Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:38

Кутилаëтган амнистиянинг қоронғу тарафи


Ўзбек қамоқларидаги диний маҳбуслар 2003 йилги амниястиядагина авф қилинган.
Ўзбек қамоқларидаги диний маҳбуслар 2003 йилги амниястиядагина авф қилинган.

Конституция куни муносабати билан чиқадиган амнистия ижроси устидан назорат қилинмагани боис кўп ҳолларда коррупционерлар учун қўшимча даромадга айлантирилгани юзасидан хавотирлар янграмоқда. Айни пайтда ҳукуматнинг "қора рўйхати"да бўлган маҳбусларнинг амнистияга тушмаслиги учун ҳозирдан тайёргарлик кўрилаëтгани билдирилди.



Ўзбекистон Олий мажлиси Сенатининг 8 декабрь - Конституция куни муносабати билан амнистия актини қабул қилиши кутилмоқда.

Баъзи тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Олий Мажлиси юқори палатаси конституция кунига аталган амнистия масаласини 6 декабр кунги пленар йиғилишида кўриб чиқади.

Бу амнистияни кимдир умид билан, кимдир хавотир билан кутмоқда, дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов:

- Бу амнистиянинг ижроси устидан назорат қилинмагани боис кўп ҳолларда коррупционерлар учун қўшимча даромадга айлантирилган. Жазони ижро қилиш тизими атрофидаги корупционерлар бу амнистия қабул қилинишини интиқлик билан кутмоқда, десак бўлади. Яъни¸ даромад келадиган манба сифатида. Амнистиянинг қоронғу тарафи сифатида иши ҳали судга оширилмаган жиноятчиларни оқлаш тизимини айтмоқчи эдим. Масалан, бир товламачининг иши атайлабдан судга оширилмасдан чўзиб борилади. Пировардида бу жиноий иш амнистия боис ëпиб юборилади. Бунинг ëмон тарафини айтсак, биринчидан, жиноят жазосиз қолади ва кўп ҳолларда жабрланувчи кўрган зарар қопланмайди,- дейди Шуҳрат Рустамов.

Рустамов айтган ҳолатни Озодликка Сирдарëдан қўнғироқ қилган ва ўзини жабрланувчи, деб атаган 50 ëшдаги тадбиркор Акрам Ҳилолов гапириб берди:

- Мендан биттаси 15 минг доллар қарз олиб бермайман, деб туриб олди. Кейин мен унинг устидан милицияга шикоят бердим. Уни уч ой қамаб қўйишди. Кейин ишини судга ҳам оширмасдан амнистияга тушириб озод қилишди. Оқибатда 15 минг долларга куйиб қолдим. Мана эрта индин 8 декабрь куни яна амнистия эълон қилинади. Менга ўхшаганларни қақшатганлар жазо олмасдан амнистияга тушиб озод қилинаëтганидан ташвишдаман,- дейди Акрам Ҳилолов Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик тасарруфидаги мавжуд маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти Иштиҳон туманидаги почта бошлиғи 42 нафар пенсионернинг нафақа ва бошқа маблағларини ўзлаштирганликда айбланиб, прокуратура тарафидан тергов қилинмоқда.

Бу ҳақда маълумот берган манба иддаосига кўра, Иштиҳон прокуратураси пенсионерлар пулини ўзлаштирган мулозимни амнистияга тушириб, жавобгарликдан озод қилмоқчи.

Озодлик билан суҳбатлашганларнинг айтишича, амнистиянинг бундай мақсадларда “ишлатилиши” фуқароларнинг адолатга бўлган сўнгги ишончини ҳам сўндирмоқда.

Милиционерлар ҳам хурсанд эмас

Тошкент мавзеларида участка нозири бўлиб ишлаëтган оддий милиционерлар ҳам амнистияни севиниб қаршилаëтгани йўқ.

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида милиция нозири бўиб ишлайдиган ва ўзини Комил деб таништирган милиционер Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда амнистиядан кейин мавзеда майда жиноятчилик кўпайишидан хавотирини билдирди.

Суҳбатдошга кўра¸ амнистия боис озод бўлган майда безорилар яна жиноят устида қўлга олиниб, қамоқдаги чорпояларига қайтарилиши ҳар йили кузатилади.

"Аммо оралиқдаги вақт ичида улар маҳалла тинчини бузишга улгуришади. Машиналар ичидаги электроник ускуналар ва машина ғилдиракларини ўғирлаш борасида сигналлар кўпаяди", дейди милиция нозири.

Амнистиядан мосуволар

Ўзбекистонда диний-сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларнинг оилалари бесамар бўлса ҳам¸ ҳар йилгидаги каби авфдан умид қилишаётганини Озодлик билан суҳбатда айтиб келишади.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Рустамов эҳтимолий амнистиянинг сиёсий маҳбусларга нисбатан қўлланишига шубҳа қилади.

- Мендаги мавжуд маълумотларга кўра, сиëсий айблов билан қамалган ва ҳукуматнинг "қора рўйхати"да бўлган маҳбусларнинг амнистияга туширилмаслиги учун ҳозирдан тайргарлик бор. Масалан, бундай маҳбуслар колония ички тартибини бузишда айбланиб, жазо изоляторларига ташланган,- дейди Шуҳрат Рустамов

Суҳбатдош Ўзбекистон қамоқларидаги сиëсий айблар билан жазо ўтаëтган 13 нафар ҳуқуқ фаоли¸ хусусан, Солижон Абдураҳмонов¸ Аъзамжон Турғунов¸ Мурод Жўраев ва Муҳаммад Бекжонларнинг амнистиядан доимо мосуво эканлигини айтади.

Ўзбекистон тарихида сиёсий маҳбусларга нисбатан амнистия оммавий равишда фақат бир марта, 2003 йилда қўлланилган.

Ўшанда 3000 маҳбус, жумладан, 391 нафар диний-сиёсий айблар билан қамалганлар озодликка чиқарилган эди.
XS
SM
MD
LG