Линклар

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маҳкамаси 19 ўзбек қочқинининг “ўта ноинсоний шароитларда” Туркиядан Эронга депортация қилингани учун Анқара ҳукуматини 190 минг евро миқдорида жаримага тортди.


Франциянинг Страcбург шаҳридаги маҳкама Туркияга ҳар бир ўзбекистонлик қочқин учун 10 минг евролик жарима солди ва уларга етказилган моддий зарарни қоплаш учун шу қочқинларнинг ҳар бирига қўшимча 3350 евро миқдорида пул тўлаши керак, деган қарорни чиқарди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маҳкамаси қарорида таъкидланишича, Туркия ҳукумати 2008 йилда тўрт оиладан иборат 19 ўзбекистонлик қочиннинг Эронга депортация қилинишига жавобгардир.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева шу 19 ўзбекистонлик қочқин иши бўйича шуғулланиб келган.

Отаеванинг айтишича, асосан аёллар ва ёш болалардан иборат ўзбекистонлик қочинлар олти йил аввал, совуқда Туркия ва Эрон орасидаги тоғли ҳудуддан ўтадиган 10 километрлик йўлни пиёда босиб ўтишга мажбур бўлган.

- Туркиянинг нотўғри қароридан асосан ёш болалар ва аёллар жабр кўрди. Улар орасида бир эмизикли бола ва ҳомиладор аёл ҳам бор. Улар кузда депортация қилиндилар, ўшанда тоғни қор босган эди. Бу қочқинлар Туркиядан депоратция қилинганларидан сўнг совуқда, чегарадаги тоғли ҳудудда қолиб кетишди. Уларни соғлигига зиён етди,- дейди Надежда Отаева.

Ушбу қочқинлар ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўрталарида Ўзбекистондан қочишга мажбур бўлганликлари айтилади. Улар дастлаб Тожикистонга, кейин Афғонистонга ўтишган.

Улар 2001 йилда АҚШ Афғонистонга қарши ҳужумларини бошлаши ортидан Афғонистонни тарк этиб, Покистон орқали Эронга қочганлар.

Эронга ўтган ўзбекистонлик қочинларга БМТ Қочқинлар идораси расмий қочоқ мақомини берган эди.

2007 йилнинг сентябр ойида 19 ўзбекистонлик Эрондан қўшни Туркияга қочиб ўтишади. Туркияда бир йил яшаган бу қочқинлар 2008 йилда Туркиядан Эронга депортация қилинади.

- Аслида бу қочқинларни Туркия икки марта депортация қилган. Сентябр ойида депортация қилинганларидан сўнг улар яна Туркияга қайтиб келишганди. 2008 йилнинг октябр ойида улар яна турк полицияси тарафидан ушланиб, Эронга ҳайдалади,- дейди Отаева.

Бу қочқинлар Афғонистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларида жанг қилганларнинг қариндошлари, деган иддаолар ҳам бор.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева бу иддаоларда асос йўқ эканини айтади.

- Биз бир нарсани биламиз. Мен шахсан шу қочқинлар билан суҳбатлашганман. Биз эга бўлган маълумотга кўра, Фарғона водийсидан бўлган бу қочқинлар Абдували қори масжидига борганликлари учун таъқибга учраганлар ва кейин Ўзбекистондан қочиб кетишга мажбур бўлишган,- дейди Отаева.

2008 йилда Туркиядан Эронга депортация қилинган бу 19 қочқиннинг қаердалиги уларнинг хафсизлиги нуқтаи назардан сир тутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG