Линклар

Украина мухолифати ҳукумат истеъфоси талаби билан намойишларни давом эттирмоқда


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров хориж давлатларини Украинадаги сиёсий бўҳронга аралашмасликка чақирди. Лавров НАТО ташқи ишлар вазирларининг вазият хусусида муносабат билдирганини мантиқсиз, дея баҳолади. Укриананинг ўзида мамалакат ҳукуматининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзоламаслик қарорига қарши оммавий норозиликлар давом этмоқда. Чоршанба куни Украина бош вазири мухолифатни қарама-қаршиликни авж олдирмасликдан огоҳлантирди.




Украина пойтахти Киевда евроинтеграция тарафдорлари ҳукумат бинолари олдида норозилик намойишларини давом эттирмоқда. Украина ҳукуматининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзолашдан воз кечиши ортидан юзага келган қрама-қаршилик авж олишда давом этмоқда.



Бу масала чоршанба куни Брюсселда НАТО билан Россия музокаралари мавзуларидан бирига айланди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинада юзага келган сиёсий бўҳрон мамлакатнинг ички иши эканини таъкидлаб, НАТО вакиллари Киев мухолифат намойишини куч билан бостиргани юзадан муносабат билдириши сабабларини тушуна олмаётганини пичинг қилди.

- Биз буни Украинанинг ички иши деб ҳисоблаймиз. Мен мухолифатнинг анча агрессив ҳаракатлари кўламини тушуна олмаяпман. Мен Украина сиёсатчилари вазиятни конститутция доирасига қайтара оладилар, деган умиддаман. Бизнинг позициямиз шундан иборат ва барчани бу вазиятга аралашишдан тийилиб туришга чақирамиз, дейди Сергей Лавров.



НАТО Бош котиби Андерс Фог-Расмуссен чоршанба куни барча томонларни босиқлик ва мулоқот қилишга чақирди.

Украина пойтахти Киевда кейинги бир ҳафта давомида президент Виктор Януковичнинг Европа Иттифоқи билан ассоциацияга кириши тўғрисида битимни имзолшдан бош тортганига қарши оммавий норозиликлар тўхтамаяпти. Бу битимга Россия қарши чиқмоқда.

Битим имзоланиши кутилган 28-29 ноябрь кунлари Вильнюсда ўтказилган ЕИ саммитидан бир неча кун аввал қабул қилинган қарор Украинада 2004 йилги Зарғалдоқ инқилобидан бери энг йирик намойишларни келтириб чиқарди. ўтган ҳафта охирида Киев кўчаларига 350 мингдан ортиқ одам чиқди.

Чоршанба куни Москвада Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Украина Бош вазири ўринбосари Юрий Бойко билан учрашув пайтида Москва Украинада “барқарорлик ва тартиб” ҳукм суришини исташини таъкидлади.

Бойко Москвага иқтисодий ҳамкорлик, жумладан Россия гази нархини арзонлаштириш масаласини муҳокама қилгани борди.

Киевда эса Украина Бош вазири Микола Азаров мухолифатни сиёсий қарама-қаршиликни авж олдиришни тўхтатишга чақирди.

- Ҳеч қандай конструктив режаси бўлмаган муайан сиёсий кучлар кўча норозиликларини, жумладан зўравонликлар, ноқонуний тарзда ҳукумат биноларининг эгаллаб олиниши ва давлат идораларини блокада қилишни бошқармоқда. Бу жиноятдир. Мен ўзларини кўча норозиликлари етакчилари, деб атаётганлардан “Бу жиноятлар учун ким жавоб беради”, деб сўрамоқчиман. Ўзларини етакчи деб атаётганларни одамлар ортига яширинмасдан, бунинг учун ким жавоб беришини очиқ айтишга чақираман, деди Украина ҳукумати раҳбари.

Сешанба куни парламентда бош вазир Микола Азаров ҳукуматига ишончсизлик билдириш масаласи овозга қўйилди, лекин бу ташаббус кўпчилик депутатлар тарафидан маъқулланмади. Шунга қарамасдан, мухолифат ҳукумат истеъфосини талаб қилишдан воз кечмаслигини айтмоқда.

Украинанинг собиқ президенти Виктор Юшченко Россиянинг "Дождь" телеканалига берган суҳбатида Азаровни “обўъси борлигида” истеъфога кетишга чақирди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри мухолифатни ёқлаб, Украина ҳукуматини “ўз халқининг эркинлик, имконият ва равнақ шароитида яшаш истагига қулоқ тутишга” чақирди.
XS
SM
MD
LG