриш оддий ҳол, бу ерда ота-она ўз боласига қаттиқроқ оҳангда ҳам гапиришга ҳаққи йўқ,- дейди Абдураззоқов.

Швециянинг Гётеборг шаҳрида жойлашган Скандинавия мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита болалар оилаларидан олиб қўйилишига қарши кўп йилдан бери курашиб келади.

Ушбу қўмита раҳбари, швециялик юрист Руби Харролд-Клёссон Озодлик билан суҳбатда биргина Швецияда йилига 20 мингдан зиёд бола оиласидан тортиб олинишини айтади.

- Бу қадимдаги қул савдоси дегандай гап. Илгари европаликлар Африкадан одам олиб келиб сотишган бўлса, ҳозир Швецияга келган мухожирлар ва ҳатто швед оилалари фарзандларини тортиб олишяпти. Бола ота-онасидан тортиб олинар экан бу боаларга руҳий травма бўлади. Ота-оналар қўпол муносабат қилади, деб оиласидан тортиб олинган болалар бундан-да баттар аҳволга тушиб қолгани, қабул қилиб олувчи ота-оналари тарафидан зўрлангани ҳолатлари ҳам кўп бўлган,- дейди Руби Харролд-Клёссон.

Ҳозирда Тимро шаҳридаги швед оиласида вақтинча яшаётган ўзбек оила фарзандларидан бири ота-онаси уларни ҳеч қачон урмагани ва ўз ота-онаси бағрида бўлишни хоҳлашини айтади.
XS
SM
MD
LG